Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жамоасининг иштироки

Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жамоасининг иштироки


Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқоти институт жамоаси қуйидаги шакл ва йўналишларда иштирок этмоқдалар (маълумотлар 2022 йил 1 август ҳолатига).

Биринчидан, Конституциявий комиссия қарорига мувофиқ, Институт илмий ходимларидан 9 нафари Таклифлар билан ишлаш гуруҳи ва 4 нафари Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи таркибида фаол қатнашмоқдалар.

Иккинчидан, Институт ходимлари ўзларининг фаол фуқаролик позицияси ва илмий-экспертлик муассасаси вакили масъулияти ўлароқ, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан meningkonstitutsiyam.uz платформаси, махсус телеграмм бот, колл-марказ, анъанавий ва электрон почта орқали қатор таклифларни илгари сурдилар. 

Жорий йилнинг 21 май – 24 июнь кунлари мобайнидаги таклифларни дастлабки тарзда жамлаш босқичида Асосий қонунимиз моддаларига жами 207 та таклифлар киритилди. Мазкур таклифлар қисман Конституциявий қонун лойиҳасидаги нормаларда ёки уларнинг мазмунида ўз ифодасини топганлигини қайд қилиш мумкин. Хусусан, Конституция олий юридик кучга эга эканлиги ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши, болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари тақиқланиши, тиббиёт соҳасини ривожлантириш давлат зиммасида бўлиши, таълим муассасаларига бир хил ва тенг шароит яратилиши, мактаб ишлари сингари боғчалар фаолияти ҳам давлат назоратида бўлиши, қонунчиликни қўллашда юзага келадиган зиддиятлар инсон фойдасига ҳал этилиши, оталик ҳам оналик ва болалик сингари давлат томонидан муҳофаза қилиниши, ҳокимликлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатларини алоҳида-алоҳида белгилаш ва тўлдириш, маҳалла институтини давлат органлари тизимидан чиқариш каби масалаларни аниқ белгилаш сингари таклифлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, жорий йилнинг 25 июнь – 31 июль кунлари давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан 81 та таклиф берилди.

Учинчидан, конституциявий ислоҳотлар ҳамда Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича қатор давлат органлари, илмий муассасалар ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбати, семинар, конференция ва учрашув шаклида жами 97 та тадбир ташкил этилди. Ушбу анжуманларнинг 68 тасида Институт ходимлари томонидан бевосита маърузалар қилинди. 

Тўртинчидан, “Муҳим таклиф ўз аксини топиши керак”, “Асосий Қонунимизга қандай ўзгартишлар киритилиши керак?”, “Фуқаролик жамияти институтлари мақоми конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда”, “Янги Ўзбекистон – конституциявий ислоҳотлар йўлида”, “Конституциявий ислоҳотларда ёшлар овозини эшитиш муҳим”, “Конституцияга “ижтимоий давлат” ғояси нега киритилмоқда?”, “Бош қомусимизда 8 соатлик иш куни белгиланадими?” каби мавзуларда илмий-таҳлилий мақолалар тайёрланиб, матбуотда ва Интернет тармоғида эълон қилинди.

Умуман олганда жорий йилнинг 25 май – 1 август кунлари оммавий ахборот воситалари орқали 248 маротаба (шундан босма ва электрон нашрларда 15 тадан, радиода 24 та, телевидениеда 68 та, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда 126 та) чиқишлар қилинди ва ўтказилган тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ёритилди.

Бешинчидан, Институт веб-сайтида ўзбек ва рус тилларида “Конституциявий ислоҳотлар” махсус рукни йўлга қўйилди ва ҳозирга қадар ушбу рукнга ҳамда Институтнинг телеграмм ва фейсбук ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига конституциявий ислоҳотларга доир давлат раҳбарининг маърузалари, мақолалар, Конституциявий комиссия фаолияти билан боғлиқ ва бошқа тадбирлар ҳақида жами 300 дан зиёд материал жойлаштирилган бўлиб, мазкур маълумотлар билан танишганлар умумий сони 70 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Манба



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930