Муқаддима

Муқаддима

(Фозилжон Отахонов – "Феруз Хайдархон" тахаллуси орқали  ёзувчи муаллифдан)

Ҳар бир инсон ҳаётида шундай бир муқаддас ном бўладики, у тананинг эмас, руҳнинг насабидир. Мен учун бу ном — дадамнинг исми. У киши менга нафақат ҳаёт берган инсон, балки инсон бўлиб яшашнинг, виждон билан ўз қарорида мустаҳкам туришнинг намунаси бўлган.

Дадам — Хайдархон. У зот бизни баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки сукути, салоҳияти ва кўзларидаги ишонч билан тарбия қилган. Унинг “сендан одам чиқади” деган жим қарашларида бутун умрга етарли масъулият бор эди.

Шу сабаб, ҳар бир ёзган ҳикоям — мен учун на фақат бадиий тажриба, балки дадамга муҳаббат, хотира ва садоқатни қалам орқали давом эттиришдир.

Бунинг учун мен тахаллус танладим:

Феруз Хайдархон

“Феруз” — зафар, нур ва умид рамзи. “Хайдархон” — дадамнинг исмини юракдан чиқармай, ўқувчининг хотирасига ҳам солиш нияти.

Бу тўпламдаги ҳар бир сатр — отамнинг бир оғиз насиҳатидан, бир қарашидан, бир сукутидан илҳом олган. Шу боисдан, ушбу ҳикоялар менинг эмас, унинг руҳи билан юзланади. Агар ўқувчи ушбу саҳифаларда нур, ибрат ва меҳр туйғусини ҳис қилса — менинг ниятим амалга ошган бўлади.

"Феруз Хайдархон" номи — ўғилдан отага бағишланган сукутли дуодир.

Ҳар бир ҳикоя — шу дуонинг бир бўлагидир.


ДИПЛОМ ҲИМОЯСИ… ВА ДАДАМНИНГ СУКУТИ

1981 йил, июнь.

Сайилгоҳ хиёбонидаги дарахтлар майин тебраниб, Тошкентнинг юрагида гўё кимнингдир ички қўри пичирлаб тўлқинланарди. Мен эса — талабаликнинг охирги кунларига етиб келган ёш йигит — ТошДУнинг Юридик факультети биносига қадам босиб борардим. Сумкамда китоблар, юрагимда титроқ, умид. Оёқларим енгил, лекин юрагим оғир — бугунги кун шунчаки ҳимоя куни эмас, дадамнинг дуоси билан йўлга чиққан орзуларим куни эди.

Факультет зали — ўша катта, тарих ҳиди уфуриб турган зал — менга бошқа кўз билан қараётгандек туюларди. Стулларнинг ғичирлагани, профессор-ўқитувчиларнинг жиддий қиёфаси, талабаларнинг  шивирлашлари орасида қалбим ҳануз дадамнинг нигоҳини изларди. Ҳа, менинг ҳимоям — дадам учун ҳам бир синов эди.

Қўлимда диплом иши: “Ўзбекистон ССР Гражданлик процессуал кодекси ва бошқа республикалар ГПКлари таққослама таҳлили”. Бу ном  теша тегмаган илмий мавзудек туюлар, лекин мен учун у қўлга қалам олиб, қалбдан сўз тўкилган саҳифалар, дадамнинг «сендан одам чиқади» деган ишончининг ифодаси эди. Илмий раҳбарим  Эминжон Эгамбердиев  “қалбинг билан ёз,” дегандилар. Мен қалбим билан ёздим. Ҳар сатрда ўзимни изладим, топдим. Ва уларни дадамга бағишладим.

Зал бурчагида  ўзига хос сокинлик билан дадам ўтирардилар. Ҳар доимгидек, оддий. Оддийлигида салобат, сукутида куч. Унинг қарашлари — мен учун юзта китобдан, мингта маърузадан, ҳар қандай мактабдан улуғроқ эди. У қараса — мен тўғри ёздим, у жилмайса — мен тўғри йўлдаман. Шуни билиб турганим учун ҳам ҳаяжоним бошқача, юрагимда гўё елкаларимга отамнинг дуоси тушиб турган эди.

Ниҳоят, ҳимоя. Сўзларим титраб, аммо ичимдан туғёндек отилиб чиқди. Менга берилган ҳар бир савол, гўё ҳаёт синовларига тайёргарлик каби эди. Юракдан гапирдим, қоғозга ёзганимни эмас, қалбимда, хотирамда сақлаганимни айтдим. 

Диплом раҳбарим зўр дея имо қилди. Комиссия аъзолари савол берди. Мен жавоб бердим. Ҳаммасини          — дадамга қарамасдан. Қўрқардим. Чунки у киши мени улуғ сўзлар билан эмас, жим қараш билан ўлчарди.

Профессор Яков Ефимович Песин бир лаҳза жим қолди. Сўнг сўзни шундай бошлади:

— Ҳимоя муваффақиятли ўтди. Иш – пухта, илмий ва амалий. Мен уни методик қўлланма сифатида нашрга тавсия этаман.

Кейин у тўсатдан сўради:

— Меҳмонлардан сўзга чиқадиганлар борми?

Шу пайт юрагим тўхтагандай бўлди. Дадам ўринларидан турдилар. Оддий, лекин салобатли қадамлар билан трибунага чиқдилар. Унинг юзидаги сокин табассум, кўзларидаги мустаҳкам ишонч зални тўлдирди. Дадам соф, равон рус тилида сўз бошладилар:

— Ўғлим болалигидан жиддий эди. Кам гапирарди, кўп ўқирди, кўп тингларди. Диплом иши мавзусини ҳам ўзи танлади ва диплом раҳбарига жуда маъқул келди. Агар бугун у сизларга ўзининг салоҳиятини ва илмий ишга қизиқишини бир оз бўлсада кўрсата олган бўлса, демак, у тўғри йўлда. Сизларга берган билимингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 Бир неча ондан сўнг профессор Песин, илк марта жилмайиб, дадамга юзланди:

— А сиз… рус тилида жуда равон, тушунарли, теран гапирдингиз. Рости, мен ҳозир тушундим: бу йигит нима учун университетда аъло баҳога ўқиганлигини. У аъло баҳо олиш учун туғилган. Бу унга сиздан ўтган.

Ўша лаҳзада мен ўзимни суюнчини қалбига сиғдира олмаётган боладек ҳис қилдим. Бу фақат диплом ҳимояси эмас эди. Бу — дадамнинг қалбига бағишланган меҳнатимнинг ҳақиқий мукофоти эди.

Мен — ҳимоя қилган талабамас, дунёнинг энг бахтли ўғли эдим. Шу лаҳзада ҳаёт ўз мазмунини топди. Илмий ишим ҳам, кўз ёшим ҳам, қўлимдаги қалам ҳам дадам учун эди. 

Йиллар ўтди. Мен судья бўлдим. Кейин — профессор. Кийинишим ўзгарди. Ишхонам — баланд деворлар ичида. Ҳужжатлар, қарорлар, имзолар...

Лекин ҳар бир тўғри қароримда — дадамнинг жим дуоси бор. Ҳар бир хато қилмаслигимда — дадамнинг кўзи.

Дадам ҳеч қачон менга “мен сен билан фахрланаман”, демадилар. У киши шу гапни бир марта, ўша залда, сукут билан айтдилар.

Ва мен шу сукутга бутун ҳаётимни бағишладим.

Феруз Хайдархон
30.07.2025

Мавзуга оид бошқа хабарлар