Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Юридик хизматнинг ҳуқуқий асослари

Ф.Отахонов. Юридик хизматнинг ҳуқуқий асослари


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор

2-МАВЗУ 

 ЮРИДИК ХИЗМАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

     Юридик хизмат фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш асосларининг ривожланиши ва бу борадаги қонун ижодкорлигининг истиқболларини илмий-назарий таҳлил этиш долзарб муаммолардан бўлиб ҳисобланади. Бунда, энг аввало, собиқ иттифоқ даврида юридик хизмат фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш асосларининг ривожланишига тўхталиб ўтиш жоиздир. 

     Юридик хизмат тўғрисида 1920-1990 йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар.

     Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик хизмат тўғрисидаги қонунчилик, энг аввало, РСФСР Адлия халқ комиссарлигининг 1920 йил 26 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Адлия халқ комиссарлиги бўлимлари тўғрисида”ги Низом негизида юзага келган. У РСФСР Адлия халқ комиссарлигининг умуммаслаҳат бўлими РСФСРнинг барча марказий муассасалари юридик бўлимлари ва уларнинг юрисконсультлари фаолияти устидан назоратни амалга оширишини ва уларнинг амалиётида юзага келадиган ҳуқуқий масалалар бўйича мажбурий хулосалар беришини кўзда тутган.

     Ўзбекистонда дастлаб юридик хизмат тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳукумат томонидан қабул қилинган.   Масалан, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлар Советининг 1928 йил 9 июндаги «Давлат муассасалари, корхоналари ва кооператив ташкилотлар юрисконсультлари тўғрисида»                  38-сонли Қарорида юрисконсульт лавозимини эгаллаш тартиби, уларнинг асосий вазифалари, жавобгарлиги, фаолияти устидан назорат қилиш ҳамда  амалий ишларини бирлаштириш мақсадида маҳаллий прокурорлар ҳузурида ташкил қилинадиган кенгашлар тўғрисидаги нормалар белгиланган. 

     Юридик хизмат фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш асосларининг ривожланиш тарихи далолат беришича, юрисконсультларнинг вазифаси кенгайтирилиб, ҳуқуқий ҳолати эса такомиллаштирилиб борилган. 

     Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлар Советининг 1933 йил 11 октябрдаги 718-сонли қарори билан “Умумлаштирилган сектордаги муассасалар, корхоналар ва ташкилотлар юрисконсультлари (ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчилари) тўғрисида Низом” тасдиқланган.

     Мазкур Низом 12 банддан иборат бўлиб, унда юрисконсульт лавозимини эгаллаш тартиби, уларнинг асосий функциялари, жавобгарлиги, фаолияти устидан назорат қилиш ҳамда амалий ишларини бирлаштириш, малакасини ошириш мақсадида Республика прокурори, жойларда шаҳар ва туман прокурорлар ҳузурида ташкил қилинадиган кенгашлар тўғрисидаги нормалар белгиланган. Хусусан, Низомнинг 2-бандида юрисконсульт лавозимига ЎзССР Конституциясига мувофиқ советларга сайланиш ҳуқуқига эга бўлган қуйидаги шахслар: а) махсус олий юридик маълумотга эга бўлганлар; б) умумлаштирилган сектордаги муассасалар, корхоналар ва ташкилотларда масъул сиёсий ишларда икки йиллик стажга эга бўлиб, ЎзССР Адлия халқ комиссарлиги тасдиқлаган дастур бўйича прокурорлар ҳузурида ташкил қилинган комиссияда синовдан муваффақиятли ўтганлар; в) совет адлия органларида халқ судьяси, терговчи, прокурор ёки Олий суд котиби лавозимларидан қуйи бўлмаган амалий масъул ишларда уч йиллик стажи борлар тайинланиши мумкинлиги белгиланган.

     Низомда юрисконсультларнинг корхона молия ва хўжалик фаолиятининг барча йўналишларида ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш, шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш ишларида; уларнинг ишларини суд, давлат ва идоравий арбитражда, бошқа муассасаларда юритишда иштирок этиши; янги қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳужжатлар тўғрисида ахборот бериб боришга оид функциялари ўз ифодасини топган.

     Шундай қилиб, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат республикамизда юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ белгилаб берган биринчи Низом ҳисобланади. 

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1963 йил 20 сентябрдаги  551-сонли қарори билан «Корхоналар, муассасалар,   ташкилотлар юридик (шартнома-юридик) бўлими, (бюроси), бош (катта) юрисконсульти, юрисконсульти  тўғрисида Намунавий низом» тасдиқланган. Мазкур қарорда республика  вазирлик ва идораларига, Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Совети, Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига мазкур Намунавий низом асосида ўзларига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, уларнинг юридик хизматлари тўғрисида Низомларни тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

     1967 йил 15 августда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети томонидан “Ўзбекистон ССР вазирликлар ва идоралари юридик хизматлари фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” 434-сонли қарор қабул қилинган. Ушбу қарорнинг аҳамияти шундан иборатки, тегишли вазирликлар ва идораларга юридик хизмат ишларини яхшилаш, уларни фаолияти устидан назорат ва раҳбарликни кучайтириш юзасидан амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

     Ўтган асрнинг 70-80-йилларида бу борада қонун ҳужжатларининг тадрижий ривожланиши асосида бир қатор қонунлар ва   ҳукумат қарорлари қабул қилинган. 

     Хусусан, Ўзбекистон КП МК ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1971 йил 15 февралдаги “КПСС МК ва СССР Министрлар Советининг 1970 йил 23 декабрдаги “Халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларни яхшилаш тўғрисида”ги 1025-сонли қарори ҳақида”ги 60-сонли қарори қабул қилиниб, унда юридик хизматнинг асосий вазифалари корхона, муассаса, ташкилот фаолиятида қонунчиликни мустаҳкамлаш, уларнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилашда ва мулкни сақланишини таъминлашда ҳуқуқий воситалардан кенг фойдаланиш, корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эканлиги эътироф этилиб, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижроия ҳокимият органлари, корхоналарда ҳуқуқий ишлар ва юридик хизмат фаолиятини янада жонлантириш, уларга раҳбарликни кучайтириш, уларни норматив ҳужжатлар ва юридик адабиётлар билан таъминлаш ҳамда юридик хизматларга эга бўлмаган вазирлик ва идораларга юрисконсульт лавозимларини киритиш назарда тутилган. Шунингдек, Адлия вазирлигига халқ хўжалигидаги ҳуқуқий ишларга услубий раҳбарликни амалга ошириш вазифаси юклатилган ва унинг бу борадаги ҳуқуқлари ҳам белгиланган.

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1972 йил 3 майдаги “Халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи ва уни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 187-сонли қарорида корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг эътибори, қонунларга қатъий амал қилиш муҳим тарбиявий аҳамият касб этишига ва хўжалик фаолиятида ҳуқуқий воситалардан фойдаланиш уларнинг оғишмайдиган бурчи эканлигига, бу ишларда юридик хизмат уларнинг биринчи ёрдамчилари бўлиши лозимлигига қаратилди.

     Вазирлик ва идораларга, маҳаллий ижроия қўмиталарга уларга бўйсунувчи корхона ва ташкилотлар штатларига юрисконсульт лавозимларини киритиш, бундай имконият мавжуд бўлмаган ҳолларда адвокатлар юридик маслаҳатхоналари билан шартномалар тузиш, марказий девонларнинг юридик хизматларига эса қуйи корхона ва ташкилотлар юридик хизматлари фаолияти устидан назорат қилиш ва уларга зарур ёрдам бериш вазифалари юклатилган. 

     Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликни ривожланишида СССР Министрлар Советининг 1972 йил 22 июндаги 467-сонли қарори билан тасдиқланган “Вазирликлар, идоралар, меҳнаткашлар депутатлари Совети ижроия қўмиталари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар юридик бўлими (бюроси), бош (катта) юрисконсульти, юрисконсульти ҳақидаги Умумий низом”нинг алоҳида аҳамиятга эгадир. 

     Ушбу Низом биринчи марта умумиттифоқ даражасида юридик хизматни ташкил қилишнинг асосий тамойилларини, унинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, юридик хизмат ходимларини қонунчилик аҳволи учун жавобгарлигини аниқ белгилаб берган. Энг муҳими, унда юридик хизмат фаолиятининг ташкилий асослари, унинг бевосита корхона раҳбарига бўйсуниши, ушбу мансабга тайинлаш ва ундан озод этиш юқори турувчи орган томонидан амалга оширилишининг ифодасини топганлигидадир. Бу эса ўз навбатида, маъмурий-буйруқбозлик тизимида юристлар учун муҳим аҳамият касб этиб, уларнинг нисбатан мустақиллигини англатар эди . Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ҳуқуқий адабиётларда ҳам баён этилганидек, янги норматив ҳужжатлар, энг аввало, юридик бўлим тўғрисидаги Умумий низом ушбу йўналишда юридик хизматнинг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди. Ушбу ўринда сўз қонунийликни таъминлаш воситалари ҳақида кетаётган бўлиб, унга биноан юридик бўлим ва юрисконсультнинг тегишли ишлари ҳуқуқий тусга эга. Албатта, юридик хизмат томонидан норматив ҳужжатларда назарда тутилмаган, амалиёт натижасида вужудга келган бошқа воситаларни қўллаш, агар улар қонунчиликка зид бўлмаса, истисно этилмайди.

     Ўзбекистон ССР Министрлар Совети 1972 йил 10 июлда мазкур номдаги 285-сонли қарорини қабул қилиб, унда республика вазирлик ва идораларига тегишли тармоқ ишларининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда юридик хизмат тўғрисида Низом ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Адлия вазирлигига эса ижроия қўмиталар юридик хизмати ҳақида Низом лойиҳасини тайёрлаб, ҳукуматга тасдиқлаш учун тақдим қилиш вазифасини юклатилган.

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1973 йил 6 июлдаги “Сирдарё вилояти меҳнаткашлар депутатлари Совети ижроия қўмиталарида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги 283-сонли қарорида маҳаллий ижроия органлар фаолиятида юридик хизматнинг ролини оширишга алоҳида эътибор берилган. Шу мақсадда ижроия қўмиталарга – Советларнинг сессиялари ва ижроия қўмиталар мажлисларида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ишлар аҳволи масалаларини кўриш; амалдаги қонунчиликка зид чиқарилган қарорлар ва фармойишларни қайта кўриб чиқиш; ходимларни доимий юридик ўқувини ташкил қилиш; юрисконсульт лавозимини штатлар жадвалига киритиш ёки адвокатлар ҳайъатлари билан юридик хизмат кўрсатиш ҳақида шартномалар тузиш вазифалари юклатилган. Шунингдек, қарорда ижроия қўмиталарнинг умумий бўлими ва уй-жой бошқармалари мудирлари лавозимларини, имконияти борича юристлар билан тўлдириш, ушбу лавозимларда ишлаб турганларга эса юридик маълумот олишга кўмаклашиш тавсия қилинган, Тошкент шаҳар, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ижроия қўмиталари таркибида юридик бўлимлар тузиш мақсадга мувофиқ деб топилган. 

     Ўзбекистон ССР Министрлар Совети 1973 йил 13 сентябрда “Республика вазирликлари ва идораларида ҳуқуқий ишларни кучайтириш тўғрисида” 401-сонли қарорига кўра вазирлик ва идораларга – марказий девонда ва қуйи корхоналар юридик хизматини юридик бўлим ва бюролар ташкил қилиш йўли билан мустаҳкамлаш; юридик хизмат ходимларидан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик; хўжалик муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқ нормаларидан кенг ва тўғри фойдаланишда, шартномаларни тузиш ва ижросини таъминлашда юридик хизмат ходимларини таъсирини кучайтириш ва масъулиятини ошириш; уларни бошқа таркибий бўлинмалар (назорат-тафтиш, таъминот, ходимлар бўлимлари ва бухгалтерия) билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш; марказий девон юридик хизмати ходимларидан тармоқдаги ҳуқуқий ишлар ҳолати, корхоналар юридик хизмати ишлари устидан назорат қилиш ва уларга ёрдам беришда талабчанликни ошириш, уларнинг бу борадаги олиб бораётган ишлари бўйича ҳисоботни ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилиш; барча юридик хизмат ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш вазифалари юклатилган. 

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1974 йил 2 апрелдаги “Республика қишлоқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги 142-сонли қарори қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқий ишларни ва юридик хизмат ролини ошириш борасида муҳим аҳамиятга эгадир. Халқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, жамоа, давлат ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш бўйича туманларда хўжаликлараро юридик гуруҳлар тузиш, уларнинг иш ҳақини туман ижроия қўмиталари мутахассислари ва катта мутахассислари маошлари даражасида белгилаш; ҳуқуқий ишларни намунали тарзда йўлга қўйишга эришган энг яхши юридик хизмат тажрибасини услубий хатлар, маҳаллий матбуотда тегишли ахборотлар бериш йўли билан кенг ёйиш; қишлоқ хўжалик корхоналарига хизмат кўрсатишда яхши натижаларга эришган юрисконсультларни ҳар томонлама рағбатлантириш; юридик хизмат ходимларини малакасини ошириш; вазирликлар ва барча қишлоқ хўжалик бошқармалари таркибида арбитраж билан юридик хизматлар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. 

     Ўзбекистон КП МК ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1975 йил 30 июлда қабул қилган “КПСС МК ва СССР Министрлар Советининг 1975 йил 25 июндаги “Хўжалик қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 558-сонли қарори” 425-сонли қарорида юридик хизмат ходимлари учун ахборот материаллари тўпламини нашр этиш билан боғлиқ масалага тегишли вазирлик ва идораларнинг эътибори қаратилган. 

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1976 йил 8 декабрдаги “Республика халқ хўжалигида хўжалик ва меҳнат қонунчилигига риоя қилишни таъминлашда юридик хизматлар ролини ошириш тўғрисида”ги        677-сонли қарорида вазирлик ва идораларнинг хўжалик ва меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилиши, бу ишга юридик хизмат ходимларни фаол жалб қилиш, корхоналар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш далолатномаларида шартнома, талабнома-даъво ишлари, шунингдек меҳнат қонунчилигига риоя қилиш аҳволини акс эттириш; юридик хизмат мавжуд бўлмаган вазирлик ва идоралар ҳамда корхоналарда юрисконсульт лавозимларини штатга киритиш; Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ишлар билан танишиш натижалари бўйича тавсияларини ўз вақтида кўриб чиқиш масалалари ўз ифодасини топган. Шу билан биргаликда, Адлия вазирлиги, Давлат арбитражи, республика прокуратураси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар Академияси, маҳаллий ижроия қўмиталарга ўз ваколатлари доирасида хўжалик ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириш, уни тарғиб қилиш ва ушбу масалада юридик хизмат ходимлари учун услубий қўлланма тайёрлаш юклатилган.

     Ўзбекистон ССР Министрлар Совети томонидан 1977 йил 11 августдаги “Ўзбекистон ССР меҳнаткашлар депутатлари маҳаллий Советлари ижроия қўмиталарига ҳуқуқий хизмат кўрсатишни яхшилаш тўғрисида”ги 526-сонли қарорида маҳаллий ижроия қўмиталарига юрисконсульт лавозимларини штатга киритиш, жамоатчилик асосида юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш вазифалари юклатилган.

     1978 йил   21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети тўғрисида»ги  Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ Министрлар Совети томонидан давлат бошқаруви органлари, корхоналар, бирлашмалар ва бошқа ташкилот ва муассасаларда ҳуқуқий ишларни ташкил қилишни таъминланиши  белгиланган. 

     «Ўзбекистон ССР халқ депутатлари вилоят Совети тўғрисида» 1980 йил 12 ноябрдаги Қонуннинг 32-моддасида халқ депутатлари вилоят Совети хуқуқий ишларни такомиллаштириш чора-тадбирларини кўриши, вилоятга бўйсунувчи   корхоналар,  ташкилотлар ва муассасаларда бу ишларга раҳбарликни амалга ошириши, қонунчиликни тушунтиришни ташкил қилиши ва аҳолига юридик ёрдам кўрсатишига оид нормалар белгиланган.

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1983 йил 10 февралдаги                       79-сонли қарори билан “Ўзбекистон ССР халқ депутатлари вилоят Совети ижроия қўмитаси юридик бўлими (бюроси) тўғрисида Низом” тасдиқланган. Низом 11 банддан иборат бўлиб, унда юридик бўлимни ташкил қилиш, унинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулияти белгиланган. Шунингдек, Низомда юридик бўлим вилоят Совети томонидан ҳуқуқий ишларни олиб бориш учун мустақил таркибий бўлинма сифатида ташкил қилиниши назарда тутилган.

     Юридик хизматнинг асосий вазифалари қилиб вилоят Совети ижроия қўмитаси фаолиятида қонунчиликни мустаҳкамлаш; хўжалик ҳисобини мустаҳкамлаш, хўжасизликка қарши курашиш, корхона, муассаса, ташкилотлар иқтисодий ишларини яхшилашда ҳуқуқий воситалардан кенг фойдаланиш; ҳуқуқий воситалар билан мулкни сақлашни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини кўтаришни, маҳсулот етказиб бериш бўйича мажбуриятлар ва топшириқларни, капитал қурилиш ҳақидаги шартномалар ва бошқа шартномаларнинг бажарилишини таъминлаш; корхона, муассаса, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кабилар белгиланган. Мазкур Низомнинг 7-моддасида юридик бўлим мудири вилоят Советининг сессиясида лавозимига тасдиқланиши, сессиялар оралиғида эса юридик бўлим мудири вазифасини бажарувчи тайинланиб, навбатдаги сессияга тасдиқлаш учун тақдим қилиниши,             8-моддасида эса юридик бўлим мудирининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги кўрсатилган.

     Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1984 йил 22 октябрдаги “Республика вазирликлари ва идораларида ҳуқуқий ишлар аҳволи ва КПСС XXIV cъезди талаблари асосида уларни янада такомиллаштириш тўғрисида” 552-сонли қарорига мувофиқ вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижроия қўмиталарга бир қатор вазифалар, жумладан, корхона, муассаса ва ташкилотлар штат жадвалига юрисконсульт лавозимини киритиш, юридик хизмат учун етарли шароитлар яратиш; юридик хизматнинг маъмурий идоралар билан давлат, режа, шартнома ва меҳнат интизомини бузиш ҳолларини олдини олиш, мулкни сақлаш, етказилган зарарни ундириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш амалиётини яхшилаш; молия-хўжалик операциялари, шунингдек ишчи- хизматчиларни ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, ўриндошлик асосида ишлашга рухсат бериш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар қонунийлиги устидан назоратни кучайтириш; қабул қилинаётган қарорларда қонунчиликни бузишга йўл қўймаслик; хўжалик фаолиятини яхшилашда иштирок этган энг яхши юридик хизмат ходимларини маънавий ва моддий рағбатлантириш амалиётини кенгайтириш; раҳбарлар ва мутахассисларга хўжалик, меҳнат ва фуқаролик ҳуқуқи асосларини доимий ўқитишни, шунингдек юрисконсультларнинг малакасини оширишни таъминлаш ҳамда юридик хизматнинг илғор иш тажрибасини кенг ёйиш юклатилган. 

     Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 1985-1990 йилларда республикамизда юридик хизмат ва ҳуқуқий ишлар тўғрисида махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаган ва давлат бошқарув органлари ва корхоналар илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида фаолият кўрсатганлар. 

     Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида юридик хизмат тўғрисида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

     Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун мамлакатимизда босқичма-босқич бозор иқтисодиётига ўтиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ       ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш зарур.

     Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юридик хизмат фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, юридик хизмат тизими  Конституция нормаларида ўз ифодасини топган давлат ҳокимияти  ва бошқаруви олий органлари, давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари,  корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқий асосларига мувофиқ шакллантирилади ва унинг ҳуқуқий мақоми белгиланади. 

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширишлиги белгилаб қўйилган. Демак, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари юридик хизматининг асосий вазифаларидан бири улар томонидан қабул қилинадиган ва маъқулланадиган қонунларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан иборат.

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасида эса  Вазирлар Маҳкамасининг самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгарлиги;   фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши; давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштириш                    ва йўналтириш, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни қилиш; қонунлар, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлаш каби ваколатлари белгиланган. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси юридик хизматининг фаолияти бевосита мазкур вазифаларни бажаришда иштирок этишга қаратилган бўлади.

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100-моддасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари жумладан қонунийликни, ҳуқуқий тартиботни ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш каби ваколатларни амалга оширади. Ҳокимликлар юридик хизматининг асосий вазифаси эса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш ва ҳуқуқий ишларни ташкил қилишда иштирок этишдан иборат бўлади. 

     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XII боби жамиятнинг иқтисодий негизлари деб номланади. Мазкур бобнинг 53-моддасида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши ўз ифодасини топган, 54-моддасида эса мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этишлиги белгилаб қўйилган. Мазкур қоидалар бевосита хўжалик юритувчи субъектларга (корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар) тааллуқлидир. Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати эса юридик хизмат тизимининг таркибий қисмларидан бири бўлиб ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолияти асосан шартномаларга асосланганлиги туфайли уларнинг юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишларидан бири шартнома ҳамда талабнома-даъво ишларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилади.

     Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги қисқа давр ичида юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва бурчларини тартибга солиш, қонунийликни таъминлашда уларнинг роли ва масъулиятини ошириш заруриятидан келиб чиқиб бир қатор қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

     Иқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар, бошқарув тизимини ислоҳ қилиш юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1993 йил 2 мартдаги 118-сонли қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналаридаги юридик хизмат тўғрисидаги Низом»ни тасдиқлади. Ушбу Низом юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини нисбатан тўлиқ тартибга солувчи биринчи норматив-ҳуқуқий ҳужжати бўлиб, у 12 бандни қамраб олган қуйидаги 3 бўлимдан иборат: 1) юридик хизмат ходимлари лавозимини   эгаллаш тартиби; 2) бошқарув органлари ва корхоналар юридик хизматининг вазифалари; 3) юридик хизматнинг ҳуқуқи ва масъулияти. Мазкур  Низомнинг амал қилиш доираси  нафақат   давлат бошқарув органлари ва корхоналари юридик хизматига тааллуқли, балки барча мулкчилик шаклларидаги корхоналар юридик хизматига ҳам татбиқ этилиши, уларнинг ҳуқуқлари, бурчлари ва масъулиятларини белгилашлиги билан ҳам тавсифланади.

     Юридик хизматнинг шартномавий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш соҳасидаги вазифалари ва ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунида аниқ  белгилаб қўйилди. Хусусан, ушбу қонунга кўра хўжалик шартномаси субъектларига юридик хизмат кўрсатиш уларнинг юридик хизматлари ёки ана шу мақсадда шартнома асосида жалб этилган адвокатлар томонидан амалга оширилади.

     Қонун ижодкорлиги жараёнида юридик хизмат ролини кучайтириш мақсадида 2006 йил 11 октябрдаги «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг       24-моддасига мувофиқ қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг юридик хизмати томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши мумкинлиги белгиланди. 

     Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги   Қонунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги, ҳуқуқий экспертиза ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органнинг юридик хизмати томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкинлиги белгиланган.

     Мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш шароитларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилаш, юридик хизматнинг роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли қарори қабул қилинди ва мазкур қарор билан «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида»ги  ва «Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги низомлар тасдиқланди.

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик хизмат ходимларининг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариши юзасидан масъулиятини ва малакасини ошириш мақсадида 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори билан «Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқлади.

     Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил                                  19 январда «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2733-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор билан «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида» ва «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисида»ги низомлар тасдиқланди.

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 250-сон Қарори билан юридик хизматни ташкил қилиш, юридик хизмат ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилди.

     Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда адлия органлари муҳим ўрин эгаллайди. Зеро, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан ва фаолият йўналишларидан бир ҳисобланади. Шунинг учун ҳам  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Қарори билан Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмаклашиш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш белгиланди. 

     Қонун ижодкорлиги соҳасини такомиллаштириш   натижасида икки палатали парламент тизими жорий қилинган бўлиб, айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси   Қонунчилик палатаси ва Сенати Конституция, конституциявий қонунлар ва қонунлар асосида ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Парламент палаталарининг ишини ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ташкил қилинган таркибий тузилмалар орасида Юридик бошқарма ўзига хос ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг  2021 йил 19 январдаги 709-сонли Қарори билан билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони тўғрисидаги Низом»да Қонунчилик палатаси Юридик бошқармасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколат доираси белгилаб берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Юридик бошқармаси Сенат Кенгашининг 2020 йил 11 ноябрдаги КҚ-155-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони тўғрисидаги Низом» асосида ўз фаолиятини юритади. 

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги 212-сон Қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармаси тўғрисида»ги Низом тасдиқланган бўлиб мазкур бошқарма  Ҳукуматнинг юридик хизмати ҳисобланади ва унинг вазифаларини бажаради.

     Мамлакатимизда юридик хизмат фаолиятини самарадорлигини ошириш,  юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражасини кўтариш, малакасини ошириш, уларга услубий раҳбарликни амалга ошириш борасида аниқ тартиб ва мехнизмларни жорий этишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сўнгги йилларда қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

     Аммо сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда асосан давлат органлари, хўжалик бошқарув органлари, давлат корхоналари муассасалари ва ташкилотлари юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифалари ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга оид нормалар белгиланган. Бу борада хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик хизматлари фаолияти давлат органлари эътиборидан четда қолмоқда.

     «Давлат органлари ва ташкилотларнинг юридик хизмати тўғрисида Низом» фақат давлат органлари, хўжалик бошқарув органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари учун мажбурий, бошқа ташкилотлар учун эса тавсиявий хусусиятга эга. Шунга кўра хўжалик бошқарув органлари таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари юридик хизмати фаолиятининг ҳуқуқий асослари, асосан, ички низомлар ва мансаб йўриқномалари билан тартибга солинмоқда. Юридик хизмат мулкчилик шаклидан қатьи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этишга қаратилган оммавий функцияни амалга оширади.  Шунинг учун ҳам юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Юридик хизмат тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Зеро, қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари барча бўғинлари, хўжалик бошқарув органлари, барча хўжалик юритувчи субъектлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик хизмати, хўжаликлараро юридик хизматларнинг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, юридик хизмат ходимларини лавозимларига тайинлаш ва озод қилиш тартиби, юридик хизматга раҳбарлик қилиш шакл ва услублари белгиланиши лозим.

     Юридик хизмат фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш давлат ва ижтимоий-сиёсий тузилишни демократик жиҳатдан янгилашнинг ҳуқуқий базасини ривожлантириш, бозор иқтисодиётини шакллантириш, мамлакат суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Систематическое собрание действующего законодательства УзССР. – 1928. – № 6. –ст. 118.
  2. Систематическое собрание действующего законодательства УзССР. – 1933. – 30. – ст. 320.
  3. Собрание постановлений Правительства   УзССР. – 1963. – № 10. – ст. 74.
  4. Ўзбекистон КП МК ва  Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1971 йил 15 февралдаги “КПСС МК ва СССР Министрлар Советининг  1970 йил 23 декабрдаги “Халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларни яхшилаш тўғрисида”ги 1025-сонли қарори ҳақида”ги                           60-сонли қарори// Қаранг: Собрание постановлений Правительства УзССР. –1971. – № 2. – ст. 6. 
  5. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1972 йил 3 майдаги “Халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи ва уни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 187-сонли қарори // Қаранг: Постановления Совета Министров Узбекской ССР за май 1972. – С. 25-28.
  6.  Ўзбекистон ССР Министрлар Совети 1972 йил 10 июлдаги “СССР Министрлар Советининг 1972 йил 22 июндаги “Вазирликлар, идоралар, меҳнаткашлар депутатлари Совети ижроия қўмиталари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар юридик бўлими (бюроси), бош (катта) юрисконсульти, юрисконсульти ҳақидаги Умумий низом”ни тасдиқлаш тўғрисидаги   467-сонли қарори ҳақида” 285-сонли қарори// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за июль 1972. – С. 33-34. 
  7. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1973 йил 6 июлдаги “Сирдарё вилояти меҳнаткашлар депутатлари Совети ижроия қўмиталарида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги 283-сонли қарори// Собрание постановлений Правительства УзССР. – 1973. – № 7. – ст. 41. 
  8. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1973 йил 13 сентябрдаги “Республика вазирликлари ва идораларида ҳуқуқий ишларни кучайтириш тўғрисида” 401-сонли қарори// Собрание постановлений Правительства УзССР. – 1973. – № 9. – ст. 63. 
  9. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1974 йил 2 апрелдаги “Республика қишлоқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги 142-сонли қарори// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за апрель 1974. – С. 24-26. 
  10. Ўзбекистон КП МК ва  Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1975 йил 30 июлда қабул қилган “КПСС МК ва СССР Министрлар Советининг 1975 йил 25 июндаги “Хўжалик қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 558-сонли қарори ҳақида”ги 425-сонли қарори// Собрание постановлений Правительства УзССР. – 1975. – № 7. – ст. 37. 
  11. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1976 йил 8 декабрдаги “Республика халқ хўжалигида хўжалик ва меҳнат қонунчилигига риоя қилишни таъминлашда юридик хизматлар ролини ошириш тўғрисида”ги 677-сонли қарори// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за декабрь 1976. – С. 69-73.
  12. Ўзбекистон ССР  Министрлар   Советининг 1977 йил  11 августдаги “Ўзбекистон ССР меҳнаткашлар депутатлари маҳаллий Советлари ижроия қўмиталарига ҳуқуқий хизмат кўрсатишни яхшилаш тўғрисида” 526-сонли қарори// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за август 1977. – С. 60-62. 
  13. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1979 йил 29 августдаги “Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1974 йил 2 апрелдаги “Республика қишлоқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг аҳволи тўғрисида”ги 142-сонли қарори ижросини КПСС МК июль (1978 й.) Пленуми талаблари асосида бориши ҳақида” 609-сонли қарори// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за август 1979. – С. 219-222. 
  14. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1983 йил 10 февралдаги 79-сонли қарори билан “Ўзбекистон ССР халқ депутатлари вилоят Совети ижроия қўмитаси юридик бўлими (бюроси) тўғрисида Низом”// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за февраль 1983. – С. 21-27. 
  15. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1984 йил 22 октябрдаги “Республика вазирликлари ва идораларида ҳуқуқий ишлар аҳволи ва КПСС XXIV cъезди талаблари асосида уларни янада такомиллаштириш тўғрисида” 552-сонли қарори// Постановления Совета Министров Узбекской ССР за октябрь 1984. – С. 105-108.
  16. Ведомости Верховного Совета УзССР. – 1978. – № 36. – ст. 527
  17. Ведомости Верховного Совета УзССР. – 1980. – № 32. Приложение
  18. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси // Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 4-модда; 1994 йил, № 1, 5-модда. 
  19. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 3-4, 27-модда. 
  20. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 162-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 100-модда, № 12/1, 343-модда; 2014 йил, № 4, 85-модда; 2017 йил, № 4, 135-модда, № 5, 201-модда.
  21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони// Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси. – 1992. – № 2. – 98-модда. 
  22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1992 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги 523-сонли Қарори// Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами. – 1992. – № 11. – 32-модда.  
  23. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида”  1997 йил 30 августдаги  Қонуни//“Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида”ги Қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Ахборотномаси. – 1997. – № 9. – 237-модда.
  24. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами. – 1993. –№ 3.                          – 8-модда
  25. Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси. – 1998. – №  9. – 170-модда.
  26. Ўзбекистон Республикасининг "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Қонуни //Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 537-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2018 йил 8 январь, 1-сон, 8-модда,  2018 йил 15 январь, 2-сон, 24-модда.
  27. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни // Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2021 й. 
  28. "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 35-36-сон, 355-модда.
  29. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 46-47-сон,                    472-модда; 2017 йил 10 май, 18-сон, 323-модда.
  30. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил 30 январь,                            4-сон, 50-модда.
  31. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 18-сон,                          323-модда.
  32.  Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 29-сон,                 329-модда.
  33. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг  2021 йил 19 январдаги 709-IV-сон Қарори  билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони тўғрисида»ги Низом //Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг жорий архиви. 
  34. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил                      11 ноябрдаги КҚ-155–IV-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони тўғрисида» ги Низом // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси. – 2020.
  35. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 212-сон  Қарори  // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2019 й., 09/19/212/2759-сон; 23.04.2020 й., 09/20/250/0491-сон.
  36. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 30 ноябрда                  2285-сон билан рўйхатга олинган “Юридик хизматларининг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, маълумотлар базасига киритиш учун маълумот тақдим этиш шакллари ва муддатларини белгилаш тартиби тўғрисида Низом” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2011 йил, 48-сон, 497-модда. 
  37. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил  9 апрелда                         2352-сон билан рўйхатга олинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмалар” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2012 йил, 15-сон, 173-модда. 
  38. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил  1 февралда          2420-сон билан рўйхатга олинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқнома” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2013 йил, 5-сон, 65-модда. 
  39. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил  28 февралда 2562-сон билан рўйхатга олинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги Низом” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2014 йил 24 февраль, 9-сон, 100-модда.
  40.  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил   28 февралда 2563-сон билан рўйхатга олинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақида Низом” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2014 йил 24 февраль, 9-сон, 101-модда. 
  41. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил  28 февралда 2565-сон билан рўйхатга олинган “Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш Қоидалари” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2014 йил 10 март, 10-сон, 110-модда. 
  42. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил  6 августда 2708-сон билан рўйхатга олинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг адлия органларида стажировка ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2015 йил, 31-сон, 424-модда. 
  43. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 25 декабрда 2745-сон билан рўйхатга олинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2015 йил, 51-сон, 644-модда.
  44.  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил   28 февралда 2861-сон билан рўйхатга олинган “Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг маълумотлари базасини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2017 йил, 9-сон, 137-модда.
  45. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 февралда 2862-сон билан рўйхатга олинган “Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўтиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2017 йил, 9-сон, 138-модда. 
  46. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 февралда 2863-сон билан рўйхатга олинган “Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2017 йил, 9-сон, 139-модда. 
  47. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 февралда 2864-сон билан рўйхатга олинган “Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2017 йил, 9-сон, 140-модда.
  48. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 февралда 2865-сон билан рўйхатга олинган “Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи //Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил, 9-сон, 141-модда.
  49. Отахонов Ф.Х. Юридик хизматнинг назарий-ҳуқуқий муаммолари. Монография. Т.: 2019. - 289 б.


«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930