Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Жамоатчилик кенгашларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш давр талаби

Жамоатчилик кенгашларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш давр талаби


2024 йил 3 февралда Термиз шаҳрида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси ва  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури кўмагида “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Давра суҳбатида ЎзННТМА Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши депутатлари,  сиёсий партияларнинг вилоят ташкилотлари раислари,  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилоят кенгаши, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят ҳудудий бўлинмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори Сайёра Ходжаева кириш сўзи билан очиб берди.

Давра суҳбатида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Гулмира Амирова  модераторлик қилд.

Тадбирда “Ҳокимликлар ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва амалиёт” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши  курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, “Жамоатчилик кенгашлари: халқаро тажриба” мавзусида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, юридик фанлар номзоди Сайёра Ходжаева маъруза қилдилар.

Маърузачилар таъкидлаганидек, жамият ва мамлакат равнақи унинг иштирокчилари ҳаракати билан амалга ошади. Бу жараёнда эса жамоатчилик назорати алоҳида ўрин тутади. Бевосита шоҳиди бўлиб турганимиздек, Ҳаракатлар стратегияси билан бошланган инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари устувор бўлган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги оқилона бошқарув сиёсати ва кенг қамровли ислоҳотлар бугун Тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида жадал давом эттирилмоқда. Бу, албатта, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларга кўпроқ ҳуқуқ ва ваколатлар бериш билан узвий ҳолда кечмоқда.

Ислоҳотларни амалга оширишда давлат органлари билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирок этиши эса жамият ҳаётининг демократик жараёнлар билан боғлиқ асослари чуқур илдиз отиб, мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Президентимиз таъбири билан айтганда, муҳим ижтимоий омиллардан бири – жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш каби йўналишлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ–158-сон Фармони билан тасдиқланган “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИнинг 25,60,66,75,81,86,89-мақсадларида жамоатчи-лик назоратига алоҳида урғу берилган, яъни “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш”, “Хизмат муддатини ўтаб бўлган массивлар ва эскирган уй-жойларни янгилаш мақсадида кенг жамоатчилик фикри асосида реновация дастурларини ишлаб чиқиш, аҳоли зич бўлган ҳудудларда “бўйига ўстириш” тамойили асосида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш”, “Саноат оқова сувлари даражаси ва сифати тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда расмий веб-сайтларда ва оммавий ахборот воситаларида жамоатчилик учун эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш”, “Маҳаллий кенгашлар фаолиятида жамоатчилик иштироки учун зарур шароитларни яратиш, фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш”, “Давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш амалиётини йўлга қўйиш”, “Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш”, “Давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш” шундай мақсадлар ҳисобланади.

Давлат органлари, шу жумладан ҳокимликлар ҳузурида ташкил қилинган жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари, функция-лари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам юқоридаги мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнайди.

Давра суҳбатида АҚШ, Германия, Дания, Россия, Украина, Франция, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг қонунчилиги ва амалиёти тўғрисида батафсил ахборот ва тушунтиришлар берилди.

Тадбирда сўзга чиққан Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши депутати Гулмира Амирова, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилоти раҳбари Рахимқул Акбаров, “Аёл ва замон” вилоят аёлларининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш маркази раҳбари Гулнора Ходжаниязова, Ўзбекистон Экологик партияси Сурхондарё вилояти партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Иброҳим Ёқубов ва бошқалар вилоятда ҳокимликлар ва бошқа давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлантириш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, давлат органлари томонидан жамоатчилик кенгашлари учун шарт-шароитлар яратиш орқали жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари, хусусан, ҳокимликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун ҳокимликни фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш; фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан ҳокимликнинг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш; ҳокимлик фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш; ҳокимликнинг расмий веб-сайтида жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни жойлаштириб бориш ҳамда уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлашга кўмаклашиши лозим деган таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.

Давра суҳбатида савол-жавобларга алоҳида ўрин ажратилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Тадбир иштирокчиларига  “Ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоат-чилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва фаолият йўналишлари” деб номланган амалий қўлланма ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилот-ларнинг  Ўзбекистондаги жамоатчилик назорати  ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли” бўйича фикрларини ўрганиш мақсадида сўровнома тарқатилди.



«    Май 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031