Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба

Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба


Жорий йилнинг 27 январь куни Қарши шаҳрида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси ва  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури кўмагида “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Давра суҳбатида Қашқадарё вилояти  ва туманлари ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат органлари вакиллари,  нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатининг мақсади давлат органлари, шу жумладан ҳокимликлар ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолияти, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан давлат органлари ҳамкорлигига оид қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда халқаро тажриба билан таништириш орқали нодавлат ташкилотларнинг бу борадаги салоҳиятини оширишдан иборат қилиб белгиланди.

Тадбирни “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори Сайёра Ходжаева ва   Қашқадарё вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибияти мудири Фирдавс Сатторов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Давра суҳбатида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Даврон Шодмонов  модераторлик қилди

Мазкур тадбир давомида “Давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва амалиёт” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши  курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, “Жамоатчилик кенгашлари: халқаро тажриба” мавзусида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори, юридик фанлар номзоди Сайёра Ходжаева маъруза қилдилар.

Маърузачилар таъкидлаганидек, жамоатчилик назорати деганда давлат органлари ва муассасалари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назорати субъектлари томонидан қонунда белгиланган асосий принципларга риоя қилган ҳолда қонунчиликда назарда тутилган шаклларда амалга ошириладиган ва якуний ҳужжати тавсиявий хусусиятга эга бўлган назорат тушунилади.

Жамоатчилик назорати фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Жамоатчилик назорати субъектлари:

жамоатчилик назоратини амалга ошираётганда тадбирлар ўтказиш ташаббуси билан чиқишга, уларни ташкил этишга, шунингдек уларда иштирок этишга;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни қонунчиликка мувофиқ давлат органларидан сўраб олишга;

жамоатчилик назорати натижаларига кўра таклифлар ва тавсиялар тайёрлашга ҳамда уларни тегишли давлат органларига кўриб чиқиш учун юборишга;

фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга;

давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилишга;

жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилишга ҳақлидир.

Давлат органлари:

жамоатчилик назорати субъектларига жамоатчилик манфаатига дахлдор бўлган ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этиши;

ўзига жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган мурожаатлар ва сўровларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқиши, мурожаатларга ва сўралаётган ахборотга жавоблар тақдим этиши, бундан давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ёхуд топширилиши жамоат тартибига ва фуқароларнинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган маълумотлар мустасно;

жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган таклифлар ва тавсияларни, шунингдек якуний ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқиши шарт.

Жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра баённома, хулоса, маълумотнома шаклида ёхуд қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклда якуний ҳужжат тайёрланиши мумкин. Якуний ҳужжат ахборот ва тавсия хусусиятига эга бўлади. Якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинади.

Давра суҳбатида жамоатчилик кенгашларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда хорижий давлатлар, хусусан Германия, Дания, Россия, Украина, Франция, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларнинг қонунчилиги ва амалиётини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққан  Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши ҳузуридаги ННТ ва ФЖБИҚҚ Жамоат фонди директори, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Шермамат Раджабов,   Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори,  Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси  аъзоси Зулфия Хайдарова“Умид” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Дилдора Алиқулова  вилоятда ҳокимликлар ва бошқа давлат органлари фаолияти юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, уларнинг асосий вазифалари бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан ҳокимликнинг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш ҳамда ҳокимлик фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлашга алоҳида эътибор бериш керак деган таклифларни илгари сурдилар.

Давра суҳбати иштирокчиларига  “Ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва фаолият йўналишлари” деб номланган амалий қўлланма  тарқатилди.





«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930