Турк дунёси медиаторлари иттифоқи томонидан 2024 йил 28 ноябрь – 2 декабрь кунлари Анқара шаҳрида 1-Халқаро медиация форуми ўтказилди.
Анжуманда Беларусь, Венгрия, Латвия, Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган 600 нафардан ортиқ медиаторлар, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, давлат органлари раҳбарлари, омбудсменлар, адвокатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Халқаро форумни Турк дунёси медиаторлари иттифоқи раҳбари Якуп Ерикел, Туркия адлия вазири Йылмаз Тунч, Туркия Олий суди раиси Омер Керкез ва бошқа давлат органлари раҳбарлари кириш сўзлари билан очиб бердилар ва Туркияда давлат органлари томонидан медиацияга алоҳида эътибор берилаётганлигини ва мазкур форум тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Форум давомида 30 дан ортиқ маърузалар тингланди ва уларда 10 дан ортиқ давлатларнинг медиация тарихи, конституциявий-ҳуқуқий ва институционал асослари, медиаторларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари, медиация жараёни ва медиатив келишувни тузиш тартиби ҳамда медиация институтини такомиллаштириш ва бу борада ҳамкорлик истиқболлари атрофлича ёритилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори, юридик фанлар доктори, профессионал медиатор Фозилжон Отахонов “Ўзбекистонда медиация институтини ривожланишининг замонавий тенденциялари” мавзусида маъруза қилди.


Турк дунёси медиаторлари иттифоқи томонидан Йилдирим Баязид номидаги Анқара университети Юридик факультети доценти, юридик фанлар номзоди Ахмет Килинч томонидан турк тилида ёзилган ҳамда инглиз ва рус тилларига таржима қилинган, медиация тарихига оид “Муслихун” номли монография тақдимоти барчада катта қизиқиш уйғотди ва Туркияда медация институтига илмий-тарихий ёндашув бу борадаги тадқиқотларга эътиборни нафақат туркий тилли давлатлар, балки жаҳонда янада кучайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида Турк дунёси медиаторлари иттифоқи билан ҳамкорлик баённомалари имзоланди.

Мавзуга оид бошқа хабарлар