Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Юридик хизматнинг ходимлар ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдаги роли

Ф.Отахонов. Юридик хизматнинг ходимлар ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдаги роли


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,
 юридик фанлар доктори, профессор в.б.

 

8-МАВЗУ

Юридик хизматнинг ходимлар ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдаги роли

 

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармони билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси тасдиқланди.

Мазкур Концепция «Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати» деган ғоя остида қабул қилинганлиги эътиборга моликдир.

Концепцияда қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди:

аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида «Жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!» деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини тарғиб қилиш;

ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш;

давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга доир тадбирларни ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш;

оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;

юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш.

Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда қуйидаги вазифалар белгиланди. 

1. Давлат органлари ва ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиш.

2. Давлат органлари ва ташкилотларда жамоатчилик асосида доимий фаолият кўрсатувчи ҳуқуқий тарғибот гуруҳларини ташкил қилиш ва улар томонидан соҳага доир қонун ҳужжатлари нормаларининг ходимлар ўртасида тизимли равишда тарғибот қилинишини таъминлаш.

3. Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни ишга қабул қилишда мазкур талабларга мувофиқлиги юзасидан ўқитиш ва баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш.

4. Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш.

5. Ҳар бир давлат органлари ва муассасаларида «Ҳуқуқий маданият ойлиги», «Одоб-ахлоқ ойлиги» ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» тадбирларини ташкил қилиш.

6. Давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари фаолиятида масъулиятсизликнинг ва идоравий ҳуқуқий нигилизмнинг намоён бўлишига имкон яратадиган омилларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини такомиллаштириш орқали бартараф этиш.

7. Кадрларга оид қарорларнинг, бўш лавозимларга кадрларни тайинлаш учун танловларни режали асосда ўтказишнинг шаффофлигини таъминлаш.

8. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган ютуқлари учун топшириладиган «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш.

9. Давлат органлари ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб қонун ҳужжатлари мазмунини тушунтиришга қаратилган «Ҳуқуқий саводхонлик» рукнларини ташкил этиш.

 

Жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ҳуқуқий онгнинг, конунийликнинг, қонунларни такомиллаштиришнинг ва ҳуқуқий тажрибанинг муайян даражасини акс эттирадиган ҳамда инсоният ҳуқуқ соҳасида яратган бутун бойликларни қамраб оладиган ижтимоий маданиятнинг бир тури сифатида кўрилади. 

Моҳияти жиҳатидан, бу унинг ҳуқуқий тафаккур, юридик техника (услубият) ва ҳуқуқий тажрибанинг мужассамлантирилишидир. У амал қилаётганда ва унинг таркибий қисмлари ривожлантирилаётганда ҳуқуқнинг ўзига, ҳуқуқий амалиёт, ҳуқуқий муносабатларга, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботга, ҳуқуқий ижодкорлик ва ҳуқуқий қўллаш, шунингдек, бошқа ҳуқуқий фаолиятларга, бутун ижобий ҳуқуқий борлиққа сингиб кетади. Ҳуқуқий маданият инсонсиз ва унинг дунёқарашини белгиловчи фаолиятсиз, бундай фаолият ва тафаккурнинг прогрессив йуналишисиз мавжуд бўла олмайди.

Шахснинг ҳуқуқий маданияти - жамият ҳуқуқий маданиятининг зарурий шарт-шароити ва илк бунёдкори, унинг мақсади ва таркибий қисмидир. Шу билан бирга у шахснинг ўзининг қонуний фаолият даражасида акс этувчи ҳуқуқий ривожланишининг жиҳати ҳамдир. У жамият ҳуқуқий ҳолати муайян даражасига боғлиқ, ҳолда унинг муҳим негизини ташкил этади ва унинг асосида ётади. Шахснинг ҳуқуқий маданияти амалиётда унинг ижобий ҳуқуқий онгини тақозо қилади. У ҳуқуқ, соҳасида жамиятнинг прогрессив ютуқларига мос келувчи ижодий фаолиятни ташкил этиб, натижада шахснинг доимий ҳуқуқий бойиши рўй беради.

Ҳуқуқий маданиятга эришишнинг асосий йўналишларидан бири – ҳуқуқий тарбиядир. Юридик адабиётларда ҳуқуқий тарбия тушунчасига ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий тажриба, ҳуқуқий ғоя ҳамда низоларни ҳал этиш механизмини жамиятдаги бир авлоддан иккинчи авлодга ўтказиш билан боғлиқ мақсадга йўналтирилган фаолият деб таъриф берилган. Ҳуқуқий тарбиядан мақсад инсоннинг ҳуқуқий онгини ва умуман жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини ривожлантиришдан иборат. 

Ҳуқуқий таълим мансабдор шахслар ва ходимларни ҳуқуқий тарбия ишида муҳим ўрин эгаллайди. Ҳуқуқий таълим икки хил шаклда, яъни ўқитиш ва ўқиш шаклларида амалга оширилади. 

Ҳуқуқий ўқитишда юридик хизмат томонидан мансабдор шахслар ҳамда ходимларнинг бевосита уларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган мавзуларда ҳуқуқий ўқуви ташкил этилади. Бунда мансабдор шахсларга ва ходимларга амалдаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилади. Ҳуқуқий ўқитиш бевосита юридик хизмат ходимлари томонидан ёки улар томонидан таклиф этилган мутахассислар, назариётчи ва амалиётчи ҳуқуқшунослар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Мансабдор шахслар ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий ўқуви шартнома асосида махсус ташкилотларда (масалан, Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш марказида, турли бизнес мактабларида ва ҳ.к.) ҳам амалга оширилиши мумкин. 

Ҳуқуқий ўқитишдан фарқли ўлароқ ҳуқуқий ўқишда мансабдор шахс ва ходим мустақил равишда ўзининг ҳуқуқий билимларини оширади. Бунда у ўзининг меҳнат фаолияти учун зарур бўлган қонун ҳужжатларини, ҳуқуқий мазмундаги мақолаларни, ҳуқуқий адабиётларни, суд амалиёти материалларини ва шунга ўхшаш ҳуқуқий мазмундаги маълумотларни топади ва ўрганиб боради. 

Ҳуқуқий таълимни ҳуқуқий тарбияда тутган ўрнини қуйидагича изоҳлаш мумкин, яъни тарбия инсон онгининг эмоционал-иродавий жиҳатларига ҳамда дунёқарашига таъсир кўрсатади. Ўқиш ёки ўқитиш эса инсонга ахборот-танишув таъсирини ўтказади. Бироқ эмоционал-иродавий таъсирлар ҳуқуқий амалиётда сезиларли даражада чекланган, чунки жамиятнинг онгида мавжуд бўлмаган ва фуқароларнинг фаолиятида кузатилмаётган ва фақатгина сўзларда айтилаётган қадриятларни фуқаролар томонидан ҳурмат қилинишига эришиб бўлмайди. Ушбу муаммо фақатгина фуқароларни ҳуқуқий ўқитиш ёки уларнинг ҳуқуқий ўқиши орқали бартараф этилиши мумкин. Бунда фуқаролар амалдаги юридик қоидалар билан ва ҳуқуқий амалиётда (муайян маъмурий ҳудудда ёки ташкилотда ёхуд чет давлатларида) самара бераётган илғор тажриба билан таништирилиб борилади. 

Ҳуқуқий тарғибот ҳуқуқий тарбия жараёнининг муҳим таркибий қисми бўлиб, ҳуқуқий билимлар, ғоялар, амалдаги қонун ҳужжатларини, давлат томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни аҳоли орасида тарғиб этиш ва тушунтиришни ўзида мужассамлаштиради. Ҳуқуқий тарғибот ҳуқуқий билимларни, ҳуқуқий ечимларнинг, ҳуқуқий хатти-ҳаракатларнинг, хулқ-атворларнинг у ёки бу вариантларини танлаш ҳамда уларнинг оқибатларини, ҳуқуқий нормалардан фойдаланиш, уларни бажариш, муайян нормаларни қўллаш амалиётини оммавий равишда тарқатиш ва тушунтириш орқали амалга оширилади. Ҳуқуқий тарғибот оғзаки шаклда, оммавий ахборот воситалари, адабиёт ва санъат асарлари воситалари ёрдамида амалга оширилади. Бунда оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий мавзулардаги мақолалар чоп этилади, ҳуқуқий адабиётлар нашр этилади, ҳуқуқий мавзуларда турли ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар ва эшиттиришлар тайёрланади. Ҳуқуқий тарғибот қайси соҳада ўтказилишидан қатъи назар доимо тизимли, тартибли ва аниқ мақсадга йўналтирилган бўлиши лозим. Юридик хизмат ходими ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боришда юқорида айтиб ўтилган барча воситалардан самарали фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Бунда айниқса оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ҳуқуқий мазмундаги мақолалардан ҳамда ҳужжатли фильмлардан кенг фойдаланиш лозим.

Ходимларни ҳуқуқий тарбиялашда қонунлар ва юридик амалиётнинг тарбиявий таъсири муҳим ўрин эгаллайди. Давлат ва хўжалик бошқарув органларининг таркибий тузилмаларида фаолият кўрсатувчи ходимлар бевосита ўзларининг вазифалари ва функцияларини бажаришлари учун муайян қонун ҳужжатларининг мазмунидан хабардор бўлиш, уларни қўллай олиш ва ҳатто ўзларининг фаолияти билан боғлиқ ишлар юзасидан судларда иштирок этиш тақозо этилади. Қонун ҳужжатларининг мазмунини ўзлаштириш ва уларни қўлланилиши билан боғлиқ юридик амалиёт ўз-ўзидан ходимларнинг ҳуқуқий тарбиясини оширишга олиб келади. Масалан, қонунларда муайян хатти-ҳаракат учун жиноий, маъмурий, иқтисодий, интизомий жазо чораларини белгиланганлиги фуқаролар ва мансабдор шахсларни ноқонуний фаолият билан шуғулланишдан тияди. Шунингдек, судлар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари (ҳукм, ҳал қилув қарори, қарор ва ҳ.к.) ҳам тарбиявий таъсир кучига эга.

Ҳуқуқий ташвиқот фуқаронинг онгига ва иродасига психологик таъсир этиш усулларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ташвиқот сўзи “даъват этиш, уйғотиш” маъносини англатади. Ҳуқуқий ташвиқот орқали фуқаролар қонун нормасида белгиланган доирада хатти-ҳаракат қилишга чақирилади ёки даъват этилади. Шунинг учун ҳам ҳуқуқий ташвиқот инсон онгига ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг самарали воситаларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Ҳуқуқий ташвиқот ўзининг хусусиятлари билан ҳуқуқий тарғиботдан фарқ қилади. Ҳуқуқий тарғиботдан мақсад ҳуқуқий билимларни тарқатиш ва тушунтириш бўлса, ҳуқуқий ташвиқотда ҳуқуқ субъекти ва унинг хулқ-атвори тегишли даражада бўлишга чақирилади. Ҳуқуқий тарғиботда тақдим этиладиган ахборот ҳуқуқий ғоялар ҳамда ҳуқуқий нормалардан иборат бўлса, ҳуқуқий ташвиқотда ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган факт ахборот ролини ўйнайди.

Ҳуқуқий ташвиқот орқали, биринчи навбатда, ҳуқуқ субъектининг иродасига, сўнгра онгига информацион таъсир ўтказилади ва ушбу таъсир фуқарони ҳуқуққа хилоф ҳаракат қилмасликка ва қонуний хулқ-атворда бўлишга чорлайди. Ҳуқуқий ташвиқот орқали фуқароларнинг хулқ-атвори қонун нормалари талаблари доирасида бўлишига эришилади. Қонун нормаларининг мазмунини эса фуқаролар ҳуқуқий тарғибот ҳамда ҳуқуқий таълим воситалари ёрдамида ўзлаштириб олишади. Ҳуқуқий тарғибот амалдаги қонунчиликни, уни амалиётда қўллашни тарқатиш ва тушунтириш орқали фуқароларда ҳуқуқий дунёқарашни шакллантиради. Шунинг учун ҳуқуқий тарғиботдан мақсад фуқароларда ҳуқуқий дунёқарашни шакллантириш бўлса, ҳуқуқий ташвиқотдан мақсад фуқароларда ҳуқуқ нормалари талабларига жавоб берадиган хулқ-атворни шакллантиришдан иборат. Масалан, юридик хизмат корхона ходимларига шартномавий муносабатлар қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши тўғрисида маълумот бериш орқали ҳуқуқий тарғиботни амалга оширcа, шартнома интизомига риоя қилишининг ижобий жиҳатларини ҳамда шартнома интизомига риоя қилмасликнинг салбий жиҳатларини, шунингдек, уларнинг оқибатларини кенг маънода тушунтириш орқали ҳуқуқий ташвиқотни амалга оширади.

Юридик хизмат томонидан давлат ва хўжалик бошқарув органлари тузилмасидаги ходимларни ўз вақтида ва етарли даражада ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш уларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқий ишлар сифатини ошириш, шартномавий муносабатларда уларнинг манфаатларини юқори даражада ҳимоя қилиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш имкониятини яратади. Маълумки, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти бир-биридан тубдан фарқ қилганлиги учун уларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Масалан, нефть ва газ соҳасида қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қишлоқ хўжалиги ёки енгил саноат соҳасидаги ҳужжатлардан ўзининг мақсади, мазмуни ва моҳиятига кўра тубдан фарқ қилиши мумкин. Ҳар бир тармоқнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тегишли субъект фаолиятига тўғри ва аниқ татбиқ этишда юридик хизмат муҳим ўрин эгаллайди. Бошқача қилиб айтганда, муайян соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг амалдаги ҳолатини, ўзига хос хусусиятларини таҳлил этиш, назорат қилиб бориш (тегишли тартибда тизимлаштириш орқали) ҳамда раҳбарни, шунингдек, тегишли бошқарма (бўлим, хизмат) ходимларини бу ҳақда доимо хабардор қилиб туриш бевосита юридик хизматнинг вазифаларидан бирини ташкил этади. 

Ҳуқуқий тарбиялашда шахсий ҳуқуқий тарбия муҳим ўрин эгаллайди. Ҳуқуқий тарбиянинг мазкур шакли сезиларли даражада самаралидир. Шахсий ҳуқуқий тарбия фуқаронинг ҳуқуққа бўлган ҳурматини шакллантириш, ўзини ўзи ўқитиш орқали ҳуқуқий қоидаларга қатъий риоя қилиш, ҳуқуқий воқеликни ҳамда шахсий амалиётни мустақил таҳлил этиш орқали амалга оширилади. Шахсий ҳуқуқий тарбия бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин. Масалан, бирорта давлат органининг, муайян ташкилотнинг ёки хўжалик юритувчи субъектнинг юридик хизмати томонидан маълум бир ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилиб, унга тегишли таклифлар билдириш, ҳуқуқий хатоларини тўғрилаш мақсадида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёхуд лойиҳанинг амалдаги қонун ҳужжатларга мос эмаслигини асослантирган ҳолда тегишли бошқарма (бўлим, хизмат)га қайтариш, у ердаги мансабдор шахснинг ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий онгини ва маданиятини оширишга муайян даражада хизмат қилади. Юридик хизмат томонидан ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига билдирилган фикрлар ва эътирозлар тегишли раҳбар, бошқарма (бўлим, хизмат) бошлиғи ёки мутахассис томонидан қайта кўриб чиқилиб, камчиликлар бартараф этилади. Натижада келгусида улар томонидан бундай хатоларга йўл қўйилмаслик учун замин яратилади.


Юклаб олиш


«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031