2025 йил 25 март куни “Ўзбекгидрогелогия” давлат муассасасида “Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Тадбирда "Ўзбекгидрогеология" давлат муассасаси ва унинг таркибидаги дала гидрогеология экспедициялари, Давлат геологик мониторинг хизмати ходимлари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини “Ўзбекгидрогелогия” давлат муассасаси директори Шерали Йўлдашев кириш сўзи билан очиб, давлат муассасасида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот берди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида коррупцияга қарши Ички назорат бўлими ташкил этилганлиги ҳамда унинг асосий вазифаси тизимдаги коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқиш, шунингдек давлат муассасасининг барча ходимлари ўртасида профлактик-тушунтириш ишларини олиб бориш, коррупция хавфи мавжуд бўлган ҳолларда уни бартараф қилишдан иборатлигини таъкидлади. Шу билан бирга, давлат муассасасида коррупцияга қарши курашишга қаратилган ички меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалар, жумладан “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати", "Одоб-ахлоқ кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” ва шу каби 10 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинган. Гидрогеология давлат ва геологик мониторинг хизмати соҳаларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, кадрларни танлашда коррупциявий омилларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш амалиётига тизимли превентив чораларни кучайтириш ва соҳадаги билимларни узлуксиз ошириш мақсадида ISO 37001:2016 халқаро стандарти талаблари босқичма-босқич амалиётга тадбиқ этилмоқда. Бундан кўзлаган асосий мақсад амалдаги қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда давлат муассасаси тизимидаги ҳар бир бўлим, экспедициялар раҳбарлари ва ходимлари коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва унга чек қўйиш учун масъул эканликларини англаб етишлари зарурлиги, эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида ўз вақтида хабар бериши лозим эканлигига урғу берилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов – “Коррупция омиллари ва уларни олдини олиш чоралари” мавзусида маъруза қилди.
Маърузада таъкидланганидек, жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, хусусан, коррупцион жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича долзарб масалалар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб берилди. Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётганлиги қайд қилинди. Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланиши, шу боис ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилган. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини таъкидлаб, – “Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак”, – деган сўзларини давра суҳбати иштирокчилари эътиборига яна бир бор ҳавола қилди.
Маърузачи ҳаётий мисоллар орқали коррупцияга қарши кураш нафақат ҳуқуқий ёки маъмурий чоралар орқали, балки тарбия, маънавият ва оилавий қадриятлар асосида ҳам олиб борилиши кераклигини, бу жараёнда фарзандларни ҳалол луқма билан боқиш ва уларга ҳалол меҳнат орқали ҳаёт кечиришни ўргатиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари коррупцияга қарши ички механизмларни янада кучайтириш ва барча ходимлар ўртасида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириши лозим деган хулосага келдилар.
Мавзуга оид бошқа хабарлар