Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва туризм соҳаларида олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама этилди

Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва туризм соҳаларида олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама этилди


Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси томонидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигининг “Маданий мерос объектлари ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича қабул қилинган дастур юзасидан тизимда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги, шунингдек, Давлат дастуридаги Хоразм вилоятида туризмни янада ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.


Унда Қўмита аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, вазирлик ҳамда агентлик раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори билан тасдиқланган “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати” бўйича 8 минг 210 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Маданий мерос бошқармалари томонидан жами 616 та маданий мерос объектини миллий рўйхатга киритиш бўйича рўйхатлар шакллантирилиб, кўриб чиқиш учун агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарори 9-иловасининг 4-бандида қўриқланадиган тегралар лойиҳада белгиланиши, теграларнинг лойиҳаси матн ва хариталар (чизмалар) шаклида тузилиши белгиланган.

Ҳудудий Маданий мерос бошқармалари томонидан маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилашда талаб этиладиган дастлабки ҳисоб-китоб ишлари олиб борилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, республикадаги 8 минг 210 та маданий мерос объектининг қўриқланадиган теграларини белгилашда 24,6 млрд сўм маблағ талаб этилиши аниқланди ва 2023 йил ҳамда келгусида маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан қўриқланадиган теграларни белгилаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш тўғрисидаги концепцияни тасдиқлаш тўғрисида”ги 4038-сонли қарорига мувофиқ 4 минг 599 та маданий мерос объектига жамоатчи инспекторлар бириктирилган.

Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2022 йил 11 апрелдаги 8-сонли баённомасига асосан янги намунадаги муҳофаза белгиси тасдиқланган ҳамда барча маданий мерос объектларига ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Эшитувда, шунингдек, Давлат дастурининг 35-мақсадидаги Хоразм вилоятида туризмни ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама этилди.

Қай этилганидек, вилоятда жойлаштириш воситаларини ташкил этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик ўрнатилган ва 9 та хостел (187 ўрин), 13 та оилавий меҳмон уйлари (112 ўрин) ташкил этилиб, бундан ташқари, бу соҳада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги 1,4 км ва Хива шаҳридаги Аллеянинг 2 км ҳудуди аҳоли гавжум, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлардан иборат бўлиб, уларда 80 дан ортиқ, шу жумладан, 10 та жойлаштириш воситаси, 15 та умумий овқатланиш шохобчаси, 6 та савдо ва 8 та озиқ-овқат дўкони, 3 та авиакасса шохобчаси, 1 та ахборот маркази, 2 тадан тижорат банки ва тиббиёт клиникаси ҳамда яна 30 яқин бошқа турдаги хизмат кўрсатиш объектлари йўлга қўйилган.

Йиғилиш чоғида депутатлар бугунги кунда қаровсиз бўлиб қолган маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳақида аҳолидан кўплаб мурожаатлар келаётгани билан боғлиқ масалани кўтариб, таъмирга муҳтож маданий мерос объектларининг босқичма-босқич тикланиши қай тарзда ечим топиши юзасидан мутасаддилардан маълумот олдилар.

Муҳокамаларда сўз олган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов кун тартибида долзарб масала кўтарилганига урғу бериб, қуйидаги:

кўп қаватли турар жой мужмуалари қуриш учун ажратилган ҳудудга яқин ёки туташ бўлган маданий, маърифий ва тарихий ёдгорликлар теварак-атрофига қурилиш жараёнида зарар етмаслигини олдини олишнинг самарали чораларини кўриш;

ҳар бир маданий, маърифий ва тарихий ёдгорлик ҳақида, унинг катта-кичиклиги ва туридан қатъи назар, батафсил ва асослантирилган маълумотларни тайёрлаш, ушбу маълумотларни ўзбек, жаҳон ва муайян ёдгорлик бевосита ёки билвосита алоқадор халқлар тилларида кириш жойларида, замонавий ахборот технологиялари воситада ёки пешлавҳаларда ташриф буюрувчилар эътиборига етказилишини тўлиқ йўлга қўйиш;

маданий, маърифий ва тарихий ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларни, бу борадаги тарғибот, маданий-маърифий ишларни ҳамда шахсий ва жамоавий маданиятни ошириш тадбирларини оммалашган ижтимоий тармоқлар орқали кенг олиб бориш;

мутасадди идоралар билан ҳамкорликда буюк аждодларимиз ҳаёти ҳақидаги сериалларни яратиш ва бунда тасвирга олиш жараёнларини бевосита маданий, маърифий ва тарихий ёдгорликларда ёки уларнинг макети ишланган павильонларда амалга ошириш, бу орқали машҳур хориж сериаллари каби ўзбек халқининг ҳам маданий, маърифий ва тарихий ёдгорликларини жаҳонга кенг ёйиш;

маданий, маърифий ва тарихий ёдгорликларни бевосита тарихига, маданиятига тааллуқли ёки алоқадор бўлган халқлар кесимида таснифлаш ва шу асосда бундай масканларга биринчи навбатда айнан ўша халқлар вакилларини кенг жалб этиш тадбирларини амалга ошириш;

ҳар бир маданий, маърифий ва тарихий ёдгорлик учун бириктирилган жамоатчи масъулларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида уларни ўзи масъул бўлган ёки ўз ҳудудидаги шу соҳага доир бошқа грант лойиҳаларига жалб этиш каби таклифларни келтириб ўтди.

Шунингдек, жараёнда депутатлар мутасаддиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш тўғрисидаги концепцияни тасдиқлаш тўғрисида”ги 4038-сонли қарорида белгилаб берилган маданий мерос объектлари устидан жамоатчи инспекторларнинг фаолиятини самарали юритиш борасида ўз тавсияларини билдирдилар.

Якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930