“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА ОЧИҚ МУЛОҚОТ

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА  ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусга мувофиқ, шу кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Юртдошларимиз бу муҳим ҳаётий ҳужжатга дахлдорлигини ҳис қилиб, таклифларини фаол йўлламоқда. Бугунги кунгача Стратегия лойиҳаси бўйича 2 минг 500 га яқин фикр ва изоҳлар юборилди. Улар орасида асосли ва қизиқарли таклифлар кўп.

Шу боис Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан жамоатчилик билан очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирда таклиф муаллифлари ўз ташаббусларини кенгроқ изоҳлаб берди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшайдиган фуқаролар видеоалоқа орқали қатнашди.

Кўтарилган масалаларнинг катта қисми таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, экология, суд-ҳуқуқ соҳаларига тегишли бўлди. Улар юзасидан экспертлар ва иштирокчилар эркин фикр алмашди.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлари доктори Фозилжон Отахонов сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён қилди.

Энди бу таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга атрофлича кўриб чиқилиб, такомиллаштирилади. Улар аҳоли турмуш даражаси ва соҳалардаги натижадорликка таъсир этувчи сифат кўрсаткичларини шакллантиришда инобатга олинади.

Бундай очиқлик ва ўзаро фикр алмашувлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг чинакам халқчил стратегия бўлишини таъминлайди.

Маълумот учун: Стратегия лойиҳасида 100 та мақсад бўйича 450 дан ортиқ самарадорлик кўрсаткичи белгиланган. Аҳоли фикрини олиш учун regulation.gov.uz ҳамда uzbekistan2030.uz веб-сайтларида очиқ муҳокамага қўйилган.

Мавзуга оид бошқа хабарлар