Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга
ЮРИДИК ФАН ВА ТАЪЛИМ ФИДОЙИЛАРИ НОМИДАНСАМИМИЙ ТАБРИК!
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни — юртимизнинг келажаги учун елкасига юксак масъулият юклаган, давлатчилик тарихимизда тамомила янги даврни бошлаб берган, халқпарвар ва зиёлиларга меҳрибон раҳбар сифатида таваллуд кунингиз билан чуқур эҳтиром ва самимийлик билан табриклаймиз!
Бугунги кунда юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар – бу Сизнинг қатъий сиёсий иродангиз, кенг дунёқарашингиз ва масъулиятли раҳбарлигингиз самарасидир.
Биз — юзларча устоз ва олимлар, ҳаёт ва илмий фаолиятда ўз сўзи ва салоҳиятига эга бўлган зиёлилар қатлами, Сиз олиб бораётган улкан ислоҳотларни нафақат ҳурмат, балки фахр ва мамнуният билан кузатиб борамиз.
Сизнинг ташаббусингиз билан сўнги йилларда пенсия ёшига етган, илмий ва таълим соҳасида кўп йиллик тажрибага эга олимлар, профессор-ўқитувчилар, мутахассислар қайтадан олий ўқув юртлари ва илмий муассасаларга жалб этилмоқда. Улар учун муносиб шарт-шароитлар яратилиб, фаол ҳаётга қайтишлари таъминланди. Бу инсон қадри, билим ва тажрибанинг юксак баҳоланишидан далолатдир.
Айниқса, Сизнинг раҳбарлигингизда “Учинчи Ренессанс” — маърифат ва тараққиёт даврини бошлаб бериш, халқ маънавияти, илм-фан, таълим, маданият ва инсон онгини юксалтиришга қаратилган ишларни амалга оширишда шундай тажрибали олим ва устозларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидламоқчимиз.
Сиз миллий уйғониш, миллий ўзлик ва жаҳон цивилизациясида муносиб ўрин эгаллашга йўналтирилган бу ғояни амалга оширишда илм-фан, тарих, маданият ва маърифат эгаларига таяндингиз. Бу – нафақат раҳбар сифатида, балки миллат равнақи учун қайғурадиган инсон сифатидаги юксак фазилатингизни намоён этади.
Муҳтарам Президент!
Сизга таваллуд кунингиз муносабати билан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, тинчлик, оилавий бахт, фидокорона хизматларингизда доимо янгидан-янги зафарлар тилаймиз. Эл-юртнинг дуоси ва муҳаббати ҳар доим сиз билан бўлсин!
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, муҳтарам Шавкат Миромонович!
Инсон қадрини улуғлаган, зиёлиларни фаол ҳаётга қайтарган Юртбоши сифатида Сиздан миннатдормиз.
Эҳтиром билан — юридик фан ва таълим намояндалари, устозлар.
Мавзуга оид бошқа хабарлар