Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди


2022 йил 17 июнь куни Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш, уларни кўриб чиқиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар халқимизнинг хоҳиш-истаги, эзгу мақсадлари ифодаси, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Шу сабабли бу жараён халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда, Конституциявий комиссияга фуқаролардан кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушаяпти.

Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, айниқса сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг фаоллиги яққол сезилмоқда. Фуқаролик жамияти институтлари бир томондан Конституцияни бойитиш мақсадида асослантирилган жамоавий таклифларни беришда жонбозлик кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан халқимиз орасида конституциявий ислоҳотларнинг тарғиботида фаол иштирок этмоқда.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Камалак” болалар ташкилоти фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Фанлар Академияси таркибидаги тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратура Академияси, Судьялар олий мактаби сингари институтлар Конституциявий комиссияга жамоавий таклифлар юборишда етакчи ўринларда турибди.

Йиғилишда Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳига келиб тушган ва сараланган ҳамда Йиғма
ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган навбатдаги таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан 24 соат давомида таклифлар қабул қилинаётгани, ўтган ҳафта давомида фуқаролардан келаётган таклифлар сони ва сифати кескин ортгани, халқимиз бу жараёнда фаоллик кўрсатаётгани таъкидланди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, жорий йилнинг 17 июнь ҳолатига кўра Таклифлар билан ишлаш гуруҳига жами 35 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Уларнинг аксарият қисми электрон шаклда юборилган бўлса, қолганлари маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оғзаки ёки ёзма шаклда, почта алоқаси ҳамда босма матбуот, телевидение, радио орқали юборилган.

Бу таклифларда Ўзбекистонни ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш принцип ва нормаларига асосланишини ташқи сиёсат принципларига қўшиш, ҳеч ким ўзининг фуқаровий ҳуқуқий шартномавий мажбуриятларини бажара олмаслиги сабабли озодликдан маҳрум этилмаслиги, ҳеч бир инсон қийноқларга ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога тортилмаслиги, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлигини конституциявий мустаҳкамлашга доир масалалар илгари сурилган.

Шунингдек, ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан ҳимоя қилиниши учун мурожаат қилишга ҳақлилиги, қонунда белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча диний ташкилотларнинг фаолият эркинлиги кафолатланишини назарда тутувчи таклифлар келиб тушган.

Қайд этилганидек, инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир. Фуқаролардан келиб тушаётган таклифларнинг салмоқли қисмини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир таклифлар ташкил этаётгани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганидан далолат беради.

Шунингдек, Конституциявий ислоҳотларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш бўйича ишлаб чиқилган Медиа-режанинг ижроси юзасидан ахборот берилди.

Фуқароларимизга конституциявий ислоҳотларга оид ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш мақсадида радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келинаётгани, бу ўз навбатида, оддий фуқарога конституциявий ислоҳотларнинг содда ва тушунарли тилда етказишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930