Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Иқтисодий ҳуқуқ ихтисослиги тингловчилари Иқтисодий ҳуқуқ кафедраси профессори Фозилжон Отахонов бошчилигида 2024 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлиб, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шухрат Чўллиев билан учрашдилар.

Сенатор учрашув давомида дастлаб, тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси нима сабабдан айнан икки палатадан иборат тарзда ташкил этилганлиги ва бунинг афзалликларини аниқ мисоллар билан тушунтириб берган ҳолда Олий Мажлис юқори палатасининг фаолияти, мақсад ва вазифалари, ваколатлари тўғрисида маълумот берди.

Жумладан, У Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мутлақ ваколатлари ҳақида тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьяларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини сайлаш тартиби ҳақида атрофлича тушунтириш бериб ўтди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Олий Мажлиси Сенати қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги белгиланганлиги алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида, тингловчилар томонидан бу жараён қандай тартибда амалга оширилиши ҳақида берилган саволларга сенатор батафсил жавоб берди.

Шунингдек, судья одил судловни махсус кийим – мантияда амалга ошириши ва мазкур кийим тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланиш жараёнлари қандай кечганлиги ҳақида фикр юритилди.
Учрашувда тингловчилар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига ҳам сенатордан атрофлича жавоб олдилар.

Бундан ташқари, тингловчилар Сенат биносида ташкил этилган кутубхонага ҳам ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Мавзуга оид бошқа хабарлар