Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналишлари: Ўзбeкистон — дeмократик, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий ва тинчликсeвар давлат

Конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналишлари: Ўзбeкистон — дeмократик, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий ва тинчликсeвар давлат


Пойтахтимиздаги “Tashkent Сity Congress Hall”да “Конституциявий ислоҳотнинг моҳияти ва аҳамияти: Янги Ўзбекистон — янгиланаётган Конституция” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференциянинг 1-сессияси шу мавзуга бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда БМТ, ЕИ, ЕХҲТ сингари халқаро ташкилотлардан, шунингдек, Австрия, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Грузия, Венгрия, Корея Республикаси, Польша, Словения, Тожикистон, Туркия, Франция, Хитой, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, каби давлатлардан нуфузли давлат арбоблари, сиёсатчилар, экспертлар ва олимлар, мамлакатимиздаги етакчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Мир-Акбар Рахманкулов кириш сўзи билан очиб берди.

Шундан сўнг 1-сессияга модераторлик қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов сўзининг аввалида, янгиланаётган Конституция лойиҳасига киритилган “демократик давлат”, “ҳуқуқий давлат”, “ижтимоий давлат”, “дунёвий давлат” ва “тинчликсевар давлат” тушунчаларининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, сўнгра асосий маърузачиларга сўз берди.

Жумладан, “Янгиланаётган Конституция — демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш асоси. Инсон–жамият–давлат — жамият ва давлатни демократик янгилашнинг конституциявий устувор йўналиши” мавзуида маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистон ҳудудида ёки хорижий давлатларда яшаётган барча фуқаролардан таклифлар олингани, инсон ҳуқуқлари соҳасида концептуал ўзгаришлар киритилаётгани, “хабеас корпус”, “миранда” ва айбсизлик презупцияси каби янги институтлар жорий этилаётгани, конституциявий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда кўп йиллар амалда бўлган “давлат–жамият–инсон” тамойилидан “инсон–жамият–давлат” тамойилига ўтиш мақсад қилингани, янги конституциявий ҳуқуқий асослар билан эндиликда давлат органлари жамият ва ҳар бир фуқаро олдида жавобгар экани ҳамда фақат уларнинг манфаатини кўзлаб иш юритиши кераклиги, ушбу тамойилнинг амалиётга жорий этилиши инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, умумъэтироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига ва юксак демократик қадриятларга ҳам мос келишини таъкидлади.

“Ҳуқуқ устуворлиги тамойилларининг замонавий талқини” мавзусида маъруза қилган Польша Республикасидан ташриф буюрган таниқли давлат ва сиёсат арбоби, халқаро ҳамжамиятда ўз ўрни ва овозига эга бўлган эксперт, Польшанинг собиқ Президенти Александр Квасьневский томонидан ҳуқуқий давлатда “ҳуқуқ устуворлиги” тамойилини таъминлаш жуда муҳим аҳамият касб этиши, Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституцияси лойиҳасида “ҳуқуқ устуворлиги” тамойилининг барча асосий хусусиятлари ифодалангани, жумладан, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи мустаҳкамлангани, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига жуда кенг қамровда аҳамият берилгани, Конституциянинг устунлиги, олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгилангани, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини таъминлашга эътибор қаратилгани, суд ҳокимияти мустақиллиги, давлат ваколатлари ва функцияларини номарказлаштириш, фуқаролик жамияти институтлари роли ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва бошқа шу каби жиҳатлар ўз аксини топгани эътироф этилди.

Шунингдек, А.Квасьневский бугунги кунда дунёда турли глобал муаммолар авж олган бир вазиятда Ўзбекистоннинг позицияси жуда муқобил эканини, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни қуришдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Бундан ташқари, мазкур янги Конституция моделини келажакда бошқа мамлакатларда синаб кўриш йўллари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов “Ташқи сиёсатнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомил-лаштириш — самарали халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси” мавзуидаги маърузасида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг янги конституциявий-ҳуқуқий асослари яратилиши юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилиб, унда Марказий Осиё минтақаси асосий ўринни эгаллаши, ташқи сиёсатнинг янги конституциявий-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши бугунги таҳликали замонда халқаро муносабатларда мамлакатнинг миллий манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилиши ҳақида сўз юритди.

Халқаро конференция 1-сессиясининг муҳокамалар қисмида Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва мамлакат истиқболидаги ўрни хусусида қатор хорижий ва миллий экспертлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Чунончи, “Ижтимоий давлатнинг асосий конституциявий устуворликлари” мавзуида сўз юритган Хитой Ижтимоий фанлар академияси Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиё институти етакчи илмий ходими, профессор Сюэ Фуци янгиланаётган Конституцияда ижтимоий давлат ва унинг хусусиятлари, хусусан, ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, шу жумладан, сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити, адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими, оилалар, болалар, аёллар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уй-жойли бўлиш шароити каби муҳим жиҳатлар янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топганини эътироф этди.

Шу билан бирга, Сюэ Фуци янгиланаётган Конституция ҳақиқатан ҳам жуда жиддий ўзгаришларга эга эканини, янада эътиборлиси конституциявий нормаларнинг асосий қисми тўғридан-тўғри инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясига қаратилганини, бу муҳим ва ўз вақтида амалга оширилган воқелик эканини ҳамда бу билан давлат узоқ йиллар давомида мамлакатнинг ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор қўйишга эришишини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг бундай мураккаб вазифани амалга оширишдаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими Гулноза Саттарова “ижтимоий давлат” тушунчасининг хорижий давлатларда мавжуд бўлган ўзига хос жиҳатлари, жумладан, бундай нормалар кўплаб давлатларда умумий ижтимоий характердаги: масалан, бутун аҳоли учун ижтимоий хизматлар) ёки баъзи ижтимоий мақсадли чора-тадбирлар - аҳолининг айрим қатламларини — кексалар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ишсизлар ва бошқаларни ижтимоий ҳимоялаш кўринишида намоён бўлиши ҳақида батафсил маълумот бериб, “ижтимоий давлат” тушунчасининг янгиланаётган Конституциядаги моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди ва бу ислоҳотлар инсон қадрини тўла қарор топтиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ таъминлашга, аҳоли ҳар бир қатламининг барча соҳадаги, айниқса, ҳуқуқий ва сиёсий фаоллиги юксалишига, провардида жамиятимиз янада тараққий этишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

“Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти ва биринчи навбатда қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг аҳамияти мавзуси бўйича сўзга чиққан Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик миллий маркази директори Иззатулло Саидзода томонидан янгиланаётган Конституция лойиҳасида ташқи сиёсат соҳасидаги умумэътироф этилган барча халқаро ҳуқуқ тамойиллари акс эттирилгани, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти халқаро ҳуқуқ талаблари асосида олиб борилаётгани, Ўзбекистоннинг Тожикистон билан бугунги муносабатлари давлатлараро муносабатларни шакллантириш учун намуна бўлиб хизмат қилиши, икки мамлакат ўртасида 200 дан ортиқ келишувлар ва шартномалар имзолангани, янги Конституция Ўзбекистон бундан кейин ҳам барча давлатлар билан тинчликсеварлик алоқаларини давом эттириш истагида экани ҳақида хулоса қилиш имконини бериши таъкидланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёни юзасидан маърузачилар, экспертлар ва тадбирга ташриф буюрган бошқа иштирокчилар  мунозараларига қисқа хулоса берилган холда 1-сессия ўз ишини якунлади.




«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930