ОНА СОҒИНЧИ ҚОЛДИ

ОНА СОҒИНЧИ ҚОЛДИ

Лобархон – шифокор эди. Олий тоифали болалар шифокори. Қўлида шифо, сўзида тасалли, нигоҳида эса ҳамиша чуқур масъулият бор эди. Унинг учун ҳар бир бола — омонат. Болаларнинг оғриғини енгиллатиб, онасига соғ-саломат топшириш — ҳаётининг маъноси эди. Ўз фарзандларига эса у янада ғамҳўрлик, янада эҳтиёткорлик билан муносабатда бўларди: совуқ тегмасин, бирон касаллик юқмасин, ҳеч қандай дард уларга йўл топмасин деб. У ҳар бир нафасни ўйлаб, тарозуга солиб яшарди.

У икки марта комага тушди. Биринчи марта ҳаёт уни фарзандлари учун қайтарди. “Болаларим ҳали кичик”, деган ўй уни ўлим остонасидан олиб чиқди. У қайтди. Оғир, аммо умид билан. Аввалгидек ишлади, аввалгидек қайғурди, аввалгидек ўзини эмас, болаларни ўйлади. Оғриқни гапирмади, чарчоқни билдирмади. Шифокор сифатида касалини яхши биларди, она сифатида эса касал бўлишга ҳаққи йўқдек яшарди.3

Иккинчи марта эса у қайтмади. Иккинчи комадан чиқмади. Эллик ёшида, ҳаётнинг энг керакли палласида, фарзандлар ҳали она дуосига муҳтож бўлган бир вақтда… У жим кетди. Сўзсиз, видосиз, аммо қалбларимизда оғир сукут қолдириб кетди.

Тўрт фарзандни авайлаб-асраб, касал қилмасдан вояга етказди. Биз соғлом бўлиб ўсдик. Бу — унинг энг катта ғалабаси эди. Аммо ўша ғалаба учун у ўз умридан тўлаб берганини кейин англадик. Бизни касал бўлмасин деб, у секин-аста ўзи сўниб борган экан.

Энди уйда оқ халат йўқ, онамнинг овози ҳам эшитилмайди. Лекин унинг ўгитлари қолди. У бизнинг ҳар бир эҳтиёткор қадамимизда, ҳар бир айтиб улгурилмаган «совуққа чиқма» деган огоҳлантиришда, ҳар бир дуода яшайди. Биз соғлом бўлиб ўтказаётган ҳар бир кунимиз — унинг меҳри, унинг қурбони, унинг ҳаётидир.

Она кетди. Аммо она соғинчи қолди. У вақт билан кетмайди. У юракда яшайди — дуо бўлиб, хотира бўлиб, сукут бўлиб.

 Феруз Хайдархон

Мавзуга оид бошқа хабарлар