Шу мавзуда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Судьялар олий мактаби томонидан халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши раҳбарияти, судьялар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда нафақат Ўзбекистон, балки Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг юқори малакали судьялари, медиаторлар, ҳуқуқшунос олимлар ва таҳлилчилар фаол қатнашди. Улар ўз мамлакатларида медиация институтининг ривожланиш тарихи, ҳуқуқий асослари ва амалиёти ҳақида фикр алмашишди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлуда Хўжаева иштирок этди ва маъруза қилиди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда жамиятда юзага келаётган турли низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, фуқаролар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва суд юкламасини камайтириш йўлида медиация институти муҳим ўрин эгалламоқда.
Бу институт нафақат адолатни таъминлашга, балки инсонлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Медиация институтининг ривожланиши ва амалиётга самарали жорий қилиниши ҳар бир давлатнинг ҳуқуқий тизимидаги очиқлик, шаффофлик ва адолат принципларини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.
БМТ уставининг 33-моддасида медиация низоларни ҳал этиш воситаси сифатида тан олинган. Айни вақтда хорижий тажрибада 70-80 фоиз низолар судгача ҳал этилади. Бизнинг қонунчилигимизда бу жараён 2018 йил 3 июлда қабул қилинган ва 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисида”ги Қонун асосида тартибга солинган.
Мазкур Қонун, ўз навбатида, фуқаролик, меҳнат, оилавий-ҳуқуқий, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларда медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ қилинади.
Конференцияда Қонунчилик палатасида бугунги кунда медиация институтини янада ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш борасида қатор ташаббуслар устида иш олиб борилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Шунингдек, халқаро тадбирда оилавий низоларда медиациянинг афзалликлари, тижорат низоларида мажбурий медиациянинг самарадорлиги, иқтисодий низоларни ҳал этишда медиациянинг ўрни ҳамда медиациянинг ҳуқуқий асослари ва истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Конференцияда медиацияни ривожлантириш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мавзуга оид бошқа хабарлар