ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ УСУЛЛАРИНИНГ НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ УСУЛЛАРИНИНГ НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2026 йил 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси томонидан «Фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя усуллари: назария, қонунчилик ва амалиёт муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя усулларининг назарий асослари, миллий қонунчиликдаги ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари, суд-ҳуқуқ амалиётида юзага келаётган долзарб муаммолар ҳамда уларни ҳал этишнинг илмий-амалий йўналишларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори, юридик фанлар доктори Шерзод Абдуқодиров очиб берди. У ўз кириш сўзида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида фуқаролик ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Тадбир модератори, Одил судлов академияси Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори вазифасини бажарувчи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Эркинжон Сабиров конференция регламенти ва маърузачилар билан иштирокчиларни таништирди.

Конференция доирасида Нурафшон туманлараро иқтисодий суди раиси, юридик фанлар номзоди, доцент Ғайратжон Машкуров «Иқтисодий судларда ҳуқуқий ҳимояни таъминлашнинг амалий муаммолари», Одил судлов академияси доценти Раҳматжон Бердияров «Фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя усули сифатида йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишнинг фуқаролик-ҳуқуқий табиати», Наманган давлат университети ўқитувчиси, мустақил изланувчи Абдурасул Эранов «Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа усуллари», Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Зарнигор Бебутова «Судларда фуқаролик ва иқтисодий ишларда вакил — адвокат орқали иштирок этиш ҳуқуқини тиклашнинг ишончли кафолати», Фарғона давлат университети ўқитувчиси Муваззам Тиллабоева эса «Фуқаролик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий муаммолари ва уларни такомиллаштириш истиқболлари» мавзуларида маърузалар билан иштирок этдилар. 

Муҳокамалар жараёнида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари, унинг ҳуқуқий механизмлари, суд амалиётидаги муаммолар, корпоратив низоларда ҳуқуқий ҳимоя воситалари, адвокат иштирокининг аҳамияти, суд қарорларининг самарадорлиги ҳамда ҳуқуқларни тиклашнинг замонавий усуллари, юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Конференцияда ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов ҳам иштирок этиб, муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. У ўз чиқишида фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари тизимли равишда ривожлантирилиши лозимлигини, бу жараёнда миллий қонунчилик, суд амалиёти ва халқаро ҳуқуқий стандартлар ўртасидаги уйғунликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишда ҳуқуқий ҳимоя воситаларининг самарадорлигини ошириш, муқобил низоларни ҳал этиш механизмлари, жумладан медиация ва ҳакамлик судлари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Савол-жавоблар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда суд амалиётини янада ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.

Тадбир якунида иштирокчилар фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя усулларини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ амалиёти билан илм-фан ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва ҳуқуқларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини янада ривожлантириш бўйича қатор илмий-амалий таклифларни ишлаб чиқдилар.

Мавзуга оид бошқа хабарлар