Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ф.Отахонов. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш


Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш //Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ахборотномаси. – 2013. 8-сон. – Б. 40–42.

 

 

Фозилжон Отахонов,

ЎзР ССП ҳузуридаги Халқаро тижорат 

арбитраж (ҳакамлик) суди раиси, ю.ф.н., доц.

 

ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ
 ҚАРОРИНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ
 ИШЛАРНИ ЮРИТИШ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мақсади инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ин­сонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини оширишдир.

Мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, улар ҳуқуқларининг поймол қилинишига йўл қўймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми яратилди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг ман­фаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади. Сўнгти йилларда низоларни муқобил усуллар орқа­ли ҳал этишга катта эътибор берилмоқда. Жумладан низоларни ҳакамлик судларида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қуйилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуни 2006 йил 16 октябрда қабул қилинган на 2007 йил 1 январдан бошлаб кучга кирган бўлиб, у Ўзбскистонда низоларни муқобил ҳал этиш усулларидан бири сифа­тида ҳакамлик судини ташкил қилиш ва фаолиятининг ҳуқуқий асосини қонун даражасида мустаҳкамлади.

Ҳакамлик суди (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик суди) фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар­ни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат органдир.

Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ҳамда ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмас. Ҳакамлик суд­лари юридик шахс бўлмайди.

Юқорида қайд қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикасида ҳакамлик судларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган Қонун 59 та моддани ўз ичига олган 9 бобдан иборат бўлиб, унда ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари, уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, ҳакамлик судлари томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битимининг шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, даъво аризаси ва у юзасилан ёзма фикр тақдим қилиш, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан ваколатли судда низолашиш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ижро этишга оид нормалар белгиланган.

Ушбу Қонуннинг 7-бобида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан ваколатли судда (хўжалик суди ёки фуқа­ролик ишлари бўйича судда) низолашиш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қаро­рини бекор қилиш асослари ҳамда унинг оқибатларига оид нормалар ифодаланган. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республика­сининг 2007 йил        1 августдаги «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республика­сининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига асосан Ўзбекистон Республи­касининг Хўжалик процессуал кодексига (ХПК) «Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш­ларни юритиш» деб номланган янги 201-боб киритилган. Унда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шак­ли ва мазмуни, уни кўриб чиқиш тарти­би, ҳакамлик судининг ҳал қилув қаро­рини бекор қилиш асослари ҳамда хўжа­лик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича ажримига оид процессуал норма­лар белгиланган.

ХПКнинг 1551-моддасида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги аризани бериш, унинг қайси хўжалик суди томонидан кўриб чиқилиши ҳамда ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тартиби бел­гиланган.

«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мунофиқ ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳакамлик судига даъво тақдим қилган юридик ва жисмоний шахслар (даъвогарлар), шунингдек ўзига нисбатан даъво тақдим этилган шахслар (жавобгарлар) ҳисобланади.

Хўжалик судига тааллуқли низо деганда ҳакамлик суди томонидан ҳал қилин­ган ҳамда хўжалик суди томонидан ХПКнинг 23 ва 24-моддаларига мувофиқ кўриб чиқилиши мумкин бўлган ишлар ва низолар тушунилади. Шу ўринда ҳакамлик судлари фақат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этиши, аммо улар маъмурий, оила ва меҳнат-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни (хусусан, банкротликка оид ишларни) ҳал этмаслиги ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органла­ри ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслигига эътибор қаратиш лозим бўлади.

Одатда, хўжалик судлари томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорларини қайта кўриш бўйича ишда иштирок этувчи шахслар томонидан апелляция ва кас­сация шикоятлари берилади. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида эса фақат ҳакамлик муҳо­камаси тарафлари бўлган даъвогар ёки жавобгар томонидан хўжалик судига аризи берилиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан ҳакамлик муҳокамаси тарафлари фақат низолашишлари мумкин, холос. Чунки, хўжалик суди ишини қайтадан кўриш ҳуқуқига эга эмас. Хўжалик суди томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган тақдирда ҳам низо (кейинчалик ҳакамлик битими ёки шарти бекор қилинмаган ёки ўзгартирилмаган бўлса) қайтадан ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Хўжалик судига ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ариза у олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида берилиши белгиланган. Бу муд­дат процессуал муддат ҳисобланади ва у ХПКда белгиланган тартибда тикланиши мумкин.

Ҳакамлик судлари томонидан ҳакам­лик муҳокамаси тарафи бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарорлари қабул қилиш ҳолатлари учраётганлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республи­кам Олий хўжалик суди Пленуми ўзининг 2012 йил 15 июндаги 238-сонли «Хўжалик судлари томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг 5-бандида ҳакам­лик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, ушбу шахслар бундай ҳал қилув қарори устидан ХПК 170-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига мос ҳолда ҳал қилув қарорини бе­кор қилиш ҳақида хўжалик судига ариза беришлари мумкин, деган тушунтириш берган.

«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг 39-модцасига мувофиқ ҳакам­лик судининг ҳал қилув қарорида ҳакам­лик муҳокамаси ўтказилган жой кўрсатилиши шартлиги белгиланган. Мазкур Қонуннинг 26-моддасида ҳакамлик муҳо­камаси ўтказиладиган жой доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида унинг қоидаларига мувофиқ ҳамда муваққат ҳакамлик судида эса ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келишуви билан ёки бун­дай келишув бўлмаган такдирда, низо ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ҳакамлик судининг ўзи томонидан белгиланиши кўрсатилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ҳакамлик суди Регламентининг 9-моддасида ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ҳакамлик судининг биноси ҳисобланиши белгиланган. Шу би­лан бир қаторда, ҳакамлик муҳокамаси таркиби тарафлар хоҳишига кўра муҳокамани Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудида ўтказиши ҳам мумкинлиги кўзда тутилган. Мазкур ҳакамлик су­дининг биноси Тошкент шаҳрида жойлашган ва одатда ҳал қилув қарори Тош­кент шаҳрида чиқарилади ҳамда ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза Тошкент шаҳар хўжалик судига берилиши лозим. Агар ҳакамлик муҳока­маси Андижон шаҳрида ўтказилиб, ҳал қилув қарори у ерда қабул қилинган бўлса, у ҳолда мазкур ҳал қилув қарори­ни бекор қилиш тўғрисидаги ариза Ан­дижон вилоят хўжалик судига берилиши лозим.

Демак, ҳакамлик суди жойлашган жой билан ҳакамлик муҳокамаси ўтказилади­ган жой ёки бошқача айтганда, ҳал қилув қарори қабул қилинган жой ҳар доим ҳам бир хил бўлмаслиги мумкин. Бу эса, юқорида қайд қилинган ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қаро­рини бекор қилиш тўғрисида ариза бери­лиши ва у хўжалик суди томонидан кўриб чиқилиши жараёни ҳакамлик судига ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш мажбуриятини юклайди.



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031