Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Аждодларимизнинг бой маънавий мероси архив материалларида

Аждодларимизнинг бой маънавий мероси архив материалларида


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Аждодларимизнинг бой маънавий мероси архив материалларида” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, “Ўзархив” агентлиги илмий ходимлари, тарихчи-олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, юртимиз азалдан илм-фан ва маданият бешиги бўлиб келган. Бу ерда яратилган маданий ва маънавий бой мерос нафақат минтақа, балки жаҳон свилизацияси тараққиётида ғоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, уларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилаётир.

Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жадид маърифатпарлари ғояларидан ёш авлод тарбиясида фойдаланиш вазифаси белгилаб берилган. Яъни, қарорнинг “Йўл харитаси”да тадқиқотчилар гуруҳини шакллантириш, инновацион тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илмий-амалий ва инновацион тадқиқот ишлари бўйича муҳокамалар, давра суҳбатлари, амалий семинарлар ўтказиш назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида эса жадид намоёндаларининг бой маънавий мероси, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, ижодини ўрганишга оид илмий изланишларни рағбатлантириб боришни йўлга қўйиш ўз ифодасини топган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жадидчилик тарихини ўрганишда ҳар йили янги архив ҳужжатлари топилмоқда. Ушбу материаллар эса кечиктириб бўлмас илмий изланишларни талаб этади.

Тадбир доирасида Агентлик Президентимиз қарорида белгиланган тарғибот технологияларидан бири – “Мозийга саёҳат” мавзусида депутатлар учун махсус саёҳат тури ташкил этилди.

Ўзбекистон миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан ташкил этилган фото ва ҳужжат кўргазмаси, Ўзбекистон Миллий архивининг Кўргазмалар зали, ҳужжатлар сақловини таъминлайдиган махсус хоналар, архив фонди ҳужжатлари реставрация бўлими, ноёб ҳужжатлар сақловхонаси кўздан кечирилди.

Шунингдек, жадидларнинг бой мероси ва хаёти, уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, ижоди билан таништирувчи кинохроника фильмлари намойиш этилди.

Қайд этилдики, бугунги кунда биргина Ўзбекистон Миллий архивида жадидчиликка оид минглаб ҳужжатлар ўрганилмоқда. 200 дан ортиқ ўз даврининг таниқли маърифатпарварларининг шахсий фондлари, шунингдек, минглаб қўлёзмалар, китоб ва рисолалар, ўша даврни акс эттирувчи ҳужжатлар сақланяпти.

Тадбирда сўз олганлар аждодларимиздан қолган илмий мерос фақатина бизнинг эмас, жамики инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланишини қайд этишди. У келгуси авлодлар учун ҳам донишмандлик ва билим манбаи бўлиб қолиши ҳамда янги кашфиётлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташини билдирди.

Депутатларнинг айтишича, буюк аждодларимизнинг илм-фанда яратган кашфиётлари, янгиликлари ниҳоятда беҳисоб. Бу алломалар жаҳон тамаддунини мислсиз янгиликлари билан бойитган. Шу жиҳатдан, уларнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси ҳаммамиз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши лозим.

Иштирокчилар жадид маърифатпарварларининг оргинал қўлёзмалари билан яқиндан танишар экан, уларни сақлаш ва халқимизга таништириш юзасидан олиб борилаётган ишлар бўйича мутасаддиларга саволлар берди.

Якунда архив ишига доир қарорларда белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишини назоратга олишга келишиб олинди.

www.parliament.gov.uz



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031