Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

А.Хурсанов. Ф.Отахонов. Хaлқaро тижорат aрбитражи: инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит

А.Хурсанов. Ф.Отахонов. Хaлқaро тижорат aрбитражи: инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит


Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.
Чет эл инвестицияларини, шу жумладан, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор давлатлар фаолиятининг устувор йўналиши қулай ҳуқуқий муҳитни яратиш, қонунларни ва уларни қўллаш амалиётини такомиллаштиришдан иборат. Давлатнинг бундай ижобий фаолиятини қўллашнинг муҳим объектларидан бири халқаро инвестиция ва тижорат низоларини ҳал қилиш соҳаси бўлиши керак. Нуфузли, малакали арбитраж давлатнинг халқаро ишбилармонлик муҳитида обрўли қиёфасини шакллантиради, обрў-эътиборини мустаҳкамлайди, бу эса ўз навбатида иқтисодиётни барқарорлаштиришга, шу жумладан қулай инвестиция муҳитини яратишга олиб келади.
Жараённинг мослашувчанлиги, тижорат сирлари ва ишбилармонлик обрўсининг максимал даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш учун махфийлик кафолатлари, арбитр сифатида малакали мутахассисларни танлаш имконияти – буларнинг барчаси халқаро тижорат арбитражини инвесторлар ва халқаро савдо субъектлари учун низоларни ҳал қилишнинг жозибали усулига айлантиради. Айнан шу сабабли ўз иқтисодиётига хорижий инвестициялар оқимини фаоллаштиришни истаган мамлакатлар халқаро тижорат арбитражини ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан ривожлантиришлари керак.
Шу муносабат билан ЮНСИТРАЛ Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги Намунавий қонун асосида, шунингдек арбитраж муҳокамаси соҳасида жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
Қонун 56 та моддани қамраб олган 8 та бобдан иборат бўлиб, уларда – асосий тушунчалар, Қонуннинг қўлланиш соҳаси, халқаро тижорат арбитражига ҳал этиш учун топшириладиган низолар, арбитрларнинг ва арбитраж муҳокамаси бошқа иштирокчиларининг иммунитети, арбитраж судининг мустақиллиги, суд аралашувининг чегаралари, суднинг ваколати, ёзма хабарларни олиш, эътироз билдириш ҳуқуқидан воз кечишга оид нормалар белгиланган.
Шунингдек, Қонунда арбитраж келишувининг таърифи ва шакли, даъво тақдим этиш ва унинг оқибатлари, таъминлаш чоралари ва дастлабки қарорлар, арбитраж судининг таъминлаш чораларини кўришга доир ваколатлари, дастлабки қарорларнинг алоҳида режими, арбитраж муҳокамасини юритиш тартиби, арбитражнинг ҳал қилув қарорини чиқариш ва муҳокамани тугатиш тўғрисидаги нормалар ҳам ўз ифодасини топган.
Қуйида арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш, уни тан олиш ва ижрога қаратишга оид масалаларни батафсил кўриб чиқамиз.
Халқаро ҳуқуқ нормалари ва аксарият хорижий давлатлар, шу жумладан Аргентина, Буюк Британия, Германия, Канада, Россия, Сингапур, Хитой каби мамлакатлар қонунларида белгиланганидек, мазкур Қонунда ҳам арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризаунинг устидан шикоят қилишнинг ягона воситаси сифатида эътироф этилган.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга (иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга) шикоят қилиш ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, агар халқаро арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида жойлашган ҳолда арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза халқаро арбитраж жойлашган жойдаги судга берилади. Масалан, халқаро арбитраж Тошкент шаҳрида жойлашган бўлса, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза Тошкент туманлараро иқтисодий судига топширилади.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори суд томонидан қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар бекор қилиш тўғрисида ариза берган тараф қуйидагиларнинг далилини тақдим этса: а) арбитраж келишувининг тарафларидан бири қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз эканлигини; ёки ушбу келишувнинг тарафлар уни қайси қонун ҳужжатларига бўйсундирган бўлса, ўша қонун ҳужжатлари бўйича, бундай қонун ҳужжати мавжуд бўлмаганда эса Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бўйича ҳақиқий эмаслигини; б) тараф арбитр тайинланганлиги ҳақида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришини тақдим эта олмаганлигини; в) арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитражда ҳал қилиниши назарда тутилмаган ёки арбитражга мурожаат қилиш шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда арбитраж келишувини қўллаш доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича қарор мавжудлигини, башарти арбитражда кўрилиши лозим бўлган масалалар бўйича қарорни арбитражга тегишли бўлмаган масалалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, у ҳолда арбитраж ҳал қилув қарорининг арбитражга тегишли бўлмаган масалалар бўйича қарори мавжуд бўлган қисмигина бекор қилиниши мумкин; г) арбитраж судининг таркиби ёки арбитраж тартиб-таомили тарафларнинг келишувига мувофиқ эмаслигини, агар фақат бундай келишув Қонуннинг тарафлар чекиниши мумкин бўлмаган ҳар қандай қоидасига зид бўлмаса ёки бундай келишув мавжуд бўлмаса, Қонунга мувофиқ эмаслигини.
Шунингдек, агар суд тарафларнинг аризаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар: а) низо предмети Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига кўра арбитраж муҳокамасига тегишли эмаслигини; б) арбитражнинг ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зид эканлигини аниқласа ҳам арбитражнинг ҳал қилув қарори бекор қилиниши мумкин.
Арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш чоғида суд ҳал қилув қарорини моҳияти бўйича қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш. Арбитражнинг ҳал қилув қарори тегишли тараф томонидан ихтиёрий ижро қилинади ёки «Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида»ги Ню-Ёрк Конвенциясига (1958 й.) (кейинги ўринларда – Конвенция деб юритилади) мувофиқ у қайси мамлакатда чиқарилганидан қатъи назар, ундирувчи томонидан ваколатли судга ёзма илтимоснома берилган тақдирда арбитражнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратиш мумкин.
Конвенция қабул қилинганига олтмиш йилдан ошди. Ҳозирги кунда унда дунёнинг 166 давлати иштирок этмоқда, шунингдек, халқаро арбитраж (ҳакамлик) судларида кўриб чиқилаётган ишлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.
Концепцияда назарда тутилган механизмлар, яъни: 1) арбитраж келишувининг мажбурийлиги, 2) арбитраж келишуви мавжуд бўлган низога давлат судлари аралашуви доирасининг чегараси, 3) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг узил-кесил рўйхати белгиланганлиги, 4) бундай ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратишни рад этиш асосларининг рўйхати аниқ белгиланганлиги Конвенциядан кейин қабул қилинган кўпгина мамлакатларнинг миллий қонун ҳужжатларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонуни, Фуқаролик процессуал кодекси (42-боб) ва Иқтисодий процессуал кодекси (33-боб) эътироф этилган ва ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (ИПК) 33-бобида чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни юритишга оид нормалар мустаҳкамланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонуни 52-моддаси нормаларига мос келади.
Унда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, яъни турли давлатлардаги субъектлар ўртасидаги низолар бўйича қабул қилинган чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби белгиланган. Масалан, Стокголм савдо палатаси ҳузуридаги арбитраж институти томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарори бўйича Ўзбекистон компанияси қарздор сифатида, хорижий компания эса Ўзбекистонда арбитражнинг ҳал қилув қарорини ижро қилишни мақсад қилган ундирувчи сифатида намоён бўлади.
ИПКда белгиланган тартиб бир қатор хусусиятларга эга ва муайян шартларда қўлланилади.
Биринчидан, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарори (чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади), агар у тегишли халқаро шартнома ва мамлакатимиз қонунчилигида назарда тутилган бўлса, Ўзбекистонда тан олинади ва ижрога қаратилади. Масалан, Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги Ню-Ёрк Конвенцияси иштирокчиси бўлган мамлакатларда қабул қилинган арбитраж ҳал қилув қарорлари ўзаро тан олинади ва ижрога қаратилади.
Иккинчидан, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин. Агар ушбу муддат ўтказиб юборилган бўлса, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад қилиниши мумкин бўлади.
Учинчидан, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича берилади.
Тўртинчидан, аризанинг шакли ва мазмунига қўйилган талабга қатъий риоя қилиниши лозим, унга риоя қилинмаса камчиликларни бартараф қилиш учун аризачига қайтарилади. Ариза ёзма шаклда берилади ва у аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши лозим. Аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи; чет эл арбитражининг номи ва жойлашган ери ҳамда унинг таркиби; ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи; аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет эл арбитражининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотлар; аризачининг чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномаси; илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади: 1) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлат ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси; 2) арбитраж муҳокамаси тўғрисидаги битимнинг асли ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси; 3) ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у илгари тегишли чет давлат ҳудудида ижро этилган бўлса;4) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва процессда иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат; 5) вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат; 6) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат; 7) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар; 8) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.
Бешинчидан, ариза, у иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида иқтисодий суд ажрим билан хабардор қилинади, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.
Аризани кўриш натижалари бўйича иқтисодий суд ажрим чиқаради ва белгиланган тартибда ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун ижро варақасини беради.
Олтинчидан, иқтисодий суд ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тарафнинг аризасига кўра, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад қилади. Рад қилиш асослари ИПКнинг 256-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонуни 52-моддаси аниқ белгиланган.
Агар халқаро арбитраж Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бўлса, унинг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро қилиш учун юқоридаги қонун нормалари эмас, балки ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари бўйича ижро варақаси олиш тартиби қўлланилишига эътибор қаратиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда мазкур Қонун халқаро тижорат арбитражини ривожлантириш; арбитраж муҳокамаси институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш; халқаро тижорат арбитражи соҳасида илмий ходимлар ва етук мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
 
Абдулло ХУРСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик
жамияти бошқаруви раиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930