ЮРИДИК ТАЪЛИМГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ: ҲУҚУҚШУНОС ОЛИМЛАР НИГОҲИДА

ЮРИДИК ТАЪЛИМГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ: ҲУҚУҚШУНОС ОЛИМЛАР НИГОҲИДА

Тошкент давлат юридик университетида “Юридик таълимга янгича ёндашув: ҳуқуқшунос олимлар нигоҳида” мавзусида илмий-амалий муҳокама ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Судьялар ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти, Жамоат хавфсизлиги университети, Одил судлов академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш  академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Криминология тадқиқот институти ва олий таълим муассасалари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар  ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, юртимизда юридик таълим сифатини ошириш, юридик таълимнинг замонавий тамойиллари ва устувор йўналишлари, халқаро стандартларга жавоб берувчи юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш, таълим — илм-фан — амалиёт интеграциясини кучайтириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва уларни амалиёт билан уйғунлаштириш, халқаро тажриба асосида юридик кадрлар тайёрлашнинг янги механизмларини белгилаш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мамлакатимиздаги ҳуқуқшунос олимларни бир жойга жамлаган анжуман давомида юридик таълимда фундаментал фанларни ўқитиш, миллий ҳуқуқий қадриятларни талабаларга етказиш, юридик илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, юридик таълим ва илм-фанни мувофиқлаштириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, юридик илм-фаннинг натижадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

              

              Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов “Юридик таълим ислоҳотларининг мазмун-моҳияти: барқарор ривожланиш ва миллий манфаатлар” мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш давлатнинг келажаги, суд адолатининг сифат мезони, жамият ишончи ва барқарор тараққиёт кафолати эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у юридик таълим ислоҳотларининг мазмун-моҳияти — бу назария, амалиёт, технология ва ахлоқни бирлаштирган, миллатнинг ҳуқуқий тафаккурини юксалтиришга қаратилган, барқарор ривожланишга хизмат қилувчи миллий ҳуқуқий мактабни шакллантиришдан иборат эканлигига алоҳида урғу берди. Маърузачи Янги Ўзбекистон келажаги учун ривожланган давлатлар юридик олий таълим соҳасида ўқитилаётган ва ўқитиш режалаштирилаётган қуйидаги юриспруденция йўналишидаги фанларни –  AI Law - Сунъий интеллект ҳуқуқи; Cyber Law- Киберҳуқуқ / Кибер хавфсизлик ҳуқуқи; Data Privacy Law – Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқи; Space Law – Космик ҳуқуқ; ESG Law– ESG ҳуқуқи / Барқарор ривожланиш ҳуқуқи; Environmental & Climate Regulation – Экология ва иқлимни тартибга солиш ҳуқуқи; Biotechnology Law – Биотехнология ҳуқуқи; Digital Government / E-Justice Law –  E-adolat ҳуқуқи; FinTech Law –Молиявий технологиялар ҳуқуқи; Autonomous Vehicles Law –Автоном транспорт воситалари ҳуқуқи (хусусан: автопилот, дрон, автоном автобуслар);  Neuro-Law– Нейроҳуқуқ (мия фаолияти ва ҳуқуқ кесишмаси); Genetic Editing Law – Ген таҳрири (CRISPR) ҳуқуқи; AI Workplace Law – Сунъий интеллект шароитида меҳнат ҳуқуқи; Digital Sovereignty Law – Рақамли суверенитет ҳуқуқи;  Cognitive Liberty–  Когнитив эркинлик ҳуқуқи –ТДЮУ да ташкил қилиниши Фармонда белгиланган «Рақамли ҳуқуқ» (Digital Law) халқаро таълим йўналишида ўқитишни ҳозирдан йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деган таклифни илгари сурди.

Тадбир давомида билдирилган таклифлар, фикрлар ва амалий тавсиялар юридик таълимни модернизация қилиш, илмий фаолиятни кучайтириш, таълим — илм-фан — амалиётнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича аниқ стратегик йўналишлар ишлаб чиқилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар