2025 йил 24 июн куни Тошкент шаҳрида “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ташаббуси билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинари доирасида «Коррупция жамоатчилик фикри кўзгусида» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу илмий анжуман Ўзбекистон аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланган ҳолда, коррупция ҳақидаги кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши самарали сиёсат юритишда социологик таҳлилларнинг ўрнини белгилашга қаратилган.
Давра суҳбатининг очилиш қисмида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Нигина Рахимова сўзга чиқди ўз нутқида социологик тадқиқотларнинг фуқаролик позицияси ва давлат сиёсатини уйғунлаштиришдаги роли, соғлом жамиятни қуришда жамоатчилик фикрининг ўрни ҳақида фикр билдирди.
Шунингдек, мазкур тадбирда, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раисининг ўринбосариАзамат Тошев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси кафедра мудири Мансур Бекмуродов ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Фозилжон Отахонов сўзга чиқдилар.
Ф.Отахонов коррупция – бу шунчаки ҳуқуқбузарлик эмас, балки жамиятда ишонч муҳитини йўқотувчи, тараққиётга тўсиқ қўядиган кенг қамровли ижтимоий иллат бўлиб, унга қарши ҳуқуқий, мафкуравий, маънавий ва жамоатчилик даражасида самарали курашиш лозим эканлигига эътибор қаратди. Бу борада ўтказилган ижтимоий сўров – жамиятда коррупцияга бўлган муносабат, унинг сабаблари, кўринишлари ва оқибатлари тўғрисида аҳолининг фикрини чуқур ўрганишга қаратилган илмий, амалий ва маърифий аҳамиятга эга тадқиқот ҳисобланиб, унинг натижалари давлат сиёсатини такомиллаштириш, аҳолининг фаол фуқаролик позициясини кучайтириш ва коррупцияга қарши курашиш органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга хизмат қилишига умид билдирди.
Давра суҳбатида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакиллари томонидан тайёрланган иккита муҳим маъруза тақдим этилди.
Мансур Сеитов маърузасида фуқароларнинг Ўзбекистонда коррупция ҳақидаги умумий қарашлари, уларнинг давлат тизимига ишончи ва шахсий ҳаётидаги тажрибалари таҳлил қилинади. Ушбу маъруза жамоатчилик онгида коррупциянинг қандай қабул қилиниши, унинг сабаблари ва оқибатларига нисбатан муносабатни очиб берди.
Азизбек Тожибаев эса мамлакат соғлиқни сақлаш муассасаларидаги, шу жумладан туғруқхоналардаги коррупция ҳолатларига алоҳида эътибор қаратди. Маърузада тиббий муассасаларда яширин тўловлар, хизмат кўрсатишда адолатсизлик ва аҳолининг ҳуқуқий онги даражаси чуқур таҳлил қилинди ҳамда фуқароларнинг бу ҳақдаги фикрлари ёритилди.
Мазкур давра суҳбатининг илмий аҳамияти шундаки, у коррупция муаммосини жамиятнинг кўзгусида кўриш имконини берди. Жамоатчилик фикрининг таҳлили орқали давлат органлари фаолиятини баҳолаш, ҳуқуқий ислоҳотларни асослаш ва самарали жавобгарлик тизимини шакллантириш мумкинлигига урғу берилди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли, фуқароларнинг ахборотга бўлган эркин кириши ва фаол фуқаролик позицияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Жамоатчилик онгини шакллантириш, давлат сиёсатининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш — барқарор ривожланишнинг муҳим пойдевори саналади. Шунингдек, ушбу илмий-амалий тадбир коррупцияга қарши миллий сиёсатда жамоат назорати, фуқаролик фаоллиги ва илмий ёндашувлар уйғунлигининг самарали намунаси бўлиб хизмат қилади.
Тадбир якунида умумлаштирилган хулосалар ва амалий тавсиялар шакллантирилди, улар асосида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниши режалаштирилди.
Мавзуга оид бошқа хабарлар