Ўзбекистон юридик фани ва таълим тизими оғир йўқотишга учради. Таниқли ҳуқуқшунос олим, давлат ва жамият қурилиши, маъмурий ва халқаро ҳуқуқ соҳаларида етук мутахассис, моҳир педагог, жамоат ва давлат арбоби Хамедов Иса Ахлимановичнинг вафот этганлиги муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари, шогирдлари ҳамда бутун илмий жамоатчиликка чуқур таъзия изҳор этамиз.
Иса Ахлиманович Хамедов ўзининг бутун онгли ҳаётини ҳуқуқшунослик илмини ривожлантиришга, ёш авлодни етук мутахассис ва ватанпарвар кадрлар сифатида тарбиялашга бағишлаган забардаст олим эди. У киши Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро ҳуқуқ ва оммавий-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори, Давлат қурилиши ва оммавий ҳуқуқ илмий-тадқиқот маркази раҳбари сифатида самарали фаолият юритиб, миллий ҳуқуқшунослик мактабининг шаклланиши ва тараққиётига беқиёс ҳисса қўшди.
Марҳум олим маъмурий, конституциявий, парламент, солиқ, божхона, консуллик, халқаро ҳуқуқ, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган 200 дан ортиқ илмий ва ўқув-услубий ишлар, жумладан, 10 та дарслик, 20 та монография, ўқув қўлланмалар ва 150 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи сифатида ҳуқуқ фанлари ривожида мустаҳкам илмий мактаб яратди. Унинг асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий илмий доираларда ҳам юксак эътироф этилди.
Иса Ахлиманович Хамедов давлат қурилиши ва маъмурий ҳуқуқ соҳасида етакчи олимлардан бири сифатида Халқаро Евроосиё маъмурий фанлар академиясининг академиги бўлди, дипломатик фаолият тажрибасига эга бўлиб, БМТТД, JICA, GIZ, IRZ, USAID каби халқаро ташкилотлар доирасида амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар лойиҳаларида фаол иштирок этди.
У киши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририни тайёрлаш жараёнларида, маъмурий ислоҳотлар концепциясини ишлаб чиқишда, Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлашда фаол қатнашиб, миллий давлатчилик ва ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшди. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Конституциявий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашлардаги фаолияти орқали ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига илмий асосланган ёндашувларни жорий этди.
Иса Ахлиманович Хамедовнинг юксак илмий салоҳияти, фидойилиги, камтарлиги ва инсонпарварлик фазилатлари уни билган барча учун ибрат мактабидир. Унинг ёрқин хотираси, бой илмий мероси ва етук шогирдлари орқали қолдирган маънавий изи юридик фан ва таълим тизимида ҳамиша барҳаёт бўлиб қолади.
Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат тилаб, бу оғир мусибатда уларнинг дардига шерикмиз. Аллоҳ таоло Иса Ахлиманович Хамедовнинг жойларини жаннатдан ато этсин.
Мавзуга оид бошқа хабарлар