Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

“Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш” мавзуида ўқув семинари бўлиб ўтди

“Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш” мавзуида ўқув семинари бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази ҳамда Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда ҳудудий вакиллик органи депутатларининг малакасини ошириш мақсадида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш” мавзуида махсус ўқув семинари ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон Халқ Демократик партияси фракцияси раҳбарининг ўринбосари Мақсуда Варисова ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан очиб беришди. 

Таъкидландики, мазкур ўқув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Парламентнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга, депутатларнинг фаоллигини оширишга, ўз ваколатлари доирасидаги таклифларининг илмий асослари ва бу масалалар ривожланган давлатлар тажрибасида қандай тартибга солингани ҳамда депутатлик назоратини амалга оширишнинг самарали йўлларига доир хорижий тажрибаларнинг ижобий томонларини биргаликда амалиётга тадбиқ этишга хизмат қилади.

Биринчи маърузани Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Акбаршох Тешабоев “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари” мавзуси билан бошлаб берди. Мавзу доирасида Германия мисолида маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларига доир маълумотлар берилди ҳамда бу борадаги миллий ва хорижий тажрибалар асосида ўзаро фикр алмашилди.

Навбатда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурод Юсупов “Маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда унинг ижроси устидан депутатлик назорати” мавзуидаги маърузасида ўзининг илмий-амалий тажрибаси билан ўртоқлашди ҳамда кейинги “Маҳаллий солиқларни белгилаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш” мавзуида ўқувни давом эттирди.

Ундан сўнг “Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида, парламент назорати тадбирларида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари вакилларининг иштирок этиши, уларнинг фикрларини олиш амалиётини йўлга қўйиш” мавзусидаги маъруза билан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази раҳбари Ғолибжон Маҳаммаджанов ўқувни давом эттирди. У маҳаллий Кенгашлар вакилларининг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли ва ҳукумат ўртасидаги воситачилик ролини янада самарали ва демократик тамойилларга хос равишда ташкил этиш орқали фаровонликни таминлашга қаратилган фаолиятлари юзасидан тушунчалар бериб, мавзуни Сингапур, Финляндия, Дания ва Швеция каби ривожланган мамлакатлар тажрибаси мисолида кенг ёритиб берди. Маъруза сўнггида муаммолар ўртага ташланиб, уларнинг ечимига доир изчил ҳаракатлар амалга оширилишида аҳамият берилиши муҳим ҳисобланган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930