Тел: +998-90) 997-15-26
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини ривожлантириш масалалари миллий ва хорижий экспертлар нигоҳида

Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини ривожлантириш масалалари миллий ва хорижий экспертлар нигоҳида
  • 03-авг-2021, 17:05
  • nazarbek
  • 539
  • 0


Ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотлар жараёнида муҳим роль ўйнайди. Кенг жамоатчиликнинг қонун ижодкорлигида иштирок этиш механизмларини такомиллаштириш, бу йўналишда жамоатчилик вакилларининг давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари алоҳида аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 2-3 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлар бўйича дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган «Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштироки: миллий ва хорижий тажриба» мавзусида халқаро семинар ҳам юқоридаги масалалар муҳокамасига бағишланди.

Тадбир дастурига мувофиқ семинар иштирокчилари 2 та гуруҳга бўлиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқишди. Халқаро семинар якунлари бўйича таклиф ва тавсиялар 3 та йўналиш бўйича шакллантирилди:
  1. Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокининг назарий асосларини такомиллаштириш.
  2. Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.
  3. Қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокининг механизмлари ва тартиб-таомилларини такомиллаштириш.
Биринчи йўналиш – қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокининг назарий асосларини такомиллаштириш борасида бир қатор концептуал аҳамиятга эга таклифлар шаклланитирилди. Хусусан, «қонун ижодкорлигида жамоатчилик иштироки» тушунчасига илмий таъриф бериш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик вакиллари сифатида иштирок этадиган субъектлар доирасини аниқлаштириш зарурлиги тўғрисидаги тавсияларни ҳам миллий, ҳам хорижий экспертлар бир овоздан маъқуллашди.
Иккинчи йўналиш – қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича тайёрланган таклифлар қаторида қонун лойиҳаларнинг парламент қуйи палатасидаги муҳокамасига нодавлат сектор вакилларини кенгроқ жалб қилишни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка тадбиқ қилиш юзасидан билдирилган таклифлар алоҳида аҳамият касб этади.

Семинар иштирокчилари учинчи йўналиш –қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокининг механизмлари ва тартиб-таомилларини такомиллаштириш борасида ҳам долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни билдирдилар. Хусусан, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Шундай қилиб, қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган халқаро семинар иштирокчилари қонун ижодкорлигида жамоатчилик иштирокини ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлибгина қолмай, юридик фан, миллий қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида вужудга келаётган айрим муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишди.