Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган “Коррупциясиз жамият сари” лойиҳаси доирасида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни”га бағишлаб“Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳамжиҳатлик” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги барча депутатлик гуруҳлари аъзолари ва партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда ушбу Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, эксперт ва мутахассислар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини O‘zLiDeP раҳбарияти ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси кириш сўзлари билан очиб бердилар. Улар томонидан хусусий секторда ҳалол ва шаффоф бизнес муҳитини яратиш, коррупция хавфларини камайтириш ва давлат–бизнес ҳамкорлигида самарали механизмларни шаклланти-ришнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида коррупцияга қарши қатъий кураш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда бу борада ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, давлат органларида очиқлик ва шаффофлик, жавобгарлик ва ҳисобдорлик тамойиллари изчил жорий этилмоқда.
O‘zLiDeP эса бозор иқтисодиёти, хусусий мулк ва тадбиркорлик манфаатларини ҳимоя қилувчи партия сифатида коррупцияга қарши курашни нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий ва маънавий масала, деб ҳам ҳисоблайди. Чунки коррупция энг аввало эркин рақобатга, соғлом бизнес муҳитига, инвестициявий жозибадорликка путур етказади. Шу маънода, “Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳамжиҳатлик” деганда, нафақат давлат идоралари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, балки бутун жамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати назарда тутилади. Коррупцияга қарши кураш — бу ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир раҳбарнинг, ҳар бир тадбиркор ва жамоатчилик вакилининг фуқаролик масъулиятидир.

Шунингдек, давра суҳбатида коррупциянинг тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсири ва уни бартараф этиш бўйича халқаро стандартлар ҳақида батафсил фикрлар билдирилди. Хусусан, хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш бўйича БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси, айниқса унинг 12-моддасида белгиланган талаблар муҳим мезон сифатида қайд этилди. Унда бизнесда ҳисобдорлик, аниқ бухгалтерия ҳисоби, ички аудит, комплаенс назорати, корпоратив этика кодекси, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби механизмлар ҳар бир тижoрат ташкилоти фаолиятида бўлиши шартлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, давлат органлари ва хусусий сектор ўртасида очиқ мулоқот ва амалиётдаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш муҳим экани қайд этилди. Солиқ, божхона, лицензия, тендер каби соҳаларда коррупцион хавфларни камайтириш нафақат қонун нормалари, балки давлат ва бизнес ўртасидаги очиқ ҳамкорлик маданиятига ҳам боғлиқлиги таъкидланди.
Давлат хизматидан кетган мансабдорларнинг бизнесда «дарҳол» фаолият юритишини чеклаш, бенефициар эгалар ҳақидаги маълумотларни очиқ юритиш, электрон рухсатномалар ва тендерларда шаффофликни кенгайтириш каби халқаро мезонлар ва миллий амалиётнинг муҳим аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида таълим, соғлиқни сақлаш, саноат, қурилиш, аграр ва молия соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича долзарб масалалар ва амалий таклифлар муҳокама қилинди. Ҳар бир йўналиш бўйича шаффофликни ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, рақобат муҳитини яхшилаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўз таклиф ва фикрларини билдириб, коррупцияга қарши курашишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий секторнинг ҳамжиҳатлиги муҳим эканини таъкидладилар.
Мавзуга оид бошқа хабарлар