Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми

Ф.Отахонов. Юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор в.б.

 

4-МАВЗУ

ЮРИДИК ХИЗМАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, хўжалик бошқарув органларида, шунингдек кўпгина хўжалик юритувчи субъектларда юридик хизмат ўзига хос равишда алоҳида субъект эмас, балки субъект тузилмаси, унинг таркибий қисми сифатида намоён бўлади. 

Маълумки, юридик шахснинг асосий белгиларидан бири унинг ташкилий бирлиги ҳисобланади. Ташкилий бирлик – бу юридик шахснинг муайян ташкилий қисмларидан иборат бўлиб, улар яхлит ҳолда, бир бутунликда ягона субъект сифатида мавжудлигини англатади. Масалан, хўжалик юритувчи субъектнинг бир тури сифатида корхона – бу юридик шахс. Демак, ташкилий бирлик сифатида мавжуд. Корхона таркибидаги тузилма бўлган юридик хизмат бир бутуннинг алоҳида қисмидир.  У корхонадан ташқарида алоҳида мустақил ҳолда мавжуд бўла олмайди. Ҳуқуқий муносабатларда иштирокчи-субъект сифатида бевосита корхона қатнашади.

Бироқ бу дегани юридик хизмат тузилмаси алоҳида тадқиқот объекти бўлишига муносиб эмас деган маънони англатмайди. Корхонанинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш, унинг олдида турган мақсад ва вазифаларни бажариш учун корхонанинг барча таркибий тузилмалари, шу жумладан юридик хизмат ҳам қатъий ва доимий равишда ўз ваколатларини лозим даражада амалга ошириши талаб этилади. 

Юридик хизмат  корхона ташкилий тузилмасида ўзига хос бирлик сифатида ички муносабатларда нисбий мустақилликка эга. Ушбу мустақиллик, энг аввало, унинг бошқа тузилмалар билан бўлган муносабатларида (бу ўзига хос горизонтал муносабатлар бўлиб ҳисобланади) ҳам, шунингдек, муассаса мансабдор шахслари билан бўлган муносабатларда ҳам намоён бўлади. 

Юридик хизмат тузилмаси ушбу ички муносабатларда ўз номидан қатнашади, ўз номидан ҳаракатлар содир этади ва ушбу ҳаракатлар учун муайян ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтиради. Юридик хизмат фаолиятини корхоналар миқёсида яхшилаш, унинг мақсадли фаолиятини амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш масаласи нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади. 

Демак, юридик шахснинг ҳуқуқий мақомидан келиб чиққан ҳолда унинг таркибий тузилмалари, шу жумладан юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми белгиланади. 

А.Н.Чашиннинг нуқтаи назарича, юридик хизмат ўз фаолиятини белгиланган муайян ҳуқуқлар доирасида ва асосида ҳамда мажбуриятларини бажариш мақсадида амалга оширади. Юридик хизматнинг мана шу барча ҳуқуқ ва мажбуриятларининг умумий ҳажми унинг ҳуқуқий мақомини ташкил этади .

Давлат ва хўжалик бошқарув органлари функционал таркибий тузилмаларининг ҳуқуқий мақоми, қоида тариқасида, уларнинг раҳбарлари ёки ваколат берилган шахслар томонидан тасдиқланадиган ички низомлар билан белгиланади. Аммо уларнинг таркибий тузилмаси сифатида фаолият юритадиган юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар асосида тасдиқланадиган ички низомлар билан тартибга солинади. 

Юридик луғатларда ҳуқуқий мақомга қуйидагича таъриф берилган: ҳуқуқий мақом – субъектларнинг давлат томонидан (қонунчилик тартибида) эътироф этилган ва кафолатланган ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлари, шунингдек қонуний манфаатларининг тизимидир. 

Назарий жиҳатдан ҳуқуқий мақом тушунчаси юридик шахснинг ички таркибий тузилмаларига ҳам татбиқ этилади. Ички таркибий тузилмаларнинг ҳуқуқ субъектлилиги доираси ва чегараси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 Демак, юридик шахснинг ҳуқуқий мақомидан келиб чиққан ҳолда унинг таркибий тузилмалари, шу жумладан юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми белгиланади. Юридик хизмат ўз фаолиятини белгиланган муайян ҳуқуқлар доирасида ва асосида ҳамда мажбуриятларини бажариш мақсадида амалга оширади. 

Юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми унга юклатилган вазифалар ва функциялар доираси ҳамда чегарасида ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тизимидир. 

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бошқарув органлари, давлат корхона,ташкилот ва муассасалари юридик хизматининг ҳуқуқий мақоми бир қатор қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган низомларда муайян даражада белгилаб қўйилган.

 

Юридик хизмат ходимларининг лавозимларини эгаллаш тартиби 

Юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми моҳиятини очиб беришда юридик хизмат ходимларининг лавозимларини эгаллаш тартиби ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасида юридик хизмат муайян тизимга эга бўлганлиги туфайли юридик хизмат ходимлари лавозимларини эгаллаш тартиби ва уларга қўйиладиган талаблар бир-биридан фарқ қилади. 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Юридик бошқармаси бошлиғи ва ходимлари Қонунчилик палатаси Девони раҳбарининг фармойиши билан Қонунчилик палатаси Спикери билан олдиндан келишган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Юридик бошқармаси бошлиғи ва ходимлари Сенат раиси томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик хизматининг ходимларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги 212-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармаси тўғрисида”ги Низомда аниқ белгиланмаган, аммо Бошқарма бошлиғи «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси девонининг бошқа асосий таркибий бўлинмалари раҳбарлари каби Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Бош вазир томонидан лавозимига тайинланади. Бошқарманинг бўлим мудирлари ва мутахассислари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2733-сон Қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги Низомнинг 7­-9-бандларига мувофиқ давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин. 

Юридик хизмат бошлиғи лавозимига юқорида белгиланганларга қўшимча равишда юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талаб этилади. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар юридик хизмат ходими ва юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида ишлаши мумкин эмас.

Юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлган ёхуд Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс, шунингдек, олий таълим муассасасининг «Юриспруденция» мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистранти ишлаши мумкин.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланадилар ва озод қилинадилар.

Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек ҳудудий даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланадилар ва озод қилинадилар .

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 42-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган Низом  талабларига мувофиқ амалга оширилади. 

Юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 40-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомда  белгиланган тартибда адлия органларида стажировкадан ўтадилар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати ходимларининг лавозимларини эгаллаш тартиби уларнинг ички ҳужжатлари билан ўрнатилади. Улар ўзларининг ички ҳужжатларини ишлаб чиқишда «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги Низомдан намуна сифатида фойдаланишлари мумкин.

 

Давлат органи ва ташкилоти юридик хизматлари ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар уч йилда камида бир марта малакасини оширади ҳамда ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар.

Юридик хизмат ходимларини малакасини ошириш ва аттестациядан ўтиши Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган “Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган. 

 

Юридик хизматнинг вазифалари ва функциялари 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Юридик бошқармаси асосий вазиафалари қуйидагилардан иборат:

Қонунчилик палатаси Кенгашининг ёки қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун масъул бўлган қўмиталарнинг топшириғига биноан Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларини, шунингдек Қонунчилик палатаси қарорлари, баёнотлари, мурожаатлари, парламент сўровлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади, улар юзасидан хулосалар тайёрлайди, ушбу ҳужжатларнинг юридик техника жиҳатидан маромига етказилишида иштирок этади;

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида кўриб чиқиш учун юборишга тайёрлашда иштирок этади;

қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш олдидан Қонунчилик палатаси депутатлари, депутатлар бирлашмалари ва қўмиталарига қонун лойиҳаларини ва уларга илова қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш масалаларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

Қонунчилик палатаси  ва унинг Кенгаши мажлисларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда иштирок этади;

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қонун лойиҳалари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари билан ишлаш масалалари бўйича уларни кўриб чиқишнинг Қонунчилик палатаси Регламентида назарда тутилган барча босқичларида таклифлар ва тушунтиришлар тайёрлайди;     Қонунчилик палатаси Спикерининг, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари ва Қонунчилик палатаси Девони Раҳбарининг топшириғига биноан бўлим ваколатига киритилган ҳуқуқий масалалар бўйича хулосалар тайёрлайди;

Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини тайёрлашга масъул бўлган қўмиталарининг мурожаатларига биноан қонун лойиҳаларини,  уларнинг юридик техника талабларига мувофиқлигини таҳлил қилади, ушбу ҳужжатларнинг сифатини яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, фармойишлари ҳисобини юритади ва уларни тартибга солади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг қоғоз ва электрон нусхаси   фондини шакллантиради ва назорат ҳолатида сақлайди;

Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девони ходимларининг сўровига биноан ахборот ресурслари асосида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича ахборот-маълумот ишини амалга оширади ҳамда уларга белгиланган тартибда электрон ва (ёки) қоғоз нусхадаги тегишли материалларни тақдим этади;

Қонунчилик палатасининг Интернетдаги Олий Мажлиснинг ахборот сайтида қонунчилик базасини шакллантиришда иштирок этади; 

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қонунлар, қарорлар, баёнотлар, мурожаатлар, парламент сўровларининг юридик техника жиҳатидан расмийлаштирилишига ягона ёндашувни таъминлайди, Қонунчилик палатаси депутатларига, депутатлар бирлашмаларига ушбу масала бўйича маслаҳатлар беради ва услубий ёрдам кўрсатади;

Қонунчилик палатаси депутатлари ва Қонунчилик палатаси Девони ходимларининг ҳуқуқий билими даражасини оширишда иштирок этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Юридик бошқармасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга келиб тушган қонунларнинг, Сенат томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини амалга ошириш;

норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган маълумотнома ва ахборот материалларини тайёрлаш;

Сенат қўмиталарининг янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширишга доир фаолиятига кўмаклашиш;

Сенат қўмиталари билан биргаликда Сенатга келиб тушган қонунлардаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Сенат раҳбариятига, Сенат қўмиталарига (комиссияларига), сенаторларга ва таркибий бўлинмаларга ахборот-ҳуқуқий йўсинда кўмак бериш;

Сенатнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги
 ва қонунийликни таъминлаш;

Сенат ва унинг таркибий бўлинмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш;

Сенатда қонунларни кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш мақсадида ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш.

Юридик бошқарма Сенатнинг юридик хизмати ҳисобланади.

 

Юридик бошқарма ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга келиб тушган қонунларни, Сенат, Сенат Кенгаши қарорлари лойиҳаларини, шунингдек Сенат қўмиталари (комиссиялари), таркибий бўлинмалар томонидан ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенатга келиб тушган қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун ташкил этиладиган мажлисларда иштирок этади;

зарур ҳолларда кўриб чиқилаётган қонунлар юзасидан Сенат таклифларидан иборат бўлган қиёсий жадвалларни тайёрлайди;

кўриб чиқилаётган қонунлар юзасидан Юридик бошқарма хулосаларини тайёрлайди ва Сенат қўмиталарига тақдим этади;

Сенат муҳокамасига рад этиш учун киритилаётган қонунлар бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлайди;

Сенат қўмиталари билан ҳамкорликда қонунларни уларда амалга ошириш механизмлари мавжудлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади;

қонунларни халқаро ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама, пухта қиёсий таҳлил қилиш мақсадида ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганади;

қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида Сенат қарорларининг лойиҳаларини тайёрлайди;

янги қабул қилинган қонунларнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида қонуности ҳужжатлари ўз вақтида қабул қилинишини таҳлил қилиб, Сенат қўмиталарига маълумотнома тақдим этади;

Сенат қўмиталарининг қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Юридик бошқарма Сенат қўмиталарига қуйидаги масалалар юзасидан Сенат ва унинг Кенгаши қарорлари лойиҳаларини тайёрлашда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади:

референдум ўтказиш ва у ўтказиладиган санани белгилаш;

ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаш
 ҳамда стратегик давлат дастурларини қабул қилиш;

ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органлари тармоқлари тизимини ҳамда ваколатларини белгилаш;

божхона, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш;

давлат мукофотлари ҳамда унвонларини таъсис этиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларини тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш
 ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини ва унинг ўринбосарларини сайлаш;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини, Ўзбекистон Республикаси Олий судини сайлаш;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ҳисоб палатаси раисини, Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш;

амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;

парламент текширувларини ўтказиш.

Сенатнинг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги
 ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш борасида:

Сенатда қонун бузилишларини, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан Сенат раҳбариятига таклифлар киритади, ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

Сенат Раисига тақдим қилинадиган Сенат, унинг Кенгаши
 қарорлари, фармойишлари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, таркибий бўлинмалардан кейин виза қўяди;

Сенат девони билан тузиладиган шартномаларга Сенат девонининг тегишли бўлинмаларидан кейин виза қўяди;

Сенат, унинг Кенгаши қарорлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

Сенат ва унинг таркибий бўлинмаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва Сенат раҳбариятига киритади;

Сенат таркибий бўлинмалари ва мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликнинг бузилиши кўрсатилган аризалар, таклифлар ва шикоятларни кўриб чиқишда иштирок этади;

Сенатда бошқарув тизимини такомиллаштириш, Сенат таркибий бўлинмалари ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

Сенатда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлашда, шу жумладан меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни (меҳнат шартномаси, жамоа шартномаси, жамоа битими ва бошқаларни) ишлаб чиқишда иштирок этади;

Сенат ходимлари касаба уюшмасига ўз ваколатларини амалга оширишда юридик ёрдам кўрсатади.

 

Юридик бошқарма ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар билан ҳамкорлик қилади
 ва ёзишмалар олиб боради.

Юридик бошқарма давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлардан ҳамда мансабдор шахслардан ҳужжатларни, экспертлик, статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраб олиши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари юридик хизмати фаолиятини ҳуқуқий  тартибга солишдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг ҳуқуқий мақоми ҳукумат қарори билан тасдиқланган махсус низом билан белгиланган бўлиб, унда бошқарма фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, бошқарманинг тузилмаси ва бошқарма фаолиятини ташкил этиш тартиби батафсил ёритилган. Мазкур низомнинг бошқа юридик хизмат тўғрисидаги низомлардан фарқли жиҳатларидан бири унда бошқарма бошлиғидан бошлаб то инспекторгача бўлган бошқарма ходимларининг вазифалари ва функциялари аниқ белгилаб қўйилган.

Қуйидагилар Юридик таъминлаш бошқармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг ҳар томонлама ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати, Вазирлар Маҳкамаси аппарати фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқишда иштирок этиш;

қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан киритилган қонун лойиҳалари ва бошқа масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва уларнинг қўмиталари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятларини мувофиқлаштириш;

халқаро шартномалар лойиҳаларини халқаро-ҳуқуқий нормаларга ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш.

 

Давлат ва хўжалик бошқарув органлари фаолиятини ташкил қилишда уларнинг таркибий тузилмаси бўлган юридик хизматнинг роли ҳам беқиёсдир. Мамлакатимизда иқтисодий ва маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ваколатларини аниқ чегаралаш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклашда ҳам муҳим ўрин тутади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар стратегияси) мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, давлат бошқаруви тизимини марказлаштиришдан чиқариш ва демократлаштириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, нодавлат, жамоат ташкилотлари ва жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш; «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг самараси, сифатини юксалтириш ва бу хизматдан аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиш имкониятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари юридик хизмати тегишли  тизимда унинг ваколатлари киритилган масалалар доирасида ўз фаолиятини амалга оширади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини ташкил қилишнинг самарадорлик даражаси ҳам бевосита уларнинг юридик хизмати қай даражада йўлга қўйилганлиги билан узвий боғлиқдир. 

Вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари юридик хизматининг асосий вазифаси ҳокимлик фаолиятида қонунийликни таъминлаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий ишларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдан иборатдир.  

Фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида маҳаллий ҳокимият органлари роли ва мавқеини янада ошириш баъзи ваколатларни марказдан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига босқичма-босқич топшириш, жойларда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш мақсадида ҳокимият вакиллик органлари, ҳокимлар ваколатларини кенгайтириш ва аниқлаштириш уларнинг зиммаларига юклатилган вазифаларни бажарилиши учун масъулиятни ошириш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш шароитида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва таъсирини янада оширишда юридик хизматнинг ўрни ҳам каттадир. 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматининг фаолияти асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда қонунийликни таъминлаш, шартномавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судда ва бошқа органларда ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Хўжалик юритувчи субъект юридик хизмати хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг ҳуқуқий таъминланишини ташкил этади. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил    29 августдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида» ги Қонунида юридик хизматнинг шартномавий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш борасидаги вазифалари белгиланган. 

Хусусан, ушбу Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати: 

хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, шунингдек талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради; хўжалик шартномалари бажарилиши устидан ўзаро текширувлар ўтказилишини назорат қилади; 

хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим этилаётган хўжалик шартномалари лойиҳаларининг ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текширади; 

тайёрланган хўжалик шартномаси ва у билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжат лойиҳаси қонун ҳужжатлари талабларига мос эмаслиги аниқланган тақдирда, ўз эътирозини асосланган ҳолда уни қўшимча равишда ишлаб чиқиш учун қайтаради; 

шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади. 

Қонунда шунингдек тарафлар хўжалик шартномаларини тузиш учун хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг ёзма хулосасини олишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини ёритишда унинг ҳуқуқи, мажбурияти ва жавобгарлигига оид масалалар ҳам муҳим ўрин тутади. 

 

Юридик хизматнинг ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2733-сон Қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги Низомнинг 18-бандига  мувофиқ юридик хизмат қуйидаги ҳуқуқларга эга: 

1) давлат органи ва ташкилотига келиб тушаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танишиш, хизматда фойдаланиш ва уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш учун биринчи навбатда олиш; 

2) давлат органи ва ташкилоти, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг мансабдор шахсларидан юридик хизматга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиш; 

3) раҳбарият томонидан чақириладиган ҳуқуқий масалаларга тегишли йиғилишлар, кенгашлар ва мажлисларда иштирок этиш; 

4) раҳбарият топшириғига кўра ёки тегишли тузилма раҳбарининг розилиги билан уларнинг ходимларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш; 

5) қонунчиликка зид бўлган, қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ижрочиларига пухта ишлаш учун қайтариш, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ҳуқуқий хулосалар бериш, раҳбарият топшириғига кўра ёки ўз ташаббуси билан бошқа тузилмалар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни пухта ишланишида иштирок этиш; 

6) давлат органи ва ташкилоти тизимига кирадиган тузилмаларда давлат органи ва ташкилоти ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш; 

7) давлат органи ва ташкилоти, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш; 

8) давлат органи ва ташкилотида, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларда ёки давлат органи ва ташкилоти томонидан ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳуқуқий хулосалар бериш; 

9) талабнома-даво тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробардан кўп бўлмаган миқдорда мукофот олиш.

Юридик хизматнинг мажбурияти

Юридик хизмат:

унга Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юкланган функцияларни зарур даражада ва самарали бажариши; 

давлат органи ва ташкилотида, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи органга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши; 

белгиланган тартибда ва муддатларда малака ошириши ва аттестациядан ўтиши шарт.

Юридик хизматнинг жавобгарлиги

Муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш билан бирга, юридик хизмат ўзи виза қўйган ҳужжатларнинг ва ўзи берган хулосаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради. Юридик хизмат ходими эса ўз мажбуриятлари ва функциялари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Юридик хизмат ходимлари ҳам Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ умумий асосларда интизомий ва моддий жавобгарликка тортиладилар, фақат уларни лавозимларидан озод қилиш бундан мустасно. Шу ўринда, фикримизча, юридик хизмат ходимларини жавобгарликка тортишда, уларни Низомда белгиланган барча функцияларни бажармаганликлари учун эмас, балки меҳнат шартномаси билан уларга юклатилган вазифаларни бажармаганлиги учун жавобгарликка тортиш  назарда тутилиши мақсадга мувофиқдир .   

Адлия органлари давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини тартибга солувчи аниқланган қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйган юридик хизмат ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимнома киритишга ҳақлидирлар.

Юридик хизмат ва унинг ходимларига қайд қилинган Низомда ёки бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди. Бундай тақиқловчи нормани Низомга аниқ киритилганлиги юридик хизмат ходимларига ўзларига юклатилаган функцияларни пухта ва ўз вақтида бажариш имкониятини беради ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Юридик хизматга юклатилган вазифаларни бажаришга ва унга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишга мансабдор шахслар томонидан қаршилик кўрсатилиши оқибатида қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етса, бундай мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг органлари  тақдимномаси бўйича юридик жавобгарликка тортиладилар.

 

Бу эса яхлит ҳолда амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси қуйи бўғиндаги хўжалик юритувчи субъектларда юридик хизмат фаолияти қандай ташкил этилганлигидан ҳам дарак беради. Бозор муносабатлари шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг турли ташкилий-ҳуқуқий шакллари, хусусан, акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамият, хусусий корхона, қўшма корхоналар кабиларнинг иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётганлиги, улар юридик хизмати ишининг ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга янги талабларни қўймоқда. Хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати ҳуқуқий мақомининг ўзига хос жиҳати, унинг ички таркибий тузилма сифатида намоён бўлишидадир. Бу ҳолат уларнинг ҳуқуқий мақомини нафақат амалдаги низом, балки тегишли хўжалик юритувчи субъект юридик хизматининг низоми ва бошқа ички ҳужжатлари асосида ўз вазифаси, функцияси ва ваколатларини амалга оширилишидан далолат беради. Шунингдек, улар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши бир томондан, уларнинг мутлақ ваколати доирасида, иккинчи томондан, эса тегишли бўлинмалар фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ муносабатларда ҳам намоён бўлади.

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида, ўтмишдан фарқли равишда нодавлат нотижорат ташкилотлари юридик хизматининг ҳам ривожланиб бораётганлигини айтиб ўтиш жоиздир. 

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда юридик хизмат кўрсатувчи субъектларни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, юридик ва консалтинг фирмалар тармоғини кенгайтириш ва такомиллаштириш устувор вазифадир. Чунки, бундай хизмат турларининг ривожлантирилиши, айниқса, тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилиш имкониятини яратади. Қолаверса, ҳимоя тизимини кучайтиришга ёрдам беради.

Ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва демократик жамиятни шакллантиришда барча тизимдаги юридик хизматга бўлган эҳтиёж тобора ортади. Хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолиятини нафақат иқтисодий балки ҳуқуқий асосда ташкил қилишдан бевосита манфаатдордир. Хўжалик юритувчи субъектларнинг товар бозорларида фаолият юритишининг самарадорлик даражаси ҳам юридик хизмат ваколатларини қай даражада идрок этиб амалга оширишга боғлиқдир.

 

Юклаб олиш

 

 



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031