Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Четлатилган илм одамлари, соҳа ривожини секинлатган «лаббайчи процессуалчи»лар ёхуд одил судлов суд остонасидан бошланади 

Четлатилган илм одамлари, соҳа ривожини секинлатган «лаббайчи процессуалчи»лар ёхуд одил судлов суд остонасидан бошланади 


Давлатмиз раҳбари таъбири билан айтганда, "Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон суддан рози бўлиб кетиши керак".

Баъзан мутахассис ва амалиётчилар ушбу фикрга ўз муносабатини билдириб, "Суд аввало қонун устуворлигини таъминлаши керак, одамларни рози қилиш, судларда икки ёки ундан кўп тараф бўлади, уларнинг барчасини рози қилиш имконсиз", қабилидаги фикрларни билдиришади.

Буни қўйидагича изоҳлаймиз: одил судлов ўзи нима дегани? Жайдари қилиб ёки соддагина айтганда, одил судлов, бу – судлар томонидан адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали ҳақиқатни рўёбга чиқариш, яъни бузилган ҳақ-ҳуқуқ, эркинлик, манфаат ва кафолатни тиклаш дегандир. Одамларни суддан рози қилиш деган жумланинг таг-замирида ҳам ана шу моҳият мужассам.

 

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА КEЛИШУВ ВА МEДИАЦИЯ ИНСТИТУТИНИ КEНГ ҚЎЛЛАШ ДАВР ТАЛАБИ

П.Закирова, судья: – Иқтисодий ишлар бўйича Тошкент туманлараро судида ўтган 2021 йилда иқтисодий низоларнинг 160 таси келишув битими билан якунланган бўлса, 495 та иқтисодий иш бўйича тарафлар медиатив келишувга эришган. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 низо бўйича келишув битими, 136 та низо юзасидан медиатив келишув тузилди. 

Албатта бу рақамлар судда умумий кўрилган ишларга нисбатан қиёсласак, арзимас рақамлардир. Демак, бу борада ҳали судлар фаолиятида ҳам, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида ҳам қилинадиган ишларимиз кўп.

Негаки, Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт стратегияси судлар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга, судларда низоларни ҳал этиш вазифаларини ҳам юклагани бежиз эмас.

 

ЖАВОБГАРЛАРНИНГ ҲАМ ҚОНУНУНИЙ ҲУҚУҚ-МАНФААТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ДАРКОР

Б.Султонов, судья: – Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяларининг иш ҳажми республика миқёсида энг юқори кўрсаткични ташкил қилади.

Жумладан, 2021 йилда судьянинг бир ойлик ўртача иш ҳажми 230 яқинни ташкил қилган бўлса, Навоийда 27 тани, Қашқадарёда 79 тани ташкил этган. Шунингдек, ўтган йил давомида Тошкент туманлараро иқтисодий судида иқтисодий ишлар билан боғлиқ, 1 00 000 га яқин турли хил мурожаатлар, хат-хабарлар ҳам келиб тушган.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йилда жами кўрилган ишларнинг 20 фоизини тиббий маҳсулотлар етказиб бериш тўғрисидаги шартномалардан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Бундай низоларда жавобгарларнинг аксарияти республикамизнинг бошқа ҳудудларида жойлашгани ҳамда жавобгарларнинг ҳам қонуний ҳуқуқ-манфаатларини ҳисобга олсак, бу каби низоларда шартномавий келишув асосидаги судловга тегишлилиги масаласини қонун ҳужжатлари доирасида амалиёт ва илмий асослантирилган ҳолда қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. 

 

БАНКРОТЛИККА ОИД НИЗОЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ МУРАККАБ ЖАРАЁНИ АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ВА ЕТАРЛИЧА САЛМОҚЛИ ВАҚТНИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА

Н.Байзакова, судья: – Суд томонидан банкрот деб топилган корхоналарни тугатиш жараёни баъзан белгиланганидан ортиқ муддат давом этиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. 

Банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорларида Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги қонун талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 августдаги 224-сонли қарори билан тасдиқланган «Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари»га асосан сохта банкротлик (банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш) аломатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тақдим этиш, қилинган ишлар ҳақида ҳар ой якуни билан судга маълумот бериб бориш, тугатиш бошқарувчилари томонидан юқоридаги вазифалар бажарилмаган ҳолатда судга ариза билан мурожаат қилиб, тугатиш муддатини узайтириш, тугатиш бошқарувчиси тайинланган вақтдан эътиборан у томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот, кредиторлар реестри тузилганлиги, кредиторлар йиғилиши ўтказилганлиги, корхонанинг молиявий аҳволини таҳлил қилиш билан боғлиқ ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилиши, тугатиш бошқарувчиларининг фаолияти устидан суд томонидан назорат ўрнатиш кабилар катта меҳнат ва вақтни талаб қилади. 

Албатта ушбу жараён ҳам биринчи инстанция суди иш юкламасага чамбарчас боғлиқдир. Шу асосда мураккаб тоифадаги банкротликка оид ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишда юқори инстанция судларининг ҳам кўмагига эҳтиёж сизилаётир, яъни ушбу тоифа ишлар ўрта бўғин судларининг судловига ўтказилиши бундай низоларни вақтида ҳал этилишига асос бўлиши мумкин.

 

СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ИЖРО МEХАНИЗИМИ ДАВР ТАЛАБИГА МОСЛАШИШИ ЗАРУР

Б.Абдураҳимов, судья: – Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг жойлардаги бўлимларига юборилган ижро ҳужжатларининг 75 фоиздан ортиқ қисми амалда ижро этилган.

Қолган 25 фоизга яқин ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айтиш мумкинки, суд қарорларини ижро тизимини такомиллаштириш ўз-ўзидан суд ҳокимиятига нисбатан ҳурмат ва аҳоли ишончини оширувчи омилдир.

Суднинг вазифаларидан бири ҳам қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантиришдан иборат.

Демакки, суд қарори ижроси билан кучли. Шундай экан, суд қарорларини сўзсиз, муҳокамасиз, халқаро стандартларга мувофиқ бўлган – «суд ҳужжати тўғридан-тўғри ижрога» тамойилини амалиётга жалб этишнинг ҳам норматив-ҳуқуқий, ҳам техник механизмини имкон қадар тезроқ жорий этиш лозимдир. 

 

СУДЛАРДА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛАР, КИЧИК БИЗНEС СУБЪЕКТЛАРИ ВА ФEРМEР ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

О.Гулямова, судья: – Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 13 270 та иш кўрилиб, улар фойдасига 1 443,9 млрд. сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.

Бу тоифа низоларни кўриб чиқиш жараёни суд амалиётидан келиб чиқиб айтиш лозимки, низоларда ишни судгача ҳал этиш механизмидан фойдаланиш, низоларни ҳакамлик судларида ҳал этиш институтини такомиллаштиришга доимгидек зарурат мавжуд.

Шунингдек, ушбу низоларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бундай иқтисодий ишларнинг тарафлари бўлган жисмоний ва юридик шахслар, яъни суд мажлиси иштирокчилари шартномавий муносабатларда ўз мажбуриятларини бажаришга етарлича масъулият билан ёндашмаётгани кўринмоқда.

Бир сўз билан айтганда, шартнома тарафлар ўртасида имзоланган қонун ва у сўзсиз бажарилиши лозим, деган қараш ҳали ҳам аҳоли онгига чуқур из қолдирмагандек... 



ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН ЁКИ НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМАЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ БОРАСИДАГИ ИШЛАР

Н.Ҳамидов, судья: – Суд статистик маълумотига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган ёки ноқонуний қурилмаларни бузиш борасидаги ишлар амалиётига эътибор қаратсак, 2021 йилда прокуратура органлари томонидан 17 та, Ўзбекистон Республикаси ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 3 та, ҳокимиятлар томонидан 272 та ана шундай даъволар киритилган бўлса, 2020 йилнинг дастлабки 2 ойи давомида прокуратура органлари томонидан 10 та, Ўзбекистон Республикаси ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 125 та, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан 96 та даъво аризалари киритилган.

Яъни жорий йилнинг икки ойда 231 та (2021 йилда жами 292 та) киритилган бу тоифа даъво аризалар қисқа муддатда сезиларли равишда ортганлиги, ўзбошимчалик билан қурилган ёки ноқонуний қурилмалар бўйича тегишли равишда тизимли назорат ўрнатилмаганлиги, назорат идоралари томонидан бу борада қонунни назоратига эмас, топшириққа қараб иш кўрилганлиги, шу оқибатда судга шошма-шошарлик билан даъво аризалар тақдим этилганлиги билан изоҳланади.

Даъво аризалар ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида бир қатор даъво аризалари процессуал қонун талабларига мос ҳолда тақдим этилмаганлиги, низони судгача ҳал этиш тартибига риоя этилмаганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Айтиш лозимки, бу каби даъволарни беришдаги йўл қўйилаётган тизимли камчиликлар албатта жавобгар томоннинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этмаслиги керак. 

 

ИҚТИСОДИЙ СУДДА ЭЪТИБОР АВВАЛО, НИЗОНИ ҲАЛ ЭТИШГА ҚАРАТИЛИШИ ЛОЗИМ

Н.Абдураҳмонова, судья: – Тошкент туманлараро иқтисодий суди иш юкламасини эътиборга олган ҳолда ҳамда суд томонидан қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ матнини 5 кун ичида тарафларга бериш (юбориш), электрон тизимга жойлашда муддатларини узайтириш, суд қарорларини ёзишга қўйиладиган талабларни ҳам соддалаштиришни тақозо этмоқда.

Амалиётда шикоят ёки протест келтирилмайдиган суд ҳужжатлари ҳам тўлиқ матнда 5-10 варақда ёзилади. Бунда тарафларга ушбу ҳужжатларнинг хулоса қисмини бериш етарли ҳисобланади.

Халқаро амалиётга юзлансак, қатор ривожланган давлатларда судья суд қарорини хулоса қисмини эълон қилиб, уни тарафларга топшириши, фақатгина тарафлардан мурожаат келиб тушган тақдирда қарорнинг тўлиқ матни тайёрлаб берилиши белгиланган.

Масалан, худди шундай тартиб Грузияда ҳам мавжуд бўлиб, судья қарор эълон қилинганидан кейин 14 кун муддатда қарорни тўлиқ матнини тайёрлаши лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикасида ҳар бир судьяга тўғри келадиган иш ҳажмини инобатга олиб, суд қарорларини тез муддатда тайёрлаб бериш ҳақидаги талаб ушбу қарорларнинг сифати ва барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Судьянинг эътибори асосан процессуал талаблар билан банд бўлиб, моддий ҳуқуқ нормалари қўллаш борасида кам вақт сарфлаш, атрофлича ёндашмаслик ҳолатлари келиб чиқиши мумкин.

 

ИШЛАРНИ СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА КЎРИШ АМАЛИЁТИ

С.Тўлқинов, судья: – Ўзбекистон республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 23-1-бобида соддалаштирилган тартибда иш юритиш тартиби белгиланган бўлиб, шу кодекснинг 203-2-моддасига мувофиқ, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим. 

Тошкент туманлараро иқтисодий судида ўтган йилда 4483 та иқтисодий ишлар соддалаштирилган тартибда кўрилган. Жорий йилда эса 717 та ана шунда аризалар кўриб чиқилди (кўриб чиқилмоқда). 

Таҳлилларга қараганда, кўрилган бундай ишларнинг аксарият қисми қисми бўйича даъволар қаноатлантирилган бўлиб, жуда кам ҳолатда жавобгарлар томонидан шикоят қилингани кўринади.

Демак, ушбу тоифа ишларни Ўзбекистон республикаси Иқтисодий процессуал кодекси доирасида суд буйруғи тартибида кўриб чиқиш амалиётига ўзгартириш масаласини амалий ва қонунчилик асоси нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. 

 

СУДЛАРГА МУРОЖЖАТ ҚИЛИШДА ДАЪВО МУДДАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШДА СУДНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ КEНГАЙТИРИШ МУҲИМ

Д.Хайруллаева, судья: – Ўзбекистон республикаси Иқтисодий процессуал кодексида умумий даъво муддати уч йил этиб ва бошқа махсус даъво муддатлари белгиланган тегишли Пленум қарорида ушбу нормалар юзасидан тушунтиришлар берилган, лекин суд амалиёти жараёнида баъзан даъво муддати сабаб даъвогарларнинг реал бузилган ҳуқуқлари тикланмай қолиши ёки даъво муддатининг узрли ёки узрсиз ўтказиб юбориш ҳолатларини аниқлаш мезонлари ёритилмагани кўринади.

Бу борада илғор чет эл тажрибаси эса айнан шу – ўтказиб юборилган даъво муддатини қўллаш, қўлламасликда судьянинг устувор ваколатларини назарда тутади ва амалиёт аввало бузилган ҳуқуқларни тиклашга қаратилган бўлиб, низоларнинг кўпайиши ёки камайишини бирламчи ўринга чиқармайди ва бу амалиёт эса Иқтисодий процессуал кодексида белгилангани каби иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (бундан буён матнда юридик шахс деб юритилади) ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.



СУДЛОВГА ТEГИШЛИЛИК МАСАЛАСИДА ДАЪВОГАР ВА ЖАВОБГАРНИНГ ҲУҚУҚ-МАНФААТЛАРИГА БИРДАЙ ЭЪТИБОР БEРИШ ШАРТ

Д.Эшимбетова, судья: – Иқтисодий судлар аввало, тадбиркорлик субъектлари ва жамият ижтимоий-иқтисодий соҳаларида одил судловни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда иқтисодий судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан қараб чиқиш ва одил судловни амалга оширишда самарали механизмларни жорий қилиш долзарб вазифадир.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг судловга тегишлилик масалалари қайта кўрилиб, шартнома бўйича судловга тегишлилик, кодекснинг 33 ва 34-моддаларида белгиланган судловга тегишлилик тарафларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақидаги норма чиқарилса, кодексдан чиқариб ташланса ёки фақатгина даъвогар жойлашган жойдаги судда эмас, балки бошқа бирор бир мақбул ечим қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Чунки бу нормага асосан шартнома тарафлари ҳар иккаласи бир вилоятдан бўлса-да, амалиётда Тошкент туманлараро иқтисодий судида иш кўришни танлашади. Натижада бу судда ишлар ҳажми ошишини келтириб чиқармоқда.

Бунинг салбий жиҳатлари, тарафларни хабардор қилиш, жавобгарни суд мажлисига қатнашишини таъминлашда ҳам бироз ноқулайликлар келтириб чиқариб, натижада ишларни 3 мартадан кўп қолдиришга сабаб бўлувчи омиллардан бири бўлмоқда.

 

ҚАБУЛ ҚИЛИНАЁТГАН СУД ҲУЖЖАТЛАРИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР

М.Муҳитдинов, судья: – Тошкент туманлараро иқтисодий суди фаолиятида сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида замонавий ахборот технологияларидан, соҳадаги инновацион ютуқлардан фойдаланилган ҳолда иқтисодий судга келиб тушаётган соддалаштирилган ва бир тоифадаги ишларни кўриб чиқишда сунъий интеллект асосида автоматлаштирилган суд тизимни йўлга қўйиш мумкин. 

Бу эса ўз навбатида судьялар ва суд ходимларининг иш самарадорлиги ва сифат кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилади.

Суд биносида юридик адабиётлар ва қонун ҳужжатлари билан таъминланган Ҳуқуқий ахборот хонасини ташкил этиш яхши натижа беради. 

Ривожланган хорижий давлатларнинг суд органлари биноларида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари (адвокатлари)нинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда одил судловга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида юридик адабиётлардан иборат коворкинг хоналари мавжуд.

Бизнинг амалиётимиз таҳлили эса ҳатто судлар ва адвокатлар фаолиятида ҳали-ҳамон катта масофа борлигини, ўзаро қонунларга мувофиқ, тизимли алоқалар йўлга қўйилмаганини кўрсатади.

Аммо ҳар иккисининг ҳам фаолияти аслида одил судловни таъминлашга, судлар томонидан адолатли, қонуний ва тўғри қарорлар қабул қилинишига хизмат қилиши керак...

 

БАНКДАГИ ҲИСОБ ВАРАҚЛАРИ БЎЙИЧА ОПEРАЦИЯЛАРНИ 10 КУНДАН КЎП МУДДАТГА ТЎХТАТИБ ТУРИШ

А.Мамирова, судья: – Тошкент туманлараро иқтисодий судида 2021 йил давомида 19 мингдан ортиқ банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш (ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш) ҳақидаги аризалар келиб тушган бўлиб, шуларнинг 18 311 таси мазмунан кўриб чиқилган.

Ушбу тоифага ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш юзасидан кўрилган ишлар таҳлили натижаси бўйича шундай хулоса қилиш мумкинки, бу каби аризалар судларга киритилишига солиқ мажбуриятлари билан боғлиқ омиллар асос бўлади.

Ваҳоланки, солиқ мажбурий тўлов ҳисобланади. Бунда мазкур низоларнинг маъмурий ёки иқтисодий низо эканлигига ҳуқуқий жиҳатдан аниқ бир чегара белгилаш зарурати бор.

Бу низоларнинг судловга тааллуқлилиги масаласида ҳам солиқ идоралари мустақил қарор қабул қилиши, қарордан норози тараф маъмурий ишлар бўйича судга мурожаат қилиш мумкинлигини ҳам қайта кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. 

 

СУДДАГИ ИШ ЮКЛАМАСИ

И.Ҳамраев, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси ўринбосари: – Тошкент туманлараро иқтисодий судига 2021 йил давомида 54 345 та даъво аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 43 656 таси мазмунан кўрилган. 

2021 йил умумий статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, Тошкент туманлараро иқтисодий суди 52 мингдан ортиқроқ иқтисодий ишларни кўриб чиқди, албатта бунинг ичида сезиларли бўлмаса-да, қайтарилган даво аризалари ҳам бор. 

Ушбу рақамларни умумий судьялар сонига қараб тақсимлайдиган бўлсак, ўртача битта судьяга бир йилга 3400 донадан иқтисодий иш тўғри келмоқда. Бу рақамни ойлик кўрсаткичини чиқарсак, 283 та, кунилиги эса ўртача 13 тани ташкил қилади.

Ҳар битта судья ҳафта давомида 2 кунни процесс залида ўтказса, албатта бу судьялар сони ва процесс заллари сонига мутаносиб равишда бўлиши ҳам эътиборли масаладир.

Бир ҳафта давомида ҳар бир судья ўртача 65 та ишни икки кунга тақсимлаб кўриши лозим. Бир кунга 33 тадан иш тўғри келмоқда. Иш туркумларининг хилма-хиллигига келсак, ишларнинг салмоқли қисмини олди-сотди ва маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан келиб чиққан низолар асосий ўринни эгаллайди. 

Шу билан бирга, кўриб чиқиш бирмунча мураккаб бўлган иш туркумлари, яъни пудрат, кредит, лизинг, корпоратив низолар ва бошқа турдаги ишлар ҳам мавжуд. Мураккаб ва нисбатан мураккаброқ ишлар кунлик ҳар 33 та ишдан ўртача 8-10 та ишни ташкил этади, деб олайлик. 

Суд муҳокамаси давомида тарафларни тинглаш ва улардан қўшимча ҳужжатлар талаб қилиб олиш учун баъзан бир иш доирасида бир соат вақт камлик қилиши мумкин.

Ваҳоланки, судьяни кейинги ҳафтада яна янги тайинланган ишлар кутиб турибди... 

Хорижий тажрибага эътибор берадиган бўлсак, мисол учун, Россия федерацияси, Буюк Британия, Германия ва бир қатор бошқа давлатларда медиация тизими анча яхши йўлга қўйилган. Шу сабабли судга жудаям кам ҳажмдаги ишлар етиб келади. Бундан ташқари, Арбитраж судларининг роли бирмунча юқори ҳисобланиб, улар ҳам ишни иқтисодий судгача кам миқдорда етиб боришига сабаб бўлади. 

 

НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ЭТИШ, КEЛИШУВ, МEДИАЦИЯ ИНСТИТУТЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА АМАЛДА КEНГ ҚЎЛЛАШ

Н.Муродов, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси: – Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогарлар фойдасига жавобгарлардан жами 4 794 144 210 000 сўм пул маблағлари ундиришга доир суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Эътиборлиси шундаки, агар бугун иқтисодий судларда кўрилаётган ишларнинг маълум қисми бўйича низоларни судгача ҳал этишнинг реал имкони усул ва воситалари мавжудлигини тан олсак, қанчадан-қанча суд харажатлари билан боғлиқ маблағлар тадбиркорлик субъектларининг ёнига қолар ва олтинга тенг вақтлари тежалар эди.

Суддаги бугунги иш ҳажми, судьянинг нормал фаолиятига, қабул қилинаётган суд ҳужжатлари сифатига таъсир этаётганлиги бу аксиомадир.

Судьялар белгиланган иш вақтидан кейин қолиб ишлаётгани ҳам бор гап. Иш ҳажми юқорилиги натижасида, 0,5 ставкада ишловчи судья ёрдамчиларининг 20 нафари биргина 2021 йилнинг ўзида бошқа ишга ўтиб кетганлиги ҳам факт...

Айни пайтда Тошкент туманлараро иқтисодий судида муаоммога ечим судьялар сонининг, ходимлар штатини ошириш орқали бўлиши мумкин. Бу ҳам айни пайтдаги тезкор ечим. Албатта, бу ўз навбатида молиявий, моддий-техник таъминот билан ҳам боғлиқ масаладир.

Шу билан бирга, низоларни судгача ҳал этиш, келишув, медиация институтларини ривожлантириш ва ушбу институтларни амалда кенг қўллашга эришиш энг долзарб вазифадир.

Ўз ўрнида ушбу институтларни ҳамда арбитраж институтини лозим даражада ривожлантирмасдан туриб, иқтисодий ва фуқаролик, маъмурий судлар фаолиятини намунали қиламиз, дейишнинг ўзи мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Мазкур институтлар фаолиятини ривожлантириш, такомиллаштириш, йўлга қўйиш, юритиб юбориш амалиётимиз айтиб тургандек, ижро билан боғлиқ, яъни суд ҳужжатларининг ижросида қанчадан-қанча муаммо бўлган бир вазиятда таъкидланган институтларни ишлатиш, улар қабул қилган ҳужжатлар кучини кўрсатиш ҳам катта меҳнат талаб этади.

Афсуски, йиллар давомида ушбу соҳаларда илм одамларининг четлатилганлиги, "лаббайчи процессуалчи"ларнинг масъуллиги бу соҳа ривожини секинлатиб қўйди.

Бундан ташқари, ҳудудларда судларни ташкил этишда ҳудудий тамойил билан бирга, судлардаги иш ҳажми ҳам эътиборга олиниши, судловга тегишлилик ва тааллуқлилик масаласи бугунги амалиёт ва илм асосида чуқур қайта кўриб чиқилиши зарур.

Амалиёт эса, маъмурий судга тегишли қатор ишлар ҳали-ҳамон иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилаётганини кўрсатади.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930