ИЛМ, ИНСОНПАРВАРЛИК ВА САҲОВАТ УЙҒУНЛИГИ

ИЛМ, ИНСОНПАРВАРЛИК ВА САҲОВАТ УЙҒУНЛИГИ

ИЛМ, ИНСОНПАРВАРЛИК ВА САҲОВАТ УЙҒУНЛИГИ

ЭССЕ


Академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов таваллудининг 100 йиллигига бағишланади

Илм — инсон тафаккури ва зеҳнининг энг олий қиррасидир. У орқали инсон табиат ва жамият қонуниятларини англайди, ҳаётда онгли қарор қабул қилади, тараққиётга хизмат қилади. Илмли инсоннинг асосий бурчи — топилган билим ва кашфиётларни фақат шахсий манфаат учун эмас, балки халқ ва жамият манфаати йўлида сарфлашдир. Илм маърифат йўлини ёритувчи машъал бўлиб, инсонга масъулият, жамиятга эса тараққиёт олиб келади.

Инсонпарварлик эса инсоннинг қалбидаги энг юксак фазилатлардан биридир. У инсон ҳуқуқлари, шаъни ва қадрини энг олий неъмат сифатида эъзозлайди. Инсонпарварлик туйғуси одамлар ўртасида адолат, меҳр-шафқат, бағрикенглик муҳитини қарор топтиради. Бу хислат жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайди ва унинг тараққиётига маънавий таянч бўлиб хизмат қилади.

Саҳоват эса инсоннинг бағрикенглиги ва бошқаларга нисбатан самимий ёрдамга тайёрлиги билан намоён бўлади. Саҳоватли инсон ўз вақти, билими ёки имкониятларини аямай, уларни бошқалар бахти ва манфаати йўлида сарфлайди. Бу фазилат нафақат моддий ёрдамда, балки маънавий кўмак ва руҳий қувват беришда ҳам ифодаланади.

Илм, инсонпарварлик ва саҳоват — инсоният тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини ташкил этувчи уч юксак қадриятдир. Илм инсон тафаккурини нурлантириб, жамият ривожига йўл очса, инсонпарварлик одамзоднинг маънавий қиёфасини белгилайди, саҳоват эса ўша илм ва инсонпарварликни амалий ҳаётга татбиқ этиш имконини яратади. Ушбу фазилатлар уйғун бўлган шахслардан бириакадемик, юридик фанлар доктори, профессор Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловэди.

У зотнинг қиёфасини эсласак, кўз олдимизда фақатгина йирик олим эмас, балки ҳаёт синовларидан ўтган жасур йигит, оталарча ғамхўрлик қилган устоз, бағри кенг инсон ва халқ фарзанди гавдаланади.

Хожи-Акбар Раҳмонқуловнинг болалиги ва ёшлиги инсон тақдирини синовга солган оғир йилларга тўғри келди. У Иккинчи жаҳон уруши даврида ўсмир йигит эди. 16 ёшидаёқ заводга ишга кириб, электромонтёр сифатида меҳнат қилди. Тунлар узун, кунлар оғир эди, лекин у она-Ватан учун хизмат қилаётганидан фахрланарди. Орадан бир йил ўтиб, ҳали 17 ёши тўлмай туриб, урушга ихтиёрий равишда кетди, тақдир унга фронтнинг олов ва ўққа тўла йўлларини тақдим этди.

Урушда у оғир жароҳат олди, контузия ҳам бўлди. Бир муддат шифохонада ётди, аммо қалби таслим бўлмади. У ҳаётдан ортиқ Ватанни севди. “Мен фронтга қайтаман, сафдошларим билан бўламан”, — деди ва яна окопларга йўл олди. Чунки унинг учун юртни ҳимоя қилиш — нафас олиш каби табиий туйғу эди. У кўплаб шаҳар ва қишлоқларни озод қилиш учун жангларда қатнашди. Қон, кўз ёши, қийинчилик — барчасини кўрди. Аммо юрагидаги жасорат ва Ватанга муҳаббат уни барча синовлардан олиб ўтди.

Тўрт йил давомида олов ва дуд ичида яшаган бу йигит ортиқча даъвосиз, шон-шуҳрат изламай, кичик лейтенант унвони билан уйига қайтди. Унинг юрагида оғир хотиралар, кўзларида урушнинг елкаларига юкланган алам ва шу билан бирга тинчликка бўлган чексиз меҳр бор эди. 

Фронтдан қайтгач, у  илм йўлини танлади. Унинг қўлида энди милтиқ эмас, қалам бор эди. Қалам билан ҳам у янги жамиятни қуриш, халқ тақдирини енгиллаштириш учун курашди. Ҳожи-Акбар Раҳмонқулов Ленинград давлат университети аспирантурасига қабул қилиниб, профессор Н.А.Райгородский раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борди. Қатъият ва изчиллик билан ҳаракат қилган ёш тадқиқотчи дастлаб номзодлик, ўн йилдан кейин докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Унинг илмий асарлари нафақат ҳуқуқшунослик илми, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим масалаларига бағишланган бўлиб,  у муаммоларга амалий ҳуқуқий ечимлар таклиф этди. Олимнинг истиқболни олдиндан кўра билиш қобилияти ва чуқур таҳлилий фикрлаши бу тадқиқотларда яққол намоён бўлди. Айниқса, у совет давридаёқ бозор муносабатларига ўтиш зарурлигини англаб, илмий мулоҳазаларида бу йўлнинг аҳамиятини кўрсата олди. Шу жиҳатдан, унинг илмий ишлари нафақат ўша давр муаммолари ечимига, балки келажакка йўналтирилган илмий мерос сифатида ҳам қимматлидир.

Академик Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнингилмий мероси қонунчилик жараёнларида ҳам ёрқин ифодасини топди. 1992 йил декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини яратиш жараёнида у киши ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган моддалар устида ишлади. Бу даврда мамлакат тақдири, халқ эртасига дахлдор ғоят катта масъулият турган эди. Академик Раҳмонқулов ҳар бир моддани диққат билан ўқиб, муҳокамаларда қатъият билан сўзга чиқди. У кишининг: “Инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва қадр-қиммати ҳимоя қилинмас экан, қонун қоғозда қолади. Қонун — халқнинг нафаси бўлиши шарт”, — деган сўзлари янги Конституция руҳига айланди. Шунингдек, у Фуқаролик ва Оила кодексларини яратишда ҳам беқиёс хизмат қилди. У ҳар бир моддада инсонпарварлик ва адолат тамойилларини кўзларди. “Оила — нафақат ҳуқуқий шартнома, балки муҳаббат ва маънавият қўрғони. Шунинг учун кодексда болалар манфаатлари ва аёл қадри энг олий ўринда туриши керак”, — деган фикри Оила кодексининг асосий руҳи бўлиб қолди.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловичнинг бутун илмий-тадқиқот йўли унинг педагогик фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу икки йўналиш унинг ҳаётида бир-бирини тўлдириб келди. У инсон нафақат ўз билимлари билан, балки ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ҳам ажралиб турарди: 1980–1985 йилларда Самарқанд давлат университети юридик факультетида ташкил қилинган “Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар” кафедрасига раҳбарлик қилиб, ўқув-услубий жараёнларни янги босқичга кўтарди, талабалар учун қўлланмалар яратилишига бошчилик қилди, факультет илмий салоҳиятини юксалтиришга тўғридан-тўғри ҳисса қўшди. ТошДУда “Фуқаролик ҳуқуқи” фанидан мунтазам маърузалар ўқиб, талаба-ёшларга ҳуқуқий билимнинг асосларини чуқур сингдирди. Кейинчалик 1993 йилда, Ўзбекистон янги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар босқичига қадам қўйган бир пайтда, унинг ташаббуси билан Тошкент давлат юридик институтида “Бозор-хўжалик ҳуқуқи” кафедраси ташкил этилди; у бу ерда ўқув дастурини ўзи ишлаб чиқиб, маърузалар ўқиди. Вақт ўтиши билан мамлакатда мулкий, савдо-иқтисодий, оилавий ва меҳнат муносабатлари глобаллашув жараёнига қадам қўйган бир даврда – 1999 йилда у яна бир эзгу ишни амалга оширди: “Халқаро хусусий ҳуқуқ” кафедрасини барпо этди. Бу ерда ёш олимлар учун янги имкониятлар яратилди, улар “Рим хусусий ҳуқуқи”, “Халқаро хусусий ҳуқуқ”, “Халқаро савдо ҳуқуқи”, “Корпоратив ҳуқуқ”, “Мажбуриятлар ҳуқуқи” каби фанларни пухта ўрганиш орқали ҳуқуқий маданиятнинг илғор қирраларига эга бўлдилар. Ҳақиқатан ҳам, Хожи-Акбар Раҳмонқулович учун илм — фақат назария эмас, балки ҳаёт тарзи, келажак авлод учун маънавий мерос, юксак маърифий бурч эди.

Ҳожи-Акбар Раҳмонқуловнинг энг катта хизматларидан бири — бу унинг ўз илмий мактабини яратганидир. У киши фақат шахсий тадқиқотлар билан чекланиб қолмади, балки юзлаб ёш олимлар, ҳуқуқшунослар ва амалиётчи юристларни тарбиялаб етиштирди. Унинг раҳбарлигида ҳимоя қилинган диссертациялар, ёзилган монографиялар, дарсликлар ва илмий ишлар орқали бутун бир цивилистик ҳуқуқ мактаби шаклланди.Унинг илмий раҳбарлигида 60 нафардан зиёд фан номзоди ва 15 нафардан ортиқ фан доктори диссертация ҳимоя қилдилар. “Менинг энг катта меросим — китобларим ва шогирдларим”, — дерди у. Ҳақиқатан ҳам шогирдлари унинг учун фарзанддек эди. Уларнинг муваффақиятидан қувонар, оғир дамларида ёрдам қўлини чўзарди. Шогирдлари унинг саҳоватли устозлигини ҳурмат ва миннатдорлик билан эслайдилар. Чунки академик ўз илмини тарқатишдан чарчамас, ҳар бир масала юзасидан чуқур баҳс юритар, шогирдларни мустақил фикрга чорлар эди. У киши: «Ҳақиқий олим – ҳақиқатни изловчи, ҳақиқий юрист – адолатни ҳимоя қилувчи», — деган ҳаётий шиори билан шогирдларига йўл-йўриқ кўрсатди.

У киши ҳаётда камтарин, оддий, лекин қалбида улкан дунё бор инсон эди. Сиёсий мансаб ва шон-шуҳрат уни қизиқтирмасди. У билан бўлган ҳар бир мулоқотда кўнгилга озуқа, ҳар бир маслаҳатда ҳаёт учун йўл-йўриқ бор эди. Унинг кўзларидаги нур одамни илҳомлантирар, гапларида оталарча ғамхўрлик ва инсонпарварлик акс этарди.

“Ҳақиқий олимнинг мансаби — китоб, шарафи — шогирди, мероси — илми”, — деган фикр у кишининг ҳаёт кредоси эди.

Мен ҳам у киши билан кўп марта учрашганман, суҳбатлашганман, оилавий тадбирларимизда иштирок этганлар, фарзандларимга оқ фотиҳа берганлар, мен илмий даража олганимда Ихтисослашган кенгаш раиси бўлиб, менга ишонч билан қараганлар. Конференциялар, давра суҳбатларида маърузаларини тинглаб, қалбимда катта завқ ва илҳом олганман. Шунинг учун бу эссе мен учун фақат адабий бир матн эмас, балки шогирд ва издош сифатида устозга бўлган улкан ҳурмат ва соғинчнинг самимий ифодасидир.

Академик Хожи-Акбар Раҳмонқулов ҳаёти — илм, инсонпарварлик ва саҳоват уйғунлигидан иборат буюк достон. У кетди, аммо унинг номи китобларда, Конституция ва кодексларда, шогирдлар хотирасида, халқ қалбида абадий қолди. Бундай инсонлар дунёга кам келади. Улар кетганидан кейин ҳам нур тарқатаверади. Академик Ҳ.Раҳмонқулов ана шундай нур эгаси эди.

 

Феруз Хайдархон

2025 йил 1 сентябрь

Мавзуга оид бошқа хабарлар