Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ҳакамлик суди қарори юзасидан низолашиш тартиби қандай?

Ҳакамлик суди қарори юзасидан низолашиш тартиби қандай?


Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг иқтисодий судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида иқтисодий судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин...

Ҳакамлик судининг иқтисодий судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам низолашиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги низо бўйича иш юритиш иқтисодий суд томонидан тугаллангунига қадар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туради.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби қандай?

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда иқтисодий судда низолашилаётган ҳал қилув қарорига оид иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилиб олиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари:

1. Ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;

2. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;

3. Ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;

4. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;

5. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.

Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса ёки низо ҳакамлик суди томонидан «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаси талабларини бузган ҳолда кўриб чиқилган бўлса ёхуд ҳакамлик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги ҳал қилув қарорини қабул қилган бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори иқтисодий суд томонидан бекор қилиниши керак.

Ғайрат МАШКУРОВ,

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси


www.uza.uz



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031