ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ: ОЧИҚЛИК, ИЛМИЙ МУЛОҚОТ ВА ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИ САРИ МУҲИМ ҚАДАМ

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ: ОЧИҚЛИК, ИЛМИЙ МУЛОҚОТ ВА ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИ САРИ МУҲИМ ҚАДАМ

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, суд амалиётининг очиқлиги ва ҳуқуқшунос олимларни суд амалиётини такомиллаштириш жараёнларига кенг жалб этиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.

Олий суд раиси Робахон Махмудова раислигида ўтказилган мажлисда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд ва қуйи судлар судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Судьялар ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси раҳбарлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур Пленум мажлисининг муҳим ва эътиборга молик жиҳатларидан бири — Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашининг барча аъзолари илк бор Пленум мажлисига тўлиқ таркибда таклиф этилгани бўлди. Буни суд амалиёти билан юридик илм-фан ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим амалий қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Мажлиснинг яна бир муҳим янгилиги унинг видеоконференц-алоқа шаклида ташкил этилгани ва илк бор Олий суднинг Интерактив хизматлар портали орқали жонли эфирда намойиш этилгани бўлди. Шунингдек, Пленум муҳокамаларида вилоят судлари судьяларининг ҳам бевосита иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиргани муҳокаманинг амалий мазмуни ва таъсирчанлигини янада оширди.

Бу янгиликларни суд ҳокимияти очиқлигини таъминлашнинг оддий техник воситаси сифатида эмас, балки суд амалиётини шакллантиришда очиқ мулоқот ва профессионал муҳокама маданиятини ривожлантиришга қаратилган янги ёндашув сифатида баҳолаш лозим.

Олий суд раиси Робахон Махмудова мажлисни очар экан, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одил судлов изчил рақамлаштирилаётгани, суд жараёнлари очиқ ва шаффоф бўлиб бораётганини таъкидлади. Судга мурожаат қилган ҳар бир инсон адолат қарор топишига ишонч ҳосил қилиши зарурлиги, бундай ишончни таъминлаш учун эса суд амалиётини тўғри йўлга қўйиш, қонуний, адолатли ва асослантирилган қарорлар қабул қилинишига эришиш муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Олий суд Пленуми томонидан бериладиган тушунтиришлар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Пленум мажлисида учта муҳим қарор қабул қилинди:

1.  «Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида»;

2.  «Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида»;

3.  «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида».

Биринчи қароринсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита дахл қилувчи, фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўришда қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлашга қаратилган. Унда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси, фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш асослари, вояга етмаганларнинг муомала лаёқати, шахснинг шикоят қилиш ҳуқуқи ва унинг процессуал кафолатлари, шунингдек прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг иштирокига оид муҳим тушунтиришлар берилган.

Иккинчи қарор— «Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарор — суд ҳимоясининг самарадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, одил судловнинг вазифаси фақат қонуний ва адолатли суд ҳужжатини қабул қилишдан иборат эмас. Қабул қилинган суд ҳужжатининг амалда ижро этилишини таъминлаш, шунингдек суд ҳужжати қабул қилингунига қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилиши хавфининг олдини олиш ҳам самарали суд ҳимоясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Шу маънода, даъвони таъминлаш ва дастлабки ҳимоя чоралари суд ҳужжатининг келгусида самарали ижро этилишини кафолатловчи муҳим процессуал воситадир.

Пленум мажлисида кун тартибидаги ушбу масала юзасидан Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси, Тошкент давлат юридик университети проректори, юридик фанлар доктори, профессор Замира Эсанова сўзга чиқиб, қарор лойиҳаси юзасидан ўзининг илмий ва амалий фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Бу ҳолат Пленум қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама қилиш жараёнида судьялар, амалиётчи ҳуқуқшунослар ва юридик фан вакилларининг ҳамкорлигини янада кучайтириш муҳимлигини кўрсатади. Зеро, Пленум қарорининг сифати нафақат унинг қонунчиликка мувофиқлиги, балки суд амалиётида юзага келаётган муаммоларни қай даражада тўғри англаши ва уларга аниқ ҳуқуқий ечим таклиф қилиши билан ҳам белгиланади.

Учинчи қарорбилан Олий суд Пленуми ва собиқ Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига қонунчиликдаги ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш, кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш масалаларини қамраб олади.

Пленум мажлисининг умумий руҳи ва муҳокамаларнинг мазмуни шуни кўрсатдики, бугунги кунда ягона суд амалиётини шакллантириш фақат суд тизимининг ички вазифаси сифатида қаралмаяпти. Бу жараёнга ҳуқуқшунос олимлар, адвокатура, прокуратура, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг жалб этилиши Пленум қарорларининг назарий асосланганлиги ва амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Пленум мажлисига Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг илк бор тўлиқ таркибда таклиф қилиниши, ҳуқуқшунос олимларнинг қарорлар лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиши ва илмий асосланган таклифларни бевосита Ишчи гуруҳларга тақдим этиш имкониятининг яратилиши — суд амалиёти ва юридик илм-фан интеграциясининг амалий ифодасидир.

Бундай ҳамкорликни изчил давом эттириш ва янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Чунки илм-фан суд амалиётидаги муаммоларни назарий жиҳатдан англаш ва истиқболли ечимларни таклиф этишга хизмат қилса, суд амалиёти юридик фан олдига ҳаётнинг ўзи қўяётган долзарб саволларни олиб чиқади. Уларнинг доимий мулоқоти эса қонунларни тўғри ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантириш ҳамда инсон ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

Пленум мажлисининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилиши, ҳудудий судлар судьяларининг муҳокамада иштирок этиши ва мажлиснинг илк бор жонли эфирда намойиш этилиши эса суд ҳокимияти фаолиятида очиқлик ва профессионал мулоқотнинг янги босқичи сифатида баҳоланиши мумкин.

Қабул қилинган Пленум қарорлари қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллаш, турлича суд амалиётининг олдини олиш, қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарорлари қабул қилинишига кўмаклашишга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Фозилжон ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги
Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси,
юридик фанлар доктори, профессор

Мавзуга оид бошқа хабарлар