2025 йил 1 декабрь куни “Ёшлар ижод саройи”да “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашларининг Республика форуми ўтказилди. Форумда вазирлик ва идоралар вакиллари, жамоатчилик кенгашлари аъзолари, маҳаллий ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва халқаро ташкилотлардан 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Ўтказилган тадбир фуқаролик жамияти институтлари билан давлат органлари ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилди.
Форум “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган бўлиб, тадбирда Европа Иттифоқи, БМТТД ва давлат органлари вакиллари жамоатчилик тузилмаларининг аҳамиятига оид фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Асосий маърузаларда жамоатчилик назоратининг институционал асослари, фаолиятни самарали ташкил қилиш тажрибалари, қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ёритилди.

Тадбир якунида 2025 йил давомида амалга оширган ташаббуслари, очиқлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қўшган ҳиссаси учун бир қатор жамоатчилик кенгашлари “Энг фаол жамоатчилик кенгаши” номинациясида тақдирланди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши жамоатчилик билан тизимли мулоқотни йўлга қўйгани, шаффофликни таъминлаш борасидаги амалиётлари, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтиришга қаратилган ташаббуслари ва йил давомида намоён этган юқори фаоллиги учун тақдирланди.

Мазкур Жамоатчилик кенгаши мамлакатимизда коррупцияга қарши сиёсатнинг самарали амалга оширилишида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва таъсирини кучайтиришга беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилди.
Мавзуга оид бошқа хабарлар