Тошкентда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатлари конференциясининг модели ўтказилди
2026 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатлари конференциясининг «БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини амалга ошириш механизми» мавзусидаги модели бўлиб ўтди.
Ўзбекистон прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш форуми доирасида ўтказилган мазкур тадбир Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг тўққизта жамоасини бирлаштирди.
Конференция модели Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC), Европа Иттифоқи ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш қисмида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Илмий-таълим маркази ходими Богдан Юматов модераторлик қилди.

Конференцияни Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Евгений Коленко очиб берди. Шунингдек, очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий ваколатхонасининг коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича катта офицери Азат Ирманов, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси дастур менежери Яна Курпиша ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) «Самарали давлат бошқаруви» дастури раҳбари доктор Виктор Кесслер иштирокчиларга қутлов сўзлари билан мурожаат қилдилар.
Фозилжон Отахонов ўз кириш сўзида коррупцияга қарши курашиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳар қандай мамлакат тараққиётини белгилайдиган муҳим омиллардан эканини таъкидлади. Ушбу икки йўналиш уйғунлашгандагина ёшлар қалбида бурч, ор-номус ва Ватанга муҳаббат туйғулари мустаҳкам қарор топишини қайд этди.
Шунингдек, у Барқарор ривожланиш мақсадларининг 16-мақсади доирасида коррупция ва порахўрликни барча шаклларида сезиларли даражада қисқартириш вазифаси белгиланганига эътибор қаратди. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси 190 дан ортиқ иштирокчи давлатни бирлаштирган универсал ва ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий халқаро ҳужжат эканини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг мазкур Конвенция доирасидаги мажбуриятлари ва уларни амалга ошириш бўйича миллий тажрибасига тўхталди.
Нотиқ Конвенциянинг 5-моддаси давлатлар зиммасига жамият иштирокига, қонун устуворлиги, ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган мувофиқлаштирилган коррупцияга қарши сиёсатни юритиш, коррупциянинг олдини олиш самарали амалиётларини жорий этиш, ҳуқуқий ҳужжатлар ва маъмурий чораларнинг етарлилигини мунтазам баҳолаш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби муҳим вазифаларни юклашини қайд этди.
Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, 2017 йилда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, 2024 йил 6 декабрдан кучга кирган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун, давлат органлари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва «Очиқлик индекси»ни жорий этиш натижаларини мисол сифатида келтирди.
Шунингдек, у жорий йилда «Рақамли комплаенс» тизими ишга туширилгани, Виртуал академия орқали давлат хизматчилари, мактаб ўқувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва талабаларнинг коррупцияга қарши билим ва кўникмалари оширилаётганини таъкидлади. Халқаро мажбуриятлар ижросини фақат расмий ҳисоботлар орқали эмас, балки жамоатчилик нуқтаи назаридан ҳам холис баҳолаш зарурлигини қайд этиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Конвенция ижросини муқобил мониторинг қилиш жараёнига жалб этилганини алоҳида эътироф этди.
У ёшларнинг инновацион ғоялари, жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича таклифлари коррупцияга қарши курашишда шаффофликни таъминлаш ва давлат ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилишини таъкидлади. Бугунги мулоқотда билдирилган фикр ва таклифларни ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини қайд этди.

Конференция икки босқичда ўтказилди
Биринчи босқичда иштирокчилар БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси 5-моддаси — «Коррупциянинг олдини олиш сиёсати ва амалиёти» талаблари доирасида иштирокчи давлатларнинг коррупцияга қарши сиёсати ва амалиётини тақдим этдилар.
Қуръа натижаларига кўра, жамоалар Латвия, Малайзия, Португалия, Корея Республикаси, Руанда, Руминия, Уругвай, Франция ва Эстония давлатлари номидан чиқиш қилиб, ушбу мамлакатларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, институционал ва ташкилий механизмлар ҳақида маълумот бердилар.
Ушбу босқичда қуйидаги олий таълим муассасалари жамоалари иштирок этди: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети; Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси; Тожикистон миллий университети; Қирғиз Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Юридик академия; Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси; Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети; Наманган давлат университети; Тошкент давлат юридик университети; Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети.
Биринчи босқич якунида экспертлар томонидан жамоаларнинг чиқишлари юзасидан шарҳлар ва тавсиялар берилди. Ушбу жараёнда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий ваколатхонасининг коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича катта офицери Азат Ирманов, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Коррупция ва молиявий жиноятлар бўлими ходими Флориан Лэйр, CERT International (Ўзбекистон) сертификатлаштириш органи вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жамоатчилик ва ижтимоий ҳамкорлик бўлими етакчи инспектори Ўроқов Пўлатбек Тоштемир ўғли ўз фикр ва тавсияларини билдирдилар.
Иккинчи босқичда эса жамоалар ўз давлатларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий тажрибасини тақдим этдилар. Қиёсий-ҳуқуқий таҳлил натижалари ва илғор хорижий тажриба асосида БМТ Конвенциясининг 5-моддасини амалга ошириш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Мазкур босқичда иштирокчилар хорижий давлатларда қўлланилаётган самарали чораларни Марказий Осиё мамлакатларининг ҳуқуқий тизими ва институционал тузилмаларига мослаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Жамоаларнинг чиқишлари экспертлар томонидан баҳоланиб, уларга амалий тавсиялар берилди.
Халқаро мулоқот ва амалий тажриба майдони
Конференция давомида иштирокчилар коррупциянинг олдини олишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги, жамоатчилик назорати, очиқлик ва ҳисобдорлик механизмлари, коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек, рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Тадбир ёш ҳуқуқшунослар учун халқаро ҳуқуқий стандартларни ўрганиш, турли давлатларнинг тажрибасини қиёсий таҳлил қилиш, ўз фикрларини асослаб бериш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш имконини яратди.
Конференция якунида иштирокчилар ўртасида муҳокама ўтказилиб, тадбир натижалари умумлаштирилди. Фаол иштирок этган жамоаларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур конференция модели 2019 йилдан буён Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ҳар йили ўтказиб келинаётган бўлиб, йилдан-йилга унинг иштирокчилари географияси кенгайиб бормоқда. Бу йилги тадбирда Қозоғистон ва Тожикистон жамоаларининг ҳам иштирок этиши Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги таълимий ва илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Конференция модели ёшларнинг халқаро стандартлар бўйича билимларини чуқурлаштириш, таҳлилий ва тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш, профессионал мунозаралар олиб бориш ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган асосланган таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги амалий тажрибасини оширишга хизмат қилди.
MEDIATOR.UZ
ахборот хизмати
Мавзуга оид бошқа хабарлар