
1-КАЗУС
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 2 мартдаги 118-сонли қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналаридаги юридик хизмат тўғрисидаги Низом», Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли қарори билан «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида»ги ва «Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги низомлар, Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2733-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор билан «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида» ва «Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисида»ги низомлар тасдиқланди.
2-КАЗУС
“Р” исмли шахс институтни тугатиб, узоқ йиллар прокуратура ва Ички ишлар органлари тизимида меҳнат қилиб, нафақа чиққан ва охирги вақтларда Давлат бошқарув органи юридик хизматига юрисконсульт лавозимида ишлаб келган.
Адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида фуқаро “Р” юрисконсульт лавозимида ишлаши мумкин эмас деган хулоса берилган.
3-КАЗУС
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик хизмат ходимларининг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариши юзасидан масъулиятини ва малакасини ошириш мақсадида 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори билан «Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқланган.
Адлия органлари томонидан “Коҳунур” масъулияти чекланган жамияти юридик хизмат ходимларининг фаолияти ўрганилганда Жамият бош юрисконсультини белгиланган муддатларда малака оширмаганлиги ва аттестациядан ўтмаганлиги учун у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилган.
4-КАЗУС
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, унинг органлари ва депутатлар фаолиятига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони томонидан таъминланади. Депутатлар 5 йиллик муддатга сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Юридик бошқармаси Қонунчилик палатаси Девони таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Юридик бошқармасининг асосий вазифалари ва функциялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2021 йил 19 январдаги 709-IV-сон Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони тўғрисида»ги Низомда белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Юридик бошқармаси 11 та ходимдан иборат бўлиб, унда бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосари ҳамда ходимлари фаолият юритади. Юридик бошқарма таркибида Давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги қонунчилик сектори, Ижтимоий масалалар соҳасидаги қонунчилик сектори, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик сектори, Иқтисодиёт соҳасидаги қонунчилик сектори ташкил қилинган.
Қонунчилик палатаси депутатларининг навбатдаги ваколат муддати тугаши муносабати билан Юридик хизмат ходимлари билан тузилган меҳнат шартномасини ҳам бекор қилиш масаласини Қонунчилик палатаси Кенгаши кун тартибига киритиш таклиф қилинган.
5-КАЗУС
Қурилиш компанияси тузилган пудрат шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги сабабли Буюртмачи Компанияни судга берган. Суд жараёнида қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли Компаниядан Буюртмачи фойдасига жарима ундирилган.
Пудрат ишларини бажаришда йўл қўйилган камчиликлар бўйича суд томонидан жарима ундирилиши оқибатида Компанияга моддий зарар етказилганлиги учун Компания директори Бош юрисконсультни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида буйруқ чиқарган.
6-КАЗУС
Давлат бошқарув органи тизимига кирувчи қуйи ташкилотларининг товар-моддий қимматликлар омборида ўтказилган назорат тафтиш натижаларига кўра аниқланган 150 млн.сўм миқдоридаги камомад бўйича тузилган далолатнома тегишли чоралар кўриш учун Юридик бўлимга тақдим этилди.
Юридик бўлим ходими томонидан хизмат далолатнома бир ой муддатда ўрганиб чиқилиб, товар-моддий қимматликлар ҳисобини юритувчи бухгалтердан камомад қийматини тўлиқ ундириш тўғрисида буйруқ лойиҳаси тайёрланиб, раҳбариятга киритилган ҳамда бўйруқ раҳбар томонидан имзоланган.
Прокуратура органлари томонидан назорат тартибида ўрганиш натижасига кўра, камомад учун бухгалтерга нисбатан қўлланилган тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ҳақида протест киритилган.
7-КАЗУС
Олий таълим муассасини 2020 йилда тугатган “Б” ишга кириш учун “Н” масъулияти чекланган жамиятга ариза билан мурожаат қилган. Жамиятда жамоатчилик асосида ташкил этилган ходимларни танлаш ва ишга қабул бўйича махсус комиссиясининг хулосасига кўра, Жамиятда кадрлар салоҳиятини кучайтириш ва малакали кадрларни танлаб олиш мақсадида “Б” ии ишга қабул қилишда беш ойлик синов муддати билан ишга қабул қилиш ҳақида хулоса берилган.
Хулосага асосан Кадрлар бошқармаси томонидан Комиссия хулосасига кўра, “Б” ни беш ойлик синов муддати билан ишга олиш ҳақида буйруқ лойиҳаси тайёрланиб, Юридик хизматга виза қўйиш учун киритилган.
Юридик хизмат ходими Махсус комиссия хулосаси мавжудлигини эътиборга олиб, буйруққа эътирозсиз имзо (виза) қўйган.
8-КАЗУС
Давлат бошқарув органининг марказий аппаратининг 12 та таркибий тузилмаларида 78 та ходим, унинг 14 та мустақил юридик шахс мақомига эга бўлган ҳудудий бошқармаларида 132 та ходим, шунингдек 3 та мустақил юридик шахс мақомига эга бўлмаган филилалларида эса 27 та ходим, жами тизимда 237 нафар ходимлар фаолият кўрсатган.
Давлат бошқарув органи таркибида 5 нафар ходимдан иборат Юридик бошқарма фаолият кўрсатади.
Давлат бошқарув органи томонидан бир йил давомида 267 та буйруқ чиқарилган, 76 та турли ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар тасдиқланган. Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2 та қарори лойиҳаси, Ўзбекистон Республкаси Вазирлар Маҳкамасининг 4 қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.
9-КАЗУС
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, унинг органлари ҳамда Сенат аъзолари фаолиятига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Юридик бошқармаси Сенат Девони таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати юридик хизматининг асосий вазифалари ва функциялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 11 ноябрдаги КҚ-155–IV-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони тўғрисида»ги Низомда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Юридик бошқармаси 9 нафар ходимдан иборат бўлиб, унда бошқарма бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари ҳамда бошқарма ходимлари фаолият юритадилар. Улар Сенат Раиси томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади.
Сенат аъзоларининг ваколат муддати тугаганлиги муносабати билан Юридик бошқарма ходимлари билан меҳнат муносабатлари тугатилган.
10-КАЗУС
Хўжалик юритувчи субъект томонидан Юридик хизмат ходимига даъвогарнинг вакили сифатида судда иштирок этиш учун ишончнома берилган.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибга кўра, даъвогар ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли. Шунингдек, тарафлар низони келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкин.
Ушбу талабдан келиб чиқиб, юридик хизмат ходими Жавобгар томонидан таклиф қилинган шартларда низони келишув битими тузиш орқали якунлашга розилик берган ва келишув битимини имзолаган ҳамда суд томонидан тасдиқланган.
Бироқ, хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти бундан норози бўлиб, апелляция тартибда шикоят киритиш ҳақида топшириқ берган.