Жамоатчилик кенгаши йиғилишида давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳалари ва 2024–2026 йиллардаги фаолият якунлари муҳокама қилинди

Жамоатчилик кенгаши йиғилишида давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳалари ва 2024–2026 йиллардаги фаолият якунлари муҳокама қилинди

2026 йил 20 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.


Йиғилишда Агентлик раҳбарияти ва масъул ходимлари, Жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, Агентлик томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси асосида лойиҳаларни амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.


Йиғилишни Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан очиб, коррупциянинг олдини олишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, жамоатчилик назоратининг асосий мақсади муаммоларни аниқлаш билангина чекланмасдан, уларнинг сабабларини ўрганиш, амалий ечимларни таклиф этиш ва давлат органлари билан жамият ўртасида ишончли мулоқотни шакллантиришдан иборат эканлиги қайд этилди.


Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ҳам кириш сўзи билан иштирок этиб, кун тартибидаги масалаларнинг долзарблиги ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратди.


Давлат ижтимоий буюртмаси доирасидаги лойиҳалар муҳокамаси

Йиғилишнинг биринчи масаласи доирасида Агентлик томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг оралиқ мониторинги натижалари кўриб чиқилди.


Хусусан, «Ўзбекистон журналистлар уюшмаси» томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида суриштирув журналистикасини ташкил этиш ва амалга ошириш методологиясини ишлаб чиқишга бағишланган лойиҳани уюшмаси раиси Шухрат Орипов ва лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Нозима Тошпўлатова томонидан тақдим қилинди. Муҳокамада журналистик суриштирувларнинг холислиги, ахборот манбалари билан ишлаш, далилларни текшириш ва коррупциявий ҳолатларни жамоатчиликка профессионал тарзда етказиш масалаларига эътибор қаратилди.


«Ўзбекистон аёл судялари ассоциацияси» томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидалари бажарилишини мониторинг қилиш ва муқобил баҳолаш тизимини йўлга қўйишга қаратилган лойиҳа Ассоциация ижрочи директори Гулнора Ахунова томонидан тақдим этилди. Унда халқаро мажбуриятлар ижросини мустақил баҳолашда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки, мониторингнинг самарали механизмларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.


Тақдимотлардан сўнг иштирокчилар ўртасида атрофлича фикр алмашилди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва йиғилиш иштирокчилари муҳокамада фаол қатнашиб, ҳар бир лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган ишлар, кутилаётган натижалар ҳамда уларнинг амалий аҳамияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.


Муҳокамалар давомида лойиҳаларнинг илмий-услубий асосларини такомиллаштириш, мониторинг ва баҳолаш механизмларини аниқ белгилаш, натижадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, шунингдек, тайёрланаётган материалларнинг амалий қийматини ошириш бўйича илмий-амалий таклифлар илгари сурилди. Билдирилган таклифлар лойиҳаларни янада такомиллаштириш ва уларнинг якуний натижаларини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.


Жамоатчилик кенгашининг 2024–2026 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди

Йиғилишнинг иккинчи масаласи Жамоатчилик кенгашининг 2024–2026 йиллардаги фаолияти якунларига бағишланди.


Кенгаш раиси Фозилжон Отахонов ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, тўпланган тажриба ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида ахборот берди.


Қайд этилганидек, 2024 йил ноябрь ойида шакллантирилган, 25 нафар аъзодан иборат Жамоатчилик кенгаши ўз фаолияти давомида Агентлик фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларида иш олиб борди.


Ҳисобот даврида: Жамоатчилик кенгашининг 6 та йиғилиши ўтказилди; 10 та лойиҳа ва ҳужжат юзасидан илмий хулоса ва таклифлар тақдим этилди;  30 дан ортиқ тадбир, форум ва учрашувларда иштирок этилди; жамоатчилик назорати доирасида 3 та асосий тадбир амалга оширилди; Кенгаш аъзолари оммавий ахборот воситаларида, теле кўрсатув ва ток-шоуларда фаол иштирок этдилар.


Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури лойиҳаси, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифлари, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ижроси, журналистик суриштирувлар, гендер ва коррупция масалалари, маиший коррупция сабабларини ўрганишга қаратилган материаллар юзасидан экспертлик хулосалари ва таклифлар ишлаб чиқилди.


Шунингдек, пулли автотураргоҳлар фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда «Микрокредитбанк» АЖда ўтказилган жамоатчилик эшитувларида иштирок этиш орқали жамоатчилик назоратининг амалий механизмлари қўлланилди.


Кенгаш аъзолари халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Кенгаш фаолияти республика миқёсида ҳам эътироф этилиб, у жамоатчилик кенгашларининг Республика форуми доирасидаги мониторинг натижалари бўйича «Энг фаол жамоатчилик кенгаши» номинациясида тақдирланган.


Кенгаш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар

Йиғилишда ҳисобот натижалари юзасидан кенгаш аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, фаолият самарадорлигини янада ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш ва илмий-экспертлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган таклифларни илгари сурдилар.


Хусусан, Кенгашнинг янги таркибини шакллантиришда аъзоларнинг аввалги фаолияти ва амалий натижаларини инобатга олиш, йил давомида камида иккита мустақил жамоатчилик мониторингини ўтказиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда Кенгаш аъзолари иштирокини тизимли ташкил этиш, аъзолар фаоллигини ҳар ярим йилда баҳолаб бориш ҳамда Кенгаш фаолиятини Агентликнинг расмий ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиш бўйича таклифлар билдирилди.


Иштирокчилар, шунингдек, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифларнинг кўриб чиқилиши ва амалга оширилишини кузатиб бориш муҳимлигини таъкидладилар.


Муҳокамалар якунида Жамоатчилик кенгашининг 2024–2026 йиллардаги фаолиятида тўпланган тажрибани келгуси ишларни ташкил этишда инобатга олиш, билдирилган илмий-амалий таклифлардан самарали фойдаланиш ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси асосидаги лойиҳаларнинг натижадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.


Йиғилиш очиқ мулоқот, ўзаро фикр алмашиш ва конструктив муҳокама руҳида ўтди. Иштирокчиларнинг фаоллиги, билдирилган таклифлар ва илгари сурилган ташаббуслар Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш, коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик иштироки ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.


Мавзуга оид бошқа хабарлар