Жорий йилнинг 6 август куни Кoррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан “Коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги навбатдаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Асосий мақсад жорий йил 5 март куни бўлиб ўтган Кoррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижроси доирасида коррупцияга қарши курашиш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг бугунги ҳолатини муҳокама қилиш ва келгусидаги ҳамкорлик режаларини белгилаб олишдан иборат бўлди.
Мулоқотда Кoррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Агентлик томонидан ННТлар билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, ННТлар учун грант ва ижтимоий буюртмалар асосида 2023 йилда 267 млн, 2024 йилда 2, 3 млрд сўм, 2025 йил бошидан бугунги кун ҳолатига эса 3 млрд сўмдандан ортиқ маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар доирасида 2023 йилда 5 та, 2024 йилда 30 та ва жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар 34 та лойиҳа амалга оширилди.
2020 йилда коррупцияга қарши курашиш йўналишида бирорта ҳам ННТ фаолият юритмаган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 5 тага етди (“Очиқлик ва шаффофлик маркази”, “Коррупциясиз келажак”, “Ватаннинг садоқатли фарзандлари”, “Compliance Management System”, “Иммунитет коррупцияга қарши курашиш маркази”) ва бу рақам ортишда давом этмоқда.

Айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши таркибининг 24 фоизини, Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 52 фоизини, Ҳудудий кенгашларда 40 фоизни ННТ вакиллари ташкил этади.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш Виртуал академиясида ННТлар учун махсус курс ишлаб чиқиш амалиёти бошланди. Икки йилдан буён улар учун Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида коррупцияга қарши курашиш йўналишини қамраб олган малака ошириш курслари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, халқаро ҳамкорлар иштирокида ўтказилаётган соҳага оид туркум семинарларга ҳам ННТ вакиллари фаол жалб этилмоқда.

Мулоқот давомида кoррупцияга қарши курашишда ННТларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда уларнинг иштирокини кенгайтириш, халқаро тажриба асосида фуқаролик жамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқотни кучайтириш каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Кoррупцияга қарши курашишда ННТларнинг назорат функциялари ва мониторинг ишлари жамиятда очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилишига ҳам алоҳида урғу берилди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассосиацияси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан биргаликда ННТлар ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни институционал даражада кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифа ва мақсадлар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
Мавзуга оид бошқа хабарлар