Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Гендер тенглиги ва эркакларни адвокация кампаниясига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди

Гендер тенглиги ва эркакларни адвокация кампаниясига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди


2023 йил 9-10 февраль кунлари WАGE консорциуми ташаббуси билан «Адвокация кампаниясини ўтказишда гендер масалаларидан фойдаланиш» ҳамда «Адвокация кампаниясига манфаатдор томонларни, жумладан, эркаклар ва бошқаларни жалб қилиш» мавзуларида халқаро тренинг ўтказилди.

Унда қирғизистонлик ва ўзбекистонлик гендер тенглигини таъминлаш бўйича мутахассислар, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари, юридик ҳамжамият ва бизнес вакиллари иштирок этди.

Инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири бўлган гендер тенглиги жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, барқарор ривожланиш негизида инсон салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади. Зеро, аёлларни жамиятга жалб қилиш самарадорлик ва иқтисодий ўсишни ошириши исботланган.

Таъкидлаш жоиз, инсоният ўз ҳуқуқлари ва имкониятлари бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида тўлиқ тенгликка эришиш учун узоқ йўлни босиб ўтиши керак. Гендер асосидаги зўравонликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, аёллар ва эркаклар, шу жумладан, қиз ва ўғил болаларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ресурслардан тенг фойдаланишини таъминлаш, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратиш зарур.

Тинчликпарвар ташкилот «Search for Common Ground»нинг гендер масалалари бўйича маслаҳатчиси Қайиргул Садибакасова тадбирни очар экан, юқоридаги масалаларга атрофлича тўхталиб, сайёрамиз аҳолисининг ярмини ташкил этган хотин-қизлар инсоният тамаддунининг ярим салоҳиятини ҳам ўзида мужассам этганини алоҳида тилга олди.

«Адвокация кампаниясига манфаатдор томонларни, жумладан, эркаклар ва бошқаларни жалб қилиш» мавзуидаги тақдимотида эксперт ушбу соҳанинг энг муҳим жиҳатларини очиб берди. Хусусан, Қайиргул Садибакасова бу борадаги етти қадам ва уларга хос энг муҳим жиҳатларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиб ўтди: биринчиси – эҳтиёжларни аниқлаш, иккинчиси – жамиятдаги “андозавий эркак” профилини тузиш, учинчиси – ахборот манбалари таъсирини ўрганиш, тўртинчиси – кампаниянинг кичик мавзусини аниқлаш, бешинчиси – ҳар бир мавзу бўйича кампаниянинг асосий хабарларини ишлаб чиқиш, олтинчиси – медиа каналларни аниқлаш, еттинчиси – эркаклар ва иккинчи даражали аудитория билан дастлабки синовни ўтказиш.

Халқаро тренингда CIPE нинг Ўзбекистондаги вакили Малика Муқимова, «Шарқ аёли» халқаро хотин-қизлар жамоат фонди раиси Саодат Турсунбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, ТДЮУ доценти, «Female Project.uz» директори Лилия Очилова, тренинг эксперти Ксения Рижова ва бошқалар Ўзбекистонда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталдилар.

Қайд этилганидек, бугунги кунда гендер тенглик борасида муҳим ютуқларга эришилган бўлса-да, ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Гендер тенглигини таъминлаш, гендер асосидаги камситишларга, шунингдек, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг барча кўринишларига барҳам бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун уларга бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради, холос. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири – бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидир.

Мамлакатимизда кўплаб соҳаларда бўлгани каби гендер тенглиги соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилган, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган 40 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган, жумладан, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳам тасдиқланган. Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатида Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси фаолият юритмоқда.

Тренингда бу борадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ишларини бошқаришда аёллар ва эркакларнинг тенг иштирокини таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, меҳнат ва оилада масъулиятни уйғунлаштиришда, оила ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш ҳамда гендер тенглигига эришиш учун минтақавий ва халқаро даражада самарали ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қатарилди.
Халқаро тренинг якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031