ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ: ЗАМОНАВИЙ ТЕНДЕНЦИЯЛАР ВА ИЛМИЙ ЕЧИМЛАР

ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ: ЗАМОНАВИЙ ТЕНДЕНЦИЯЛАР ВА ИЛМИЙ ЕЧИМЛАР

2025 йил 22 декабрь куни Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси биринчи қисми қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор Зокиров Икром Бекенович хотирасига бағишланган“Фуқаролик ҳуқуқининг умумий қоидалари: замонавий тенденциялар ва илмий ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон ҳамда хорижий олий таълим ва илмий муассасаларнинг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, амалиётчи ҳуқуқшунослар, магистрантлар ва ёш олимлар иштирок этдилар.

         Конференция доирасида фуқаролик қонунчилигида эрк мухорияти ва бирдамлик тамойиллари, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш истиқболлари, сунъий интеллектнинг ҳуқуқий мақоми ва ҳуқуқ субъектлиги,  юридик шахслар жавобгарлигини кенгайтириш, шунингдек, миллий ва хорижий ҳуқуқ тизимлари тажрибасини қиёсий таҳлил қилишга бағишланган илмий маърузалар тингланди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси  янги таҳрири лойиҳаси устида ишлаётган  Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан олиб борилаётган ишлар қисқача тақдим қилиниб, лойиҳада фуқаролик ҳуқуқининг фундаментал қоидаларини замонавий ҳуқуқий ислоҳотлар контекстида қайта талқин этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Тадбир уч сессия доирасида ўтказилиб, алоҳида равишда ёш олимларнинг халқаро цивилистик ўқишлари ташкил этилди. Унда ёш тадқиқотчилар томонидан фуқаролик ҳуқуқининг долзарб масалалари бўйича илмий ёндашувлар тақдим этилди.

Конференция иштирокчилари Фуқаролик кодекси умумий қоидаларининг назарий ва амалий аҳамиятини янада чуқурроқ очиб бериш, фуқаролик ҳуқуқи фанини ривожлантириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда илмий мактаблар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда мазкур тадбирнинг муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов иштирок этди ва муҳокама қилинган масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

      Конференция якунида билдирилган таклиф ва хулосалар фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш ҳамда таълим–илм–амалиёт интеграциясини янада кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар