ХАЛҚАРО МЕДИАЦИЯ ЁЗГИ МАКТАБИ ТААССУРОТЛАРИ

ХАЛҚАРО МЕДИАЦИЯ ЁЗГИ МАКТАБИ ТААССУРОТЛАРИ

Махмудов Хуршид (Ўзбекистон)

Тошкент давлат юридик университети фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал кафедраси ўқитувчиси.

2024 йил 25 августдан 29 августгача бўлган муддат давомида Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида туркий тилли давлатларнинг медиаторлари учун халқаро ёзги мактаб ва конференция ўтказилди. Тадбирда, бир қатор туркий тилли давлатлари медиаторлари, жумладан Озарбайжон,Туркия, Ўзбекистон, Қирғистон,Қозоғистон каби давлатлардан кўплаб медиаторлар иштирок этишди ва ўзларининг касбий тажрибалари билан бўлишишди.

Ушбу тадбирда, Ўзбекистон томонидан, тренер – юридик фанлари доктори, профессор Фозилжон Отахонов, Қирғизистондан – ГулсинаКожоярова, Қозоғистондан – Жандильда Жакупов, Германиядан – Юлия Жигулина –Фаль каби ўз соҳасининг етук мутахассислари тренинг ўтказишди. Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари, Озарбайжон, Грузия ва Туркиядан дан бир қатор тажрибали медиаторлар, адвокатлар ва судьялар ўзларининг касбий тажрибалари билан бўлишишди.

       Халқаро медиация ёзги мактаби жуда самарали ташкил қилиниб, кўтаринки руҳда ўтди. Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳри шундоқ тоғ ёнбағирларида жойлашган бўлиб, ушбу шаҳар ўзининг катта тарихига эга ҳисобланади. Иштирокчилар нафақат медиация бўйича тренингларда қатнашишди, балки Қозоғистоннинг кўплаб диққатга сазовор жойларида ҳам бўлишди.

Тадбир вакиллари шунингдек, Қозоғистон халқи Ассамблеяси Олма-ота шаҳри бўлимида ташкил қилинган Халқаро конференцияда ҳам қатнашиб, медиация бўйича ўзларининг фикрлари билан бўлишишди.

Тадбир давомида иштирокчилар, авваламбор, туркий тилли давлатлар медиаторлари учун ҳамкорликнинг нақадар муҳимлигига, шунингдек, медиациянинг дунёда тобора ривожланиб янги босқичга ўтаётганига гувоҳ бўлишди. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари ва Озарбайжон давлатларида медиациянинг суддан ташқари мажбурий тартибда ўтказилиши, Қозоғистонда эса, судья-келиштирувчи лавозимининг жорий этилганлиги каби муҳим маълумотларга эга бўлишди. Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар медиацияни самарали ўтказиш техникалари, ёлғонни аниқлаш методлари ва шунга ўхшаш жуда кўплаб керакли билимларни олишди ва ушбу олган билимларини тренинг давомида гуруҳ бўлиб амалда қўллашга ҳаракат қилишди.

Ўйлайманки, ушбу медиация бўйича халқаро ёзги мактабда олинган тажриба ва кўникмалар, дунё медиаторлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига ва Ўзбекистонда медиацияни ривожлантиришига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб, уни янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.


Мавзуга оид бошқа хабарлар