Оилавий низоларни ҳал этишда медиациянинг роли ва аҳамияти

Оилавий низоларни ҳал этишда медиациянинг роли ва аҳамияти

Оилани мустаҳкамлаш замонавий жамиятимиз учун долзарб масала бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун мавжуд оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишлар сонини камайтириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш керак.

Ушбу муаммони ҳал қилишнинг асосий усулларидан бири - никоҳдан ажралишни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, никоҳдан ажралиш шаклини танлаш, шунингдек, эр-хотин ўртасида мавжуд бўлган ҳуқуқий низоларни ва ҳуқуқий тартибга солиш доирасидан ташқарида бўлган низоларни бартараф этишга қаратилган қўшимча тартибларни жорий этишдир.

Хусусан, бундай альтернатив усул сифатида медиацияни киритиш мумкин. Ушбу йўналишни амалга ошириш, яраштириш процедураларини жорий қилиш ва оилавий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун асос яратилди ва 2018 йил 12 июлдаги 482-сонли "Медиация тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.

Медиация процедураси (жараёни) – ўзаро келишилган ҳолда, ихтиёрийлик асосида низоларни медиатор ёрдамида ҳал қилиш усулидир. Ўзбекистон Республикасининг "Медиация тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасига биноан, ушбу Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга татбиқ этилади.

Эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ҳам ўзаро тушунишга асосланмайди ва келишмовчиликлар ҳар доим ҳам муросага келишга олиб келмайди, чунки кўпчилик турмуш қурганлар психология ва ҳуқуқ билимларидан узоқдир. Шу сабабли, медиациянинг умумий тамойиллари билан бир қаторда тарафлар ўртасидаги муносабатларнинг шахсий-ишончли, махфий хусусиятини ҳисобга олиш принципи оилавий ҳуқуқий низоларни ҳал қилишда муҳимдир.

Ўзбекистон Республикасининг "Медиация тўғрисида"ги Қонунининг 5-моддасига кўра, медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади. Қонуннинг 6-моддасига кўра, медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни ёзма розиликсиз ошкор қилишга ҳақли эмас. Улар медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, бошқа муносабатлардан фарқли ўлароқ, субъектлар – оила аъзолари, бир-бирига ишонч асосида қурилган муносабатлар билан тавсифланади. Шунинг учун никоҳдан ажралиш нафақат эр-хотиннинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилиши, балки оиланинг барча аъзоларига жиддий зарар етказиши мумкин. Шу муносабат билан низони ҳал қилиш жараёни оилавий муносабатларнинг хусусиятларини, оиланинг моддий фаровонлигини, маънавий ва аҳлоқий саломатлигини сақлаш зарурлигини ҳисобга олиши керак.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 38-моддаси никоҳдан ажратишнинг фақат икки тартибини: суд тартибида, ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилишини назарда тутади. Фикримизча, Оила кодексига учинчи, альтернатив тартиб – медиация тартибини киритиш лозим.

Ушбу муқобил тартибнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, суд тартибида никоҳдан ажралишда, суднинг низони ҳал этишдаги эгилувчан функцияси йўқлиги сабабли субъектлар ўртасидаги ишонч муносабатлар йўқолади. Суд низонинг фақат ҳуқуқий томонларини ҳисобга олади. Оилавий ҳуқуқий муносабатларнинг моҳияти томонлар ўртасида маълум даражадаги ишончни мавжудлигини назарда тутади. Шунинг учун суд жараёнидан фарқли ўлароқ, медиация бузилган муносабатларни тиклашга имкон беради.

Иккинчидан, суд жараёнида тарафларнинг ўртасидаги бутун комплекс муносабатларни ҳисобга олиш имконияти бўлмайди. Натижада суд хулосани фақат даъво предмети ва асосларини баҳолаш билан чекланади. Субъектлар ўртасидаги оилавий-ҳуқуқий муносабатларнинг кўп қисми ҳуқуқий тартибга солиш доирасидан ташқарида қолади. Одатда, низонинг асл сабаблари яширилади.

Учинчидан, суд томонидан чиқарилган қарор тарафларни қониқтирмаслиги мумкин, бу эса низони ҳал қилиш ўрнига, вазиятни янада мураккаблаштиради.

Медиация низоларни ҳал этишнинг альтернатив усули сифатида, формал қоидаларга риоя этишни талаб қилмайди, демак тарафлар ўртасидаги фактик муносабатларга, низонинг асл сабабларига таъсир кўрсатиши мумкин. Тарафларнинг фаол иштироки уларнинг манфаатларига мос қарор қабул қилишга имкон яратади.

Кўпгина мамлакатларда айнан оилавий низоларни ҳал этишда медиация кенг ривожланган. Медиаторга мурожаат қилиш оилавий-ҳуқуқий муносабатлар субъектларига бузилган ҳуқуқларини давлатнинг аралашувисиз ҳимоя қилишга имкон беради. Медиатор, суддан фарқли ўлароқ, низони бартараф этиш йўлларини топишга ёрдам беради. Тарафларнинг манфаатларини мувофиқлаштириш орқали медиатор иккала тарафнинг манфаатларига жавоб берадиган ечимга келишга ҳисса қўшади.

Оилавий медиация тарафлар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувини олдини олиб, уларнинг манфаат ва эҳтиёжлариларини яхшироқ тушуниб, муносабатларни яхшиланишига ёрдам беради. Агар келишмовчиликлар замирида болалар масаласи бўлса, медиация ота-оналарга фарзандларининг индивидуал эҳтиёжлари ва ҳиссиётларига эътибор беришга, шунингдек, келгусидаги муносабатлар схемасини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Ҳорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, Финляндия "Никоҳ тўғрисида"ги қонунига кўра медиация оилавий-ҳуқуқий низоларни ҳал қилишнинг устувор усули деб белгиланган. Буюк Британияда 1996 йилда қабул қилинган "Оила тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, оилавий-ҳуқуқий низолар дастлаб лицензияга эга бўлган медиатор томонидан кўриб чиқилади. Австралияда 2007 йилдан бери ажрашаётган ота-оналар мажбурий тартибда лицензияли медиаторларга мурожаат қилиши шарт.

Бугунги кунда Ўзбекистонда медиация ихтиёрий ҳисобланади ва унинг механизми кўпчиликка таниш эмас. Шунинг учун қонунчиликда вояга етмаган болалар тўғрисида низо бўлмаган ҳолларда, медиаторга мажбурий мурожаат қилиш тартибини киритиш мақсадга мувофиқ.

Фикримизча, оилавий медиация жараёни иккита медиатор томонидан амалга оширилса мақсадга мувофиқ: бири - психология бўйича малакали мутахассис, иккинчиси - ҳуқуқшунос. Улар низони ҳал этишда биргаликда ҳар томонлама ёндошиб фаолият олиб борадилар. Бунинг натижасида низо атрофлича муҳокама этилиб, иккала тараф учун манфаатли хулосага келинади, бу эса оилани сақлаб қолиш имкониятини анча оширади.

"Медиация тўғрисида"ги Қонунга "Оилавий ҳуқуқлардан келиб чиқадиган низоларда медиациянинг ўзига хос хусусиятлари" бобини киритиб, унда оилавий медиациянинг тартиби ва ҳуқуқий оқибатларини батафсил ёритиш зарур. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига оилавий низоларни медиация ёрдамида ҳал қилиш имкониятини берадиган ўзгартиришлар киритиш керак.

Оилавий ҳуқуқий низони ҳал қилишда, хусусан никоҳдан ажралишда медиация жараёнини оилавий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг мустақил усули сифатида кўриб чиқиш керак. Бу нафақат низоларни самарали ҳал қилиш, балки кўпгина ҳолларда оилаларни сақлаб қолиш имкониятини ҳам таъминлайди.

Умида Шарахметова,

ТДЮУ Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессори

Мавзуга оид бошқа хабарлар