Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

2026 йилга бориб Ўзбекистонда 8 000 мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади

2026 йилга бориб Ўзбекистонда 8 000 мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари кўмитаси томонидан “Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш” мавзусида семинар ўтказилди. Унда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов иштирок этиб, маъруза қилди:

— Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Яшил” иқтисодиёт, “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борадаги чора-тадбирлар энергия тежамкорликни пайдо қилади, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни таъминлайди, — деди Ф.Отахонов.  

Йиғилишда қайд этилганидек, 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида биринчи 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси, 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ҳам худди шундай иккинчи станция ишга туширилди. Бундан ташқари, 2024 йил якунига қадар умумий қуввати 1197 мегаватт бўлган 5 та, жумладан Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак, Сурхондарё вилоятининг Шеробод, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Навоий вилоятининг Нурота туманларида ҳам қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилади. 2024-2025 йилларда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида, Навоий вилоятининг Томди туманида ҳар бирининг қуввати 500 мегаваттдан бўлган 3 та шамол электр станцияси ишга туширилади. 

Бу борадаги тизимли ишлар натижасида 2026 йилга бориб Ўзбекистонда умумий қуввати 8 000 мегаваттга тенг бўлган қуёш ва шамол электр станциялари, 868 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станциялари ишга туширилади. 

Қайд этилганидек, Президентимизнинг “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан соҳага энергия тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, “яшил” энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида жисмоний шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти берилмоқда. Энг муҳими, уларни тўлиқ нархда сотиб олган ва ўрнатган фуқароларга харид харажатларининг бир қисми белгиланган тартибда компенсация қилиниши ҳам белгиланмоқда.

Тадбир иштирокчилари қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларга арзон, сифатли ва барқарор электр энергиясини етказиб бериш бўйича қатор таклифлар берди.

М.Комилова, 
ЎзА



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930