Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари

Ф.Отахонов. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари


 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ўз ечимини кутаётган кўплаб тизимли муаммолар мавжуд эканлиги сир эмас. Сўнгги йилларда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш масалалари фуқароларимизни, ваколатли давлат органларини, кенг жамоатчилик вакилларини, умуман олганда, жамиятимизни ўйлантириб келаётган асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу жабҳада йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, мамлакатимизда ҳайдовчилар тайёрлаш ва фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини янада ошириш, соҳага кириб келаётган янгиликларнинг қонуний асосларини яратиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш масалалари тезкор ечим кутаётган муаммолар сирасига кириб улгурди. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда мамлакатимизда ушбу соҳа қатор қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинганлигига ва турли дастурлар, стратегиялар доирасида янада такомиллаштирш бўйича олиб борилаётган амалий ишларга қарамасдан юқорида келтириб ўтилган муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда ва алоҳида эътиборни талаб қилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 10 апрелда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари” ҳамда элликдан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Масалан, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “йўл ҳаракати қатнашчиси – йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс”, йўл ҳаракати хавфсизлиги – йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати”, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш – йўл-транспорт ҳодисалари юзага келиши сабабларининг олдини олишга, бундай ҳодисалар оқибатларининг оғирлигини камайтиришга қаратилган фаолият” тарзидаги ҳуқуқий таърифлар берилганлигига қарамасдан, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур нормалар тўлиқ ишламаётганига йилдан-йилга сони ортиб бораётган йўл-транспорт ҳодисалари орқали яққол гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шунинг учун ҳам 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 16-мақсад доирасида “йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш” бўйича вазифалар белгиланганлиги бежиз эмас.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон Қарори билан тасдиқланган “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар”нинг 3-мақсади 3.6-вазифасида “2025 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари сонини, жумладан, пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши натижасида юзага келадиган ЙТҲ ҳолатларини икки баравар қисқартириш вазифаси назарда тутилган.

Йўл ҳаракати соҳасидаги тизимли муаммолар ечимига қаратилган алоҳида эътибор

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 11 февралда йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш чоралари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги асосий, ечимини кечиктириб бўлмас муаммолар сифатида йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда улардаги ўлим ҳолатлари сонини қисқартириш, ушбу соҳадаги миллий қонунчилигимизни мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибасини ошириш, қўпол қоидабузарликлар содир этаётганларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш тизими умуман талабга жавоб бермаётганлиги қайд этилди. Йўл ҳаракати соҳасидаги тизимли муаммоларнинг ташкилий-ҳуқуқий ечимини топиш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан қуйидаги вазифалар белгиланди:

Йўл-транспорт ҳодисалари ва қўпол қоидабузарликлар сонини камайтириш йўналишида: 

мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатлангани, энг ачинарлиси, 2 минг 500 га яқин одам ҳалок бўлгани ва улардан 263 нафари болаларни ташкил этиши фожиа эканлиги алоҳида таъкидланди. Қўпол қоидабузарликлар ва уларни такрор содир этиш ҳолатлари кўпайгани сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Бунда Давлатимиз раҳбари йўл ҳаракати қоидалари эскирганини таъкидлаб, уларни халқаро стандартлар асосида, мутахассислар ва ҳайдовчилар фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берди;

Қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш йўналишида:

ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди. Бунда ҳайдовчи тезликни оширса 1 балл, қизил чироқда ўтса 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва қайта имтиҳон топширади;

ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадали миқдорини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилади;

автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида “йўл безорилиги” деган янги жавобгарлик тури миллий қонунчиликка киритилади;

Йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданияти, ўзаро ҳурмати ва билим-тажрибасини ошириш йўналишида: 

йўл ҳаракати қоидабузарликларини қўпол, такроран содир этиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, ҳаттоки инспекторга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ҳолатлари кўпаяётганлиги алоҳида таъкидланиб, автомактабларда ўқитилаётган китоблар ғализ, ўқув дастури эскичалиги сабабли бундай мактабларда таълим сифатини назорат қилиш вазифаси Ички ишлар вазирлигига юклатилди. Автомактаблар ва имтиҳон марказларига бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш, ҳайдовчиликка ўқитиш самарадорлиги ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб бериши ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар ҳақидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритиши белгиланди;

Автомактаблар фаолияти самарадорлигини ошириш йўналишида:

ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши, лекин улардан 25 фоизи машғулотларга қатнашмаслиги айтиб ўтилди. Эндиликда ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо бериш тизими йўлга қўйилиши назарда тутилди. Бу борада вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди;

Йўл ҳаракати соҳасини рақамлаштириш йўналишида: 

Давлатимиз раҳбари томонидан рақамлаштириш йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими эканлиги таъкидланди. Чунончи, “рақамли бошқарув” Тошкент шаҳридаги жами 602 та чорраҳадан фақатгина 111 тасида мавжудлиги, республика ҳудудларида эса бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқлиги сабабли Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахт йўлларида ҳаракат бошқарувини рақамлаштириш, икки йилда барча чорраҳаларни рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди. Ҳудудларда шундай тизимни жорий этиш вилоят ҳокимлари зиммасига юклатилди.

Бундан ташқари, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий концепциялар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди;

Йўллар ҳолати ва инфратузилмасини яхшилаш йўналишида: 

ўтган йили йўл ҳаракатига оид масалалар бўйича аҳолидан 10 мингдан зиёд мурожаат бўлганлиги, транспорт серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 10 мингга яқин пиёда ўтиш йўлаги светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаганлиги ҳамда аҳоли пунктларида 15 минг километрга яқин пиёда ва велосипед йўлаклари етишмаслиги қайд этилди. Ушбу масаланинг ечими сифатида вилоят ва туман марказларида йўл белгилари, светофор ва ёриткичлар ўрнатиш, чизиқлар чизиш, пиёдалар йўлагини белгилаш, умуман, йўлларни тартибга солишга фақат Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлиши ҳамда бу ишларни молиялаштириш учун тизимда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши белгиланди. Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқаришда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилиниши ва ушбу соҳага тадбиркорлар жалб қилиниши айтиб ўтилди;

Ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қулай ва хавфсиз йўл ҳаракатини ташкил этиш йўналишида: 

Президентимиз томонидан йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини оқилона белгилаш бўйича мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километр соатдан ошмаслиги шартлиги ҳамда айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати борлиги алоҳида таъкидланди.

Қолаверса, йўлларда тартиб-қоидалар илм билан ҳамоҳанг бўлишини таъминлаш масаласида соҳага ихтисослашган илмий-амалий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида хорижий мамлакатларнинг қонунчилик тажрибаси

Хорижий мамлакатлар миллий қонунчилигида йўл ҳаракати хавфсизлигини самарали таъминлашга қаратилган турли нормалар белгиланганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан:

“Россия Федерациясидаги автомобиль йўллари ва йўл фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 46-моддасида “автомобиль йўллари ва йўл ҳаракатига оид қонунчиликни бузган шахслар фуқаровий-ҳуқуқий, маъмурий, жиноий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортилиши ҳамда давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва йўл фаолияти соҳасидаги ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан фуқаролар ва юридик шахслар судга даъво билан чиқишлари” белгиланган;

Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 19.3-моддаси биринчи ва олтинчи қисмларида полиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик – икки мингдан тўрт минг рублгача миқдорда маъмурий жарима солишга ёки ўн беш суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоққа ёки қирқ соатдан бир юз йигирма соатгача мажбурий меҳнатга сабаб бўлиши, агар мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса фуқароларга – ўн мингдан йигирма минг рублгача миқдорда маъмурий жарима солишга ёки ўттиз суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоққа ёки юз соатдан икки юз соатгача мажбурий меҳнатга; мансабдор шахслар учун – йигирма мингдан қирқ минг рублгача; юридик шахслар учун – етмиш мингдан икки юз минг рублгача жаримага сабаб бўлиши белгиланган.

Қозоғистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 613-моддасига кўра, ички ишлар органлари ва шу каби бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг талабларига бўйсунмаслик  – ўттиз ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи миқдорида жарима солишга, агар ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса олти ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳамда агар мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик алкоголь ичимликлар, наркотик ва токсикоман моддалар таъсирида содир этилса ўн беш суткага маъмурий қамоққа олишга ва саккиз йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Германия миллий қонунчилигига киритилган ўзгартишга мувофиқ, полиция ходимига ҳужум қилган фуқаролар беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бунга 2016 йилда Германияда фуқаролар томонидан полиция ходимларига нисбатан 72 минг маротаба ҳужум уюштирилганлиги ҳолатлари қайд этилгани асосий сабаб бўлди. Жумладан, кучайтирилган жазо чоралари бўйича ўзгартиш Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексининг 125-моддасига киритилди ва унга кўра, “жамоат тартиби”ни бузган фуқарога ҳам мазкур модда асосида ҳукм чиқариладиган бўлди.

Франция Республикаси Ҳукумати томонидан ҳам 2021 йилдан бошлаб полиция ходимларига ҳужум қилган ҳуқуқбузарларга нисбатан миллий қонунчиликда жазо чораларини кучайтириш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Бунда, Ҳукумат раҳбарининг баёнотига кўра, полиция ходимларига ҳужум қилган ҳуқуқбузарларга нисбатан қамоқ жазоси муддатини ўттиз йилгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Швеция Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ умумий фойдаланишдаги йўлларда велосипедлар ва пиёдалар учун алоҳида йўлакча бўлиши керак. Умумий фойдаланиш йўлларида автомобиллар велосипедлар йўлакчасида тўхтаб туриш ва юриш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланган. Қолаверса, “тезликни пасайтириш воситаси” назарда тутилган бўлиб, бундан асосий мақсад хавфсизлик ҳолатини кучайтириш учун транспорт воситаларининг тезлигини пасайтиришдан иборатдир. Бунда “тезликни пасайтириш воситаси”нинг 3 хил тури мавжуд бўлиб, у “тепага бўртиб чиққан”, “тезлик ёстиқчаси” ва “тезлик жадвали” шаклида бўлиши мумкин.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш истиқболлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш бўйича берилган вазифа ва топшириқларни амалга ошириш мақсадида:

биринчидан, депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ҳолда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга бу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларига мос қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда унда қуйидагиларни назарда тутиш мақсадга мувофиқ: йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва махсус ваколатли давлат органлари, яъни Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилоти, Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ваколатларини аниқлаштириш ва бунда бир-бирини такрорлаш ҳолатларига йўл қўймаслик; йўл ҳаракатининг рақамли бошқарувини ва хавфсизлигини таъминлаш; йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари масалалари;

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва уларнинг қонунга итоаткорлик руҳини кучайтиришга, “жарима баллари” тизимини, автомактаблар фаолияти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга нисбатан янги талаблар жорий этишга, йўлларда ҳаракат тезлигига нисбатан чекловни қайта белгилашга, “йўл безорилиги” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи берилишига қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лозим;

иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига йўл ҳаракатида қўпол қоидабузарликларни, шу жумладан такроран содир этганлик, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик учун жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи тегишли қўшимчалар киритилиши зарур;

учинчидан, пиёдаларни ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларини йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортишнинг аниқ механизмларини белгилаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш шарт;

тўртинчидан, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишнинг, назоратнинг юқори самарадорлигини таъминловчи йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш, видеокузатув ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш тизимларини, бошқа техник воситаларни янада кенгайтириш керак;

бешинчидан, “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури доирасида йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини оширишга қаратилган самарали тушунтириш ишлари тизимини, шу жумладан оиладан бошлаб, боғча, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ҳамда мулк шаклидан қатьи назар, барча корхона, муассаса, ташкилотларда амалга ошириш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришда ҳам ўз самарасини беради.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва 

парламент тадқиқотлари институти директори, 

юридик фанлар доктори, профессор



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930