Одил судлов академияси МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси фаолияти билан танишди

Одил судлов академияси МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси фаолияти билан танишди

2026 йил 4 февраль куни Одил судлов академияси Иқтисодий ҳуқуқ йўналиши тингловчилари  Одил судлов академияси Иқтисодий-ҳуқуқ фанлар кафедраси профессори Фозилжон Отахонов бошчилигида Тошкент шаҳридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрдилар.

Танишув жараёнида МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғиАхрорбек Арзиев  ва  бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этишди. Улар тингловчиларга Мажбурий ижро бюросининг ҳуқуқий асослари, қонунчилик талаблари ва амалиётдаги стандартлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Тингловчилар МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан иқтисодий суд қарорлари асосида ижро ҳужжатларини амалга ошириш жараёни ва уни таъминлаш механизмлари билан танишдилар. Мазкур ташриф давомида фуқаролик ва иқтисодий суд қарорларини ижро этишдаги амалиёт, амалга оширилаётган мониторинг ва назорат тизимлари, шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.

Мажбурий ижро соҳасига IT - технологияларини кенг жорий этиш ва ижро жараёнида инсон омилини камайтириш мақсадида “МИБ - Портал” дастури 39 вазирлик, идора ва ташкилотнинг 68  ахборот тизимига интеграция қилинган. Соҳани рақамлаштириш натижасида бюрода 20 дан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилган ва 95 миллиард сўм маблағлар тежалишига эришилган.

         Тингловчилар, шунингдек, қонунчилик ва ижро амалиётидаги муҳим масалалар бўйича саволлар беришди ва ушбу ташриф уларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш имконини берди.

Мазкур ташриф Одил судлов академияси ва МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тингловчиларнинг ҳуқуқий билимларини амалиёт билан бойитиш ва иқтисодий суд қарорларини ижро этиш тизимига қизиқишини оширишга хизмат қилди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар