V ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ ФОРУМИ ДОИРАСИДА ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

V ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ ФОРУМИ ДОИРАСИДА ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

2026 йил 18 июнь куни МДХМИ Тошкент филиалида V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Ҳуқуқ, инвестициялар ва халқаро низоларни ҳал этиш чорраҳасида: ҳуқуқий архитектура, ишонч ва инвестициявий ҳамкорликнинг янги механизмлари» мавзусида халқаро конференция ташкил этилади.

Конференция замонавий ҳуқуқий бозорни ривожлантириш, инвестициялар учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, халқаро арбитраж ва медиация институтини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш масалаларига бағишланди.

Тадбир иштирокчилари орасида Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Иордания ва бошқа давлатлардан келган халқаро арбитрлар, ҳуқуқшунос олимлар, йирик компанияларнинг юридик хизмати ходимлари, корпоратив маслаҳатчилар, суд ва арбитраж амалиёти мутахассислари қатнашдилар.

Конференциянинг биринчи сессияси «Ўзбекистон ҳуқуқий бозорининг ҳолати ва янги юридик фирмаларнинг пайдо бўлиши»мавзусига бағишланди.

Сессияга Chervets.Partners бошқарувчи шериги, Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ҳузуридаги Арбитраж маркази Урал бўлими раҳбари, халқаро арбитр Евгения Червец ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, халқаро арбитр ва медиатор Анна Убайдуллаева модераторлик қилдилар.

Мазкур сессияда Дамир Аманбаев — ENLAWYER юридик фирмаси бошқарувчи шериги; Улуғмурод Эрназаров — INTER SAM LAW GROUP бошқарувчи адвокати, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” РЖБ ҳузуридаги Ҳакамлик суди раиси, халқаро арбитр; Атабек Исмаилов — AVILEX LAW OFFICE адвокати; Шерзод Ўткирхўжаев — LEXCELL юридик фирмаси бошқарувчи шериги, Самир Хажиев – ALLED LEGAL PARTNERS  юридик фирмаси бошқарувчи шериги маъруза қилдилар.

Муҳокама марказида Ўзбекистонда юридик хизматлар бозорининг ривожланиш тенденциялари, янги авлод юридик фирмаларининг шаклланиши, ҳуқуқий стартаплар фаолияти, юридик бизнеснинг инновацион моделлари ҳамда ҳуқуқий хизматларга бўлган талабнинг ўзгариши масалалари турди.

Спикерлар мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида юридик хизматлар бозорида рақобат муҳити кучайиб бораётгани, халқаро инвесторлар ва бизнес субъектларининг эҳтиёжлари эса янги турдаги ихтисослашган юридик фирмаларнинг пайдо бўлишига туртки бераётганини таъкидладилар.

Шунингдек, муҳокама давомида ҳуқуқий фирмаларни ташкил этишнинг замонавий моделлари, ҳуқуқий хизматларни рақамлаштириш, юридик маркетинг, профессионал бренд яратиш, ёш юридик фирмаларнинг бозорга кириши ва ривожланиш босқичларида учрайдиган муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, ҳуқуқий хизматлар бозорининг ривожланиши инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва мамлакатнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Конференциянинг иккинчи сессияси «Низоларни муқобил ҳал этиш тартиб-таомилларининг гибридлашуви»мавзусига бағишланди.

Сессияга Мария Любимова — Chervets.Partners шериги, Россия Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ҳузуридаги Арбитраж маркази Урал ҳайъати арбитрлари коллегияси раиси ва халқаро арбитр модераторлик қилди.

Мазкур сессияда Доктор Ҳуссам Ал-Талхуни — MAS LAW юридик фирмаси шериги; Мария Андрианова — МДХМИ кафедра мудири, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди ва Денгиз арбитраж комиссияси арбитри; Лариса Белоусова — BRIDGE Consult LLC асосчиси ва директори, FIDIC халқаро эксперти; Анора Джураева — TEXNOMART компаниясининг юридик департамент директори, ЖИДУ ўқитувчиси; Анна Гришенкова — мустақил арбитр ҳамда Александр Тараненко — ORION LAW FIRM юридик фирмаси юристи маъруза қилиб, замонавий арбитраж, медиация, экспертлик муҳокамалари ва ADR механизмларининг гибрид моделлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Муҳокамалар давомида медиация ва арбитражнинг ўзаро уйғунлашуви, онлайн низоларни ҳал қилиш механизмлари, трансчегаравий тижорат низоларини ҳал этиш амалиёти ҳамда халқаро арбитраж марказларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур сессияда иштирокчиларнинг саволларига жавоб бериш жараёнида сўз олган юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов Янги Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал этиш тизимининг ривожланиш тенденциялари ҳақида тўхталиб, медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро тижорат арбитражининг ҳуқуқий асослари, суд амалиётидаги ўрни ҳамда амалий аҳамиятини аниқ ҳаётий мисоллар ва статистик маълумотлар орқали ёритиб берди.   Шунингдек, у Буюк Ипак

йўли ҳудудида ҳакамлик ва воситачилик анъаналари кўп асрлик тарихга эга эканлигини таъкидлаб, замонавий халқаро арбитраж ва медиация институтлари айнан шу ҳуқуқий анъаналарнинг мантиқий давоми сифатида ривожланиб бораётганини қайд этди.

 Конференциянинг учинчи сессияси «Инвестицияларнинг ҳуқуқий архитектураси» мавзусига бағишланди.

СессиягаЕвгения Червец модераторлик қилди.

Мазкур сессияда Фозилжон Отахонов — Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси факультети Тадқиқот маркази бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор, халқаро арбитр;Дилфуза Акрамова — SEA BREEZE UZBEKISTAN қўшма корхонаси юридик департаменти раҳбари;Антон Борысюк — Nordic Star компанияси корпоратив амалиёт раҳбари;Венера Эрзина — Ипотекабанк (OTP Group) кадрлар департаменти раҳбари;Бегайым Қайбылдаева — Business Soft & ICLOUD бош ижрочи директори, халқаро арбитр;Нозима Саидалиева — Бизнес-омбудсман аппарати катта инспектори;Павел Серов — MetalsMiningIndustrialandTechnicalConsulting бошқарувчи директори;Райхон Юсупова — EnterpriseUzbekistan юридик маслаҳатчисиинвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, инвесторлар ишончи, корпоратив бошқарув, меҳнат муносабатлари, халқаро бизнесда ҳуқуқий рискларни бошқариш ва махсус ҳуқуқий режимларнинг аҳамияти юзасидан маърузалар қилдилар.

Муҳокамаларда ҳуқуқий давлат ва қонун устуворлиги инвестициялар учун асосий омиллардан бири эканлиги, инвесторлар учун энг муҳим масала ҳуқуқий кафолатлар ва ҳуқуқий барқарорлик ҳисобланиши таъкидланди.

Сессияда «Инвестицияларнинг ҳуқуқий архитектураси: замонавий иқтисодиётда ишонч омили» мавзусида маъруза қилган профессор Фозилжон Отахонов ўз чиқишида замонавий дунёда давлатлар нафақат бозорлар, ресурслар ва технологиялар учун, балки инвесторлар ишончи учун ҳам рақобатлашаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, инвестицияларни жалб этишда асосий омил иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда ҳуқуқий барқарорлик, мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши, шартномалар ижросининг таъминланиши ва низоларни ҳал этишнинг самарали механизмлари ҳисобланади.

Шунингдек, инвестицияларнинг ҳуқуқий архитектураси конституциявий кафолатлар, инвестиция қонунчилиги, ҳуқуқни қўллаш институтлари ҳамда низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан ташкил топган яхлит тизим эканлигини қайд этди. У, хусусан, халқаро тижорат арбитражи ва медиациянинг инвестиция муҳитининг муҳим таркибий қисми сифатидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Маърузачи Ўзбекистонда сўнгги йилларда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётганини, Конституцияда мулк ҳуқуқи ва тадбиркорлик эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланганини, инвестициялар, давлат-хусусий шериклик ва корпоратив бошқарув соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, инвестициявий жозибадорликни янада ошириш учун ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, инвестиция низоларини ҳал этишнинг самарали тизимини ривожлантириш ҳамда рақамли иқтисодиёт ва янги технологиялар билан боғлиқ ҳуқуқий чақириқларга мослашиш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Фозилжон Отахоновнинг фикрича “Инвестициялар ишонч мавжуд бўлган жойга келади. Ишонч эса ҳуқуқ устувор бўлган жойда шаклланади. Ҳуқуқ эса давлат, бизнес ва жамият манфаатлари ўртасида мувозанатни таъминлаган тақдирдагина самарали бўлади”.

Шу боис замонавий инвестицияларнинг ҳуқуқий архитектураси қонун устуворлиги, ҳуқуқий аниқлик, иқтисодий муносабатлар иштирокчиларининг тенглиги, самарали суд ҳимояси ва халқаро мажбуриятларга ҳурмат принципларига асосланиши лозим.

“Ўзбекистонда бизнес юритиш” амалий йўлланма тақдимоти

Конференция якунида иштирокчилар учун Chervets.Partners ва Birge компаниялари томонидан Ўзбекистоннинг бизнес юритиш учун жозибадор юрисдикция сифатидаги имкониятларига бағишланган махсус тадқиқот тақдимоти ўтказилди.

Тадқиқот Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши кўмагида тайёрланган бўлиб, унда мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, ҳуқуқий инфратузилмани ривожлантириш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари таҳлил қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар халқаро арбитраж, медиация, корпоратив бошқарув ва инвестиция ҳуқуқи соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳуқуқий инфратузилмани такомиллаштириш ва инвесторлар учун янада қулай ҳуқуқий муҳит яратиш Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция майдонидаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.

V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган мазкур конференция ҳуқуқ, бизнес ва инвестициялар соҳасидаги етакчи халқаро экспертларни бирлаштирган муҳим мулоқот майдони бўлиб, замонавий инвестиция муҳитини шакллантиришда ҳуқуқнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор намоён этди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар