“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ташаббуси билан жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конститу-циявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация-сининг масъул ходимлари,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд ва Олий суд судьялари,Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги, Олий мажлис Инсон ҳуқуқилари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари, Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, шунингдек Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Адвокатлар палатаси, илмий тадқиқот институтлари вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Конституциявий суд раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Адлия вазири Акбар Ташкулов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Тадбир давомида ушбу Фармон Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур, изчил ва тизимли конституциявий ислоҳотларнинг мантиқий давоми, давлат раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва адолатни давлат сиёсати даражасига кўтаришга қаратилган қатъий сиёсий иродасининг амалий ифодаси экани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, мазкур Фармон давлат бошқаруви тизимида конституциявий қонунийликни таъминлашнинг янги институционал моделини шакллантиришга хизмат қилади.

   Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари томонидан ПФ–253-сон Фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Адлия вазирлиги, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан тизимли, мувофиқлаштирилган ва институционал шерикликка асосланган ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳамкорлик давлат органлари ўртасида ўзаро масъулият, мувофиқлашув ва натижага йўналтирилган фаолиятни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 Айниқса, конституциявий қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, Конституциявий суд қарорлари ва хулосаларининг тўлиқ, ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлаш борасида мазкур идоралар ўртасидаги амалий шериклик, институционал ҳамжиҳатлик ва мувофиқлашган фаолиятнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

Қайд этилганидек, ПФ–253-сон Фармон Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур конституциявий трансформация жараёнларининг мантиқий давоми бўлиб, у Конституциявий суд фаолиятини мазмунан янгилаш, унинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни ва таъсирчанлигини институционал даражада мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, Президент Фармони орқали Конституциявий суд фаолияти фақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолаш билан чекланиб қолмасдан, инсон ҳуқуқларини тиклашга реал таъсир кўрсатувчи, проактив ва самарали ҳуқуқий механизм сифатида қайта шакллантирилмоқда. Бу эса Конституцияни жонли, ишлайдиган ва фуқаро манфаатларига хизмат қиладиган Асосий қонун сифатида ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

Фармонда белгиланган устувор вазифаларнинг марказида фуқароларнинг конституциявий одил судловга етиб бориш имкониятларини кенгайтириш, адолатга кириш имкониятини ошириш масаласи туради. Хусусан, конституциявий шикоят институтини амалда тўлақонли ишлатиш, Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган қонун қўлланган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш механизмларини жорий этиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари янги мазмун билан бойитилди.    

 Алоҳида таъкидланган жиҳатлардан бири — Конституциявий суд қарорлари ва хулосаларининг таъсирчанлигини оширишдир. Энди мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги Ахборот парламент даражасида муҳокама қилиниб, унинг асосида аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланади ва ижроси устидан самарали парламент назорати ўрнатилади.

Шунингдек, ПФ–253-сон Фармонда Конституциявий суд фаолиятигазамонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, рақамли суд экотизими, шаффоф ва очиқ маълумотлар асосида иш юритиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Суд ишларини юритиш жараёнларини рақамлаштириш орқали очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва ҳисобдорлик таъминланиб, фуқаролар учун адолатга етиб бориш имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда. Бу эса суд ҳокимиятига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлайди.

Тадбирда Фармонда белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни амалга ошириш механизмлари бўйича илмий ҳамжамият вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳам тингланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов сўзга чиқиб, қуйидагиларни таъкидлади: биринчидан, ушбу Фармон Конституциявий суд фаолиятини ислоҳ қилиш орқали Янги Ўзбекистоннинг «Инсон қадри учун» тамойилини ҳуқуқий жиҳатдан тўлақонли амалга ошириш сари ташланган стратегик қадам деб эътироф этиш керак; иккинчидан, Конституциявий суд қонунни «Конституцияга мувофиқ эмас» деб топса, Конституциявий суд қарори — судларда кўрилган барча ишлар учун «янги ҳолат бўйича» қайта кўриш учун қатъий асос бўлиши шартлиги ва манфаатдор шахсларга ариза бериш учун 3 ойлик муддат белгиланиши мақсадга мувофиқ; учинчидан, муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини “янги ҳолат” сифатида эътироф этиб, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига судда тегишли иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш шартлигини киритиш лозим; тўртинчидан, фуқаро Конституциявий суд унинг ҳуқуқи учун ҳатто қонунни ҳам “Конституцияга мувофиқ эмас” деб қарор қабул қилганини кўрганда, унда давлатга бўлган ишонч ва юксак конституциявий ватанпарварлик шаклланади.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар Фармон мамлакатимизда қонун устуворлиги, адолат, инсон қадри тамойилларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг изчил ва самарали ижроси Янги Ўзбекистонда конституциявий адолатнинг мутлақо янги босқичини белгилаб беришини алоҳида эътироф этдилар.

Мавзуга оид бошқа хабарлар