Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди

Истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди


Жорий йил 8 сентябрь куни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов ва Европа Комиссиясининг Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳалари натижага йўналтирилганлигини мониторинг қилиш миссияси бошлиғи Рахиля Нурбаева ўртасида ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳалар самарасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. 

Унда, шунингдек, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиқлари Алимжон Акилов (онлайн) ва Ботир Собиров ҳамда етакчи илмий ходим Амирулло Тухлибоев иштирок этди.

Муҳокамаларда Институт томонидан БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган халқ дeпутатлари Кeнгашларининг функционал таҳлили, маҳаллий тараққиётни стратегик ривожлантириш ва унда аҳоли иштирокини таъминлаш (минтақавий ривожланиш) ҳамда пилот ҳудудлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида Жамоатчилик-маслаҳат кенгашларини тузиш сингари лойиҳалар натижалари кўриб чиқилди.

Даставвал Ф.Отахонов Институт фаолияти ҳақида, шу билан бирга, лойиҳалар бўйича эришилган натижалар хусусида атрофлича сўз юритиб, ҳамкорликдаги мазкур лойиҳалар ҳар тарафлама мақсадли ва самарали бўлгани, жумладан, илғор хорижий тажрибалар таҳлил қилиниб, жараёнга фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилгани, ҳудудларда (ҳар бир ҳудуддан 300-400 киши) лойиҳалар юзасидан ижтимоий сўровлар ўтказилгани, лойиҳалардаги масалаларга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилгани ва бир-бирини такрорловчи, ишламаётган нормалар таҳлил қилиниб, якунлари бўйича пилот туманлар ҳокимлари ва маҳаллий Кенгашларига, тегишли идора ва ташкилотларга камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклифлар киритилгани, аниқ қонун лойиҳалари ва таҳлилий маълумотлар тайёрланиб, тегишлилиги бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига, Вазирлар Маҳкамасига ҳамда тегишли вазирликларга киритилганлиги, бу борада эришилган бошқа натижалар ҳамда ҳозирги босқичда олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Айни дамда 3-лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ҳокимлик ва халқ депутатлари Кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари аъзолари билан семинар-тренинг олиб бораётган лойиҳа раҳбари А.Акилов бевосита амалий жараёнлар тўғрисида тақдимот қилди. 

Р.Нурбаева Институт фаолиятига юқори баҳо бериб, бундан ташқари, айнан ҳамкорликдаги лойиҳалардан кўзланган натижалар билан боғлиқ батафсил маълумотларга эга бўлганлигини мамнуният билан эътироф этди ва келгусида Институт билан БМТ ТД лойиҳалари бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Учшашув асносида амалдаги лойиҳалар юзасидан кейинги босқичда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930