Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқаруви органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари

Ф.Отахонов. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқаруви органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,
 юридик фанлар доктори, профессор в.б.

 

5-МАВЗУ

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМДА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ЮРИДИК ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди[1].

Мазкур вазифаларни самарали бажарилишида юридик хизмат ҳам ўзига хос роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам бу борада давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишларини ёритиш орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотларда уларнинг ўрнига тўхталамиз. 

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишларига ҳозирги кунда қуйидагиларни киритиш мумкин: а) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш; б) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органлари томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;  в) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг тузилмалари ишини мувофиқлаштириш; г) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш;                  д) шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш. 

Бу йўналишлар барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг юридик хизматига хосдир, аммо, юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишларига давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг ўзига хос вазифалари ва ваколатларидан келиб чиққан ҳолда бошқа йўналишлар ҳам киритилиши мумкин[2].

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик бошқарув органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этишда юридик хизматнинг роли. Ушбу йўналишдаги юридик хизмат фаолиятининг мазмун ва моҳиятини очиб бериш учун, аввало, “қонунийлик”, “қонунийликни таъминлаш” тушунчаларини ёритиш мақсадга мувофиқдир.

Юридик адабиётлар ва изоҳли луғатларнинг кўпчилигида  қонунийлик –деганда барча давлат органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар, фуқаролар, жамоат бирлашмалари томонидан Конституция  ва қонунлар, шунингдек улар асосида қабул қилинган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатьий риоя қилиш ва уларни ижро қилиш тушунилади[3]. Дарҳақиқат, қонунийликнинг моҳияти амалдаги қонунларга ҳуқуқнинг барча субъектлари томонидан қатъий ва сўзсиз риоя қилиниши ва уларни ижро этилишида намоён бўлади, шу билан бирга ҳуқуқшунос олимлар томонидан қонунийликни бундай талқин қилиш жамият ҳаётининг замонавий сиёсий-ҳуқуқий жараёнларини ўзида акс эттирмаётганлигига эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, профессор З.Исломовнинг фикрича юқорида қонунийликка берилган таърифда асосий урғу ҳуқуқ нормаларининг ижросига қаратилган бўлиб, уларнинг мазмуни тўғрисидаги масала очиб берилмаган. Шундан келиб чиқиб, у «қонунийлик» тушунчаси ёзилган ҳуқуқ мазмунини унинг амалий рўёбга чиқарилиши, ҳуқуқий тизимнинг ғоявий-сиёсий асослари, унинг энг муҳим ижтимоий-сиёсий институтлар, мазкур жамиятнинг сиёсий режими билан алоқаси нуқтаи назаридан очиб беради деган фикрни илгари суради. З.Исломов қонунийликни қуйидагича таърифлайди: «қонунийлик  қонун ижодкорлиги жараёнида давлат қонунларида ҳамда қонуности ҳуқуқ ижодкорлигида ҳуқуқнинг реал ифода этишнинг ғояси, талаби ва тизимини (режимини) англатади»[4]

А.Лисютин эса: «Қонунийлик – амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий ва оғишмай риоя қилиш ҳамда уларни ижро этиш орқали жамиятни ташкил қилишнинг давлат-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш ва ижтимоий адолат ғоясини рўёбга чиқариш жараёнини акс эттирувчи сиёсий-ҳуқуқий ҳодисадир»[5]–деб таърифлайди. Шунингдек, у қонунийликнинг маъносини, мазмуни ва ролини нисбатан тўлиқ акс эттирувчи қуйидаги тамойилларни кўрсатиб ўтган: а) қонунийликнинг бир хиллиги; б) фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланганлиги; в) содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жазонинг муқаррарлиги; г) қонунийлик ва мақсадга мувофиқлиликни қарама-қарши қўйилишига йўл қўйилмаслиги;                                         д) қонунийлик ва маданиятлиликнинг ўзаро алоқадорлиги. 

Шу ўринда, В.Потапов томонидан қонунийликка берилган қуйидаги таъриф диққатга сазовордир: «қонунийлик – бу фуқаролар ва ҳуқуқнинг бошқа субъектлари томонидан қонунларга қатъий ва сўзсиз риоя қилиш, уларни ижро этиш, қўллаш, шунингдек, уларда назарда тутилган ҳуқуқлардан (эркинликлардан) лозим даражада фойдаланишдир»[6]. В.Кудрявцев, «қонунийлик – бу нафақат ҳуқуқнинг юзаки тамойили, балки   жамият тузумининг демократик моҳиятини акс эттирувчи муҳим категорияси ҳамдир»[7]–деб таъкидлайди. Шунингдек, бошқа олимлар томонидан ҳам  қонунийлик тушунчасига янгича таъриф беришда асосли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда[8].

Демак, «қонунийликка» берилган юқоридаги таърифлардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, у ўз ичига қуйидаги элементларни қамраб олади: а) ҳуқуқ субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий ва сўзсиз риоя қилиш ҳамда ижро этиш; б) ҳуқуқ субъектлари томонидан қонунларда назарда тутилган ҳуқуқлардан (эркинликлардан) лозим даражада фойдаланиш; в) уни ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнига ҳам татбиқ қилиниши.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида: «Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар»[9]– деб белгиланган. Конституциямизда «биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилган»[10]лиги мамлакатимизда «ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, инсон манфаатларини таъминлаш учун» эканлигидан далолат беради.

Мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва унинг ўтиши борасида қонунда белгиланган тартиб ҳамда таомилларга риоя этилиши, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғланиши, комплекслилиги ва уйғунлиги муҳим аҳамиятга эга. Бундан қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ҳам қонуний бўлиши шартлиги келиб чиқади.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда, қонунийлик деганда барча ҳуқуқ субъектлари томонидан қонунлар ва унга зид бўлмаган бошқа қонун ҳужжатларига қатъий ва сўзсиз риоя қилиш ҳамда уларни ижро этиш; қонунларда назарда тутилган ҳуқуқлардан (эркинликлардан) лозим даражада фойдаланиш; давлат органларининг қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнида қонунда белгиланган тартиб ҳамда таомилларга риоя этиши, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғланиши, комплекслилиги ва уйғунлигини таъминлаши тушунилади .

Юридик адабиётларда «қонунийликни таъминлаш» тушунчасига умумий таъриф берилмаган, аммо давлат органларида қонунийликни таъминлаш ҳамда қонунийлик кафолатлари тушунчалари кенг ёритилган[11]. Хусусан, профессор З.Исломовнинг фикрича, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш тизими қонунийликнинг бузилишини олдини олиш ва уни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар йиғиндисини ўзида акс эттиради[12]. Қонунийлик кафолатлари деганда қонунийликни рўёбга чиқариш жараёнини таъминлаб берувчи, ижтимоий ривожланиш қонуниятларига боғлиқ бўлган шароит, омил ва воситалар тизими тушунилади[13]. Мазкур кафолатлар умумий ва махсус  турларга бўлинади. Қонунийликнинг умумий кафолатларига иқтисодий, сиёсий, ғоявий, маънавий шароит ва воситалар киради. Махсус кафолатларга қуйидаги юридик шароит ва воситалар киради: а) қонунчиликнинг ҳолати, шу жумладан, унинг тўлиқлиги, барқарорлиги, юридик техниканинг даражаси, ҳуқуқий тартибга солишнинг фойдаланиладиган воситалари;  б) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш воситалари;                                                    в) ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва тўхтатиш воситалари;  г) юридик жавобгарлик ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларининг самарадорлиги; д) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, судлар ишининг сифати; е) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни  ижро  этиш устидан назорат қилиш даражасининг юқорилиги; ж) аҳолининг ҳуқуқий онги ва юксак ҳуқуқий маданияти.

Қонунийликнинг ушбу махсус кафолатлари бевосита давлат органлари юридик хизмати фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Юридик адабиётларда юридик хизматнинг бу борадаги фаолиятининг кўпроқ амалий жиҳатлари ёритилган. Масалан, А.Чашин – «юридик хизмат фаолиятининг йўналишларидан бири қонунийликни таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари хабарлари бўйича ўз вақтида чора кўриш устидан назорат қилиш ҳисобланади» – деб кўрсатади ва бу йўналишда юридик хизмат томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирларни санаб ўтади[14]. С.Айзин ва М.Тихомиров эса юридик хизматнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини «қонунийликни бузилишини олдини олиш бўйича ишлар»[15] деб юритадилар. К.Лебедев юридик хизматнинг асосий вазифалари ва функцияларини ёритган ҳолда унинг қонунийликни таъминлаш бўйича фаолиятини алоҳида йўналиш сифатида тадқиқ қилмасдан, фақат ташкилотнинг ички ва ташқи муносабатларини ҳуқуқий таъминлаш масалалари билан биргаликда баён қилиш билан чекланган[16].

Фикримизча, юридик хизматнинг давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашдаги иштироки – унинг энг муҳим фаолият йўналишидир, чунки юридик хизматнинг бошқа йўналишлардаги фаолиятида ҳам қонунийликни таъминлаш билвосита намоён бўлади. Юридик хизматнинг бу йўналишдаги фаолияти қуйидаги функцияларни: а) ташкилий; б) назорат; в) ҳуқуқий тарбия ишларини олиб бориш билан амалга оширилади.

Юридик хизматнинг ташкилий функцияси – қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамда ҳуқуқий ишлар даражасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Давлат органлари юридик хизматининг бу функцияси марказий аппаратда, шунингдек, унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан қонунчиликни тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилади ва амалга оширилади. Масалан, бирорта йўналиш бўйича қонун, Президент қарори қабул қилинса ва шу норматив-ҳуқуқий ҳужжат муайян вазирлик ёки идорага тегишли бўлса, шу вазирлик ёки идоранинг юридик хизмати уни ижро этиш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирларда иштирок этади. Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни[17] ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 мартдаги «Ташқи савдони янада эркинлаштириш ва савдо операцияларининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3624-сон Қарори[18] қабул қилинган. Мазкур қонун ва қарор ижросини таъминлаш ва уларни амалга ошириш механизмини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 11 июлдаги 219-сон буйруғи билан «Давлат харидларини ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар тўғрисида»ги Низом тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 20 августда рўйхатдан ўтказилган (рўйхат рақами 3057)[19]. Мазкур Низом агентликнинг юридик хизмати иштирокида ишлаб чиқилиб, белгилаган тартибда рўйхатдан ўтказилган.

Юридик хизматнинг назорат функцияси – у бажарадиган вазифалар ҳажми ва ваколат доираси бўйича асосий функция ҳисобланади. Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши унинг қонунийликни таъминлашга қаратилган фаолиятида мустақиллигини кучайтиришга йўналтирилаётганлигини кўрсатмоқда. Натижада юридик хизмат ходимлари нафақат давлат органлари раҳбарларига ёки бошқа мансабдор шахсларга ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар беради, балки қонунчиликка риоя қилиш устидан назорат қилиш функциясини ҳам кенг кўламда амалга оширади. Юридик хизмат давлат органлари фаолиятига тааллуқли бўлган барча қонунлар ва қонун ости ҳужжатларини, шу жумладан, ўзларининг локал ҳужжатлари ижроси устидан назоратни олиб боради.

Юридик хизматнинг назорат функцияси[20] – давлат органлари томонидан амалга ошириладиган назорат ҳамда назорат-таҳлилий фаолиятнинг таркибий қисми ҳисобланиб, у қуйидаги воситалар орқали амалга оширилади: 

1) давлат органлари, уларнинг тизими ёки таркибий бўлинмалари томонидан қабул қилинган қарорлар, буйруқлар ва бошқа ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатлар қонунга мувофиқлиги нуқтаи назаридан  текширилади ёки ўрганилади. Бунда асосан  юридик кучга кирган ҳужжат текширилади ва бундай ҳужжатнинг қонунга зидлиги аниқланса, юридик хизмат томонидан тегишли  чоралар кўрилади, яъни тегишли раҳбарга бу ҳақида ахборот берилади; 

2) давлат органи тизимидаги ташкилотларнинг ҳуқуқий ишлари аҳволини ва юридик хизмати фаолиятини текширади. 

Масалан, таъсис ҳужжатлари, хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, шунингдек талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш, давлат  органлари ва унинг таркибий бўлинмаларида қонунчиликка риоя қилинишини ўрганиш ва умумлаштириш юридик хизматнинг функциясига киради. Мазкур ишларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаб, давлат органи раҳбарияти ва ҳайъатига киритади.

Юридик хизматнинг ҳуқуқий тарбия ишида иштироки. Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш алоҳида ўрин тутади. «Халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим. Зеро, мустақиллик сўзининг замирида ҳам катта, улуғ ҳуқуққа эга бўлиш деган тушунча ётади. Яъни, мустақиллик нафақат ўзини эркин сезиш, ўз ҳаётини қуриш, балки ўз ҳаёт-мамотини ҳал этишда катта ҳуқуққа эгалик ҳам демакдир»[21].

Мансабдор шахслар ва ходимларнинг ҳуқуқий маданияти деганда, уларнинг ҳуқуқни билиши, тушуниши ҳамда унинг қоидаларини англаган ҳолда бажаришлари тушунилади. Уларнинг ҳуқуқий маданияти асосий юридик билимларни ўзлаштирганликларида, қонунни ҳурмат қилишида, ҳуқуқ нормаларини онгли равишда бажаришларида, юридик жавобгарликни тушунишларида ҳамда ҳуқуқбузарликка қарши курашнинг муқаррарлигини англашларида намоён бўлади. Мансабдор шахслар ва ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва билимларини ошириш ҳуқуқни ташвиқот қилиш ҳамда қонунийликни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш воситалари орқали рўёбга чиқарилади. 

Мустақиллик йиллари мобайнида аҳолининг, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, «Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати» деган ғоя остида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармони билан «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси» тасдиқланди[22]

Ушбу Концепцияда жумладан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

а) аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида «Жамиятда қонунга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!» деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;  

б) давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш;  

в) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш; 

г) юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш; 

д) жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлага-нидек, «шу борада яна бир муҳим ҳужжат – «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида» янги Қонун қабул қилинди. Унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имконияти янада оширилди. Бундан кейин фуқароларимиз ҳар қандай давлат органи, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳуқуқий ахборотни ҳеч қандай чекловсиз олиши кафолат-ланади»[23].  

Бизга маълумки, ҳуқуқий маданият даражаси фақатгина қонунларни билиш, ҳуқуқий маълумотлардан хабардор бўлишдангина иборат эмас. У қонунларга амал қилиш ва уларга бўйсуниш маданияти ҳам демакдир.  У одил судни ҳурмат қилиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиш эҳтиёжи демакдир. Профессор А.Черданцевнинг фикрича, қонунийликнинг ҳолати, биринчи навбатда, давлат аппаратига қанчалик даражада қонунийлик руҳи сингдирилганлигига, айнан шу ерда қонунийлик қанчалик мустаҳкамлигига бевосита боғлиқдир. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонунга итоаткорлиги ҳолати эса мансабдор шахслар фаолиятида қонунийлик ҳолатига боғлиқдир[24].

Бизнинг фикримизча, ҳуқуқий тарғибот ва тарбия, мансабдор шахслар                                                   ва фуқароларнинг қай даражада ҳуқуқдан хабардор бўлишлиги жамият ва давлатда қонунийлик ва адолатни қарор топтиришда муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Шу маънода, бундай йўналишдаги фаолиятнинг самарадорлик даражаси ҳам юридик хизматнинг вазифа ва функцияларини бажаришга боғлиқ. Агар ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жумладан, қонун ҳужжатлари ва локал ҳужжатларга (масалан, ички меҳнат тартиби қоидаларига) риоя қилинишига эришилса, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали эса, жумладан, ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши олди олинишига ҳам эришилади.

Мансабдор шахслар ва ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда юридик хизмат ҳуқуқий тарбиянинг қуйидаги шаклларидан кенг фойдаланади: 

ҳуқуқий таълим (ўқитиш ёки ўқиш); 

ҳуқуқий тарғибот (оғзаки ва оммавий ахборот воситалари орқали); 

қонунлар ва юридик амалиётнинг тарбиявий таъсири; ҳуқуқий ташвиқот; 

ҳуқуқий ахборот бериш; 

шахсий ҳуқуқий тарбиявий иш[25]

Ҳуқуқий тарбиянинг мазкур шакллари  монография ва бошқа илмий мақолаларимизда батафсил ёртилиганлиги сабабли уларнинг мазмуни-моҳияти, бир биридан фарқли жиҳатлари ҳамда уларни амалга ошириш механизмларига тўхталмасдан,  юридик хизматнинг бу борадаги фаолияти унинг энг муҳим фаолияти йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаш билан чекланамиз. 

Маълумки, давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бошқарув   органлари фаолияти бир-биридан тубдан фарқ қилганлиги учун уларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Масалан, ички ишлар органларига оид қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қишлоқ хўжалиги ёки енгил саноат соҳасидаги ҳужжатлардан ўзининг мақсади, мазмуни ва моҳиятига кўра тубдан фарқ қилиши табиий. Ҳар бир тармоқнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тегишли субъект фаолиятига тўғри ва аниқ татбиқ этишда юридик хизмат муҳим ўрин эгаллайди. Бошқача қилиб айтганда, муайян соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни  юбориш, эълон қилиш, ўз расмий  веб-сайтларига жойлаштиришни назорат қилиш, ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантириш; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритиш ҳамда раҳбарни, шунингдек, тегишли бошқарма (бўлим, хизмат) ходимларини бу ҳақда доимо хабардор қилиб туриш бевосита юридик хизматнинг вазифаларидан бирини ташкил этади. 

Давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятида юридик хизматнинг иштироки. Ҳуқуқ ижодкорлиги ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий, бошланғич бўғини, ҳуқуқий ишларнинг муҳим таркибий қисми  ҳамда давлат органлари юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади[26]

Маълумки, ҳуқуқ ижодкорлиги ўз ичига қонун ижодкорлиги ва бошқа қонун ҳужжатлари ижодкорлигини қамраб олади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятининг асосий йўналиши қонун ижодкорлиги бўлиб, бу жараёнда уларнинг юридик бўлимлари фаол иштирок этади.

Масалан, Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат юридик бўлимларининг фаолиятилари таҳлили қилинганда 2016 йил сентябрь ойидан 2018 йил сентябрь ойига қадар улар томонидан 80 дан ортиқ қонун лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, тегишли ҳуқуқий хулосалар тайёрланган. Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Медиация тўғрисида»ги, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ва бошқа қонун лойиҳалари шулар жумласидандир[27]

Юқорида кўрсатиб ўтилган ваколатлардан ташқари Қонунчилик палатаси   юридик бўлими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 237-II / 150-II-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш Қоидалари»[28]га мувофиқ Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида маъқуллаш учун юборишга тайёрлашда иштирок этади, шу жумладан қонунга илова қилинадиган қиёсий жадвални расмийлаштириш; қонун матнини расмийлаштиришга қўйиладиган техник талабларга риоя қилиниши ва қонун матнига виза қўйишни ваколатли шахслар – Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари, масъул қўмиталар раислари, Қонунчилик палатаси девонининг раҳбари, бўлим мудирлари амалга оширишини назорат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳуқуқ ижодкорлигида энг фаол иштирок этувчи орган ҳисобланади. У ўзининг бу фаолиятини қонун лойиҳаларини тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлар қабул қилиш орқали амалга оширади[29]. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан агар 2016 йилда жами 423 та қарор (шундан 216 таси норматив-ҳуқуқий ҳужжат) қабул қилинган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 1043 (558 таси норматив-ҳуқуқий ҳужжат) тани ташкил қилди[30]. Давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун буйруқ ва қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади[31]

Давлат бошқаруви органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколати Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни ва уларнинг Низомларида белгиланган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 500-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тўғрисида»ги Низом[32] вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. 

Амалдаги Низомга мувофиқ давлат бошқаруви органларининг юридик хизмати а) норма ижодкорлиги фаолиятининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида, амалга оширилиши ва бажарилишини назорат қилишда иштирок этади; б) давлат бошқаруви органи ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёхуд ишлаб чиқишда иштирок этади; в) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича эътироз ва таклифлар бўлмаса, уларга виза қўяди. Бунда лойиҳаларга юридик хизмат томонидан давлат органи ва ташкилотининг бошқа таркибий тузилмаларидан (ходимларидан) кейин виза қўйилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда хўжалик   ва ижтимоий-маданий соҳадаги, тармоқ бошқарувидаги ҳуқуқий ишларини яхшилаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимини такомиллаштириш, аввал қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш ва уларнинг сонини кўпайиб кетмаслиги зарурлигига эътиборни қаратиш лозим. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаб қўймаслиги керак.

Давлат бошқарув органи юридик хизматининг ҳуқуқ ижодкорлигида иштирок этишининг асосий шакли бу – ҳуқуқий экспертизадир[33]. Масалан, давлат бошқарув органлари юридик хизматлари 2016 йилда 305 та, 2017 йилда 481 та, 2018 йилда 564 та мазкур органларнинг умуммажбурий тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, тегишли ҳуқуқий хулосалар берганлар ва мазкур ҳужжатлар Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган[34]

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низомга мувофиқ давлат бошқаруви органининг юридик хизмати раҳбариятига тақдим қилинадиган буйруқлар, фармойишлар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади ҳамда улар бўйича эътироз                 ва таклифлар бўлмаса, виза қўяди[35]. Демак, юридик хизматнинг ҳуқуқий ишининг бу борадаги асосий вазифаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа юридик (ҳуқуқий) тусдаги ҳужжатларнинг қонунийлигини таъминлашдан иборат. 

Юридик (ҳуқуқий) тусдаги ҳужжатлар дейилганда, нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (йўриқномалар, низомлар, қоидалар) тушунилади, балки норматив характерга эга бўлмаган (ҳуқуқни қўллашга оид) буйруқ ва фармойишлар ҳам тушунилади. Масалан, ходимни ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ходимга таътил бериш каби буйруқлар норматив характерга эга бўлмай, балки муайян шахсгагина тааллуқли бўлади. Бундай буйруқлар ҳам ҳуқуқий экспертизада ўтказилиши шарт[36].

Юридик хизмат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини таҳлил этаётганда қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим: мазкур ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги етарли даражада асослантирилганми; давлат бошқарув органи мазкур ҳужжатни қабул қилиш ваколатига эгами; у амалдаги қонунчиликка зид эмасми; ундаги ҳаволаки нормалар тўғри қўйилганми; ушбу масала юзасидан аввал норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганми; лойиҳада назарда тутилган ҳуқуқий чоралар асослантирилганми; ҳужжатнинг шакли тўғри танланганми; янги ҳужжат  қабул қилиниши муносабати билан аввалги ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ёки уларни бекор қилиш масалалари унда ёритилганми.

Юридик хизмат лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизаси давомида мазкур лойиҳаларнинг уларда давлат бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлилини амалга оширади[37].

Юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси билан ишлашдаги фаолиятининг асосий мазмунини ҳуқуқий таҳрир қилиш ташкил этади. Юридик хизмат томонидан матнни таҳрир қилишдан мақсад ҳуқуқий ҳужжатни тушунарли бўлмаган, ноаниқ ифодалардан холи қилиш ва ундаги қоидаларни турлича талқин қилиш имкониятини бартараф этишдан иборат.

Асосий ижрочи томонидан тайёрланган лойиҳа тегишли таркибий бўлинмалар билан, зарур бўлган ҳолларда манфаатдор  давлат бошқарув органлари билан келишилади. Лойиҳада манфаатдор шахсларнинг визаси мавжуд бўлгандагина у келишилган ҳисобланади. Агарда манфаатдор шахсларнинг лойиҳа мазмуни бўйича эътирозлари бўлса, улар эътирозларини ва таклифларини ёзма равишда тақдим этадилар. Тайёрланган лойиҳа тегишли таркибий бўлинмалар билан келишилганидан сўнг, амалдаги қонунчиликка мувофиқлигини таҳлил этиш учун юридик хизматга топширилади. Юридик хизмат, агарда лойиҳа тегишли тартибда келишилмаган ва унда манфаатдор шахсларнинг визаси мавжуд бўлмаса ёки лойиҳа юзасидан келишмовчилик туғилган бўлса ва уни манфаатдор шахслар билан ҳал этиш имкони мавжуд бўлмаса, лойиҳага виза қўймасдан, мазкур масалани қонуний ҳал этиш бўйича ўз мулоҳазасини билдиради ёҳуд лойиҳани тегишли бўлинмалар билан келишиш учун қайтариб юборади.

Юридик хизмат томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва юридик амалиёт бўйича маълумотнома ишларини олиб бориш.

Юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва юридик амалиёт бўйича маълумотнома ишлари ўз ичига қуйидагиларни: 

а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини ташкил қилиш; 

б) таркибий бўлинмаларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матни билан таъминлаш; 

в) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни белгилаб бориш, бекор қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фойдаланишдан чиқариш ва бу ҳақда таркибий бўлинмаларни хабардор қилиш; 

г) суд амалиёти материалларини йиғиш кабиларни олади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш ва қонун ҳужжатлари расмий нашрларини сақлаш вазифаси юридик хизмат ходимига (юрисконсультга) юклатилади, юрисконсульт моддий жавобгар шахс ҳисобланади ва у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади. Унинг йўқлигида ушбу вазифа давлат бошқаруви органи раҳбари томонидан бошқа шахсга юклатилади[38]

Давлат бошқаруви органларининг юридик хизмати асосан ўзларининг соҳасига тегишли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни туркумлаштирилган ҳисобини юритишни таъминлайди ҳамда уларнинг сақланишини ташкил этади. Муайян давлат бошқаруви органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ туркумлаштирилган ҳисобини юритишни фақатгина шу органларнинг юридик хизматлари амалга ошира олади. Бу вазифани юридик хизматга алоқадор бўлмаган шахсга доимий равишда юклатилиши мақсадга мувофиқ эмас.

Юридик хизмат фақатгина расмий манбаларда эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиши лозим. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мазкур органларнинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир[39]

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасида мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий эълон қилиш жисмоний ва юридик шахслар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини даврий нашрларда, веб-сайтларда, қонун ҳужжатларининг электрон маълумот тизимларида эълон қилиш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга доир рисолалар, тўпламлар ва шарҳлар эълон қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Кодексларни, қонун ҳужжатлари тўпламларини нашр қилишда, шунингдек қонун ҳужжатларининг электрон маълумот тизимларини реализация қилишда улар нашр қилинаётган (реализация қилинаётган) санадаги назорат ҳолатига келтирилган бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб, юридик хизмат муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатини олиши билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матнига тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни белгилаб қўйиши лозим. Мазкур ҳолатда юридик хизмат ўзгартириш ва қўшимча киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг аввалги матнини, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ҳолатдаги матнини ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатининг матнини биргаликда сақлаши лозим. 

Бундан кўзланган мақсад: биринчидан, ҳуқуқ субъектларига қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида етиб боришини таъминлаш; иккинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг нотўғри қўлланилишини олдини олиш; учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга ёхуд ўз кучини йўқотгунга қадар келиб чиққан муносабатларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг олдинги таҳрири қўлланилишини эътиборга олишдан иборат.

Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинганда ҳам унинг эски, яъни ўз кучини йўқотган таҳрири сақлаб қолиниши керак. Чунки, айрим ҳолларда бир неча йил ёки бир неча ой аввал бўлиб ўтган ҳуқуқий муносабатлар бўйича низолар келиб чиқиши, шунингдек, мазкур муносабатларни шу пайтда тартибга солган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнига ўзгартириш ва қўшимча киритилган бўлиши ёки ўша ҳужжат ўз кучини йўқотган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда келиб чиққан низони ҳал этиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг эски матнига ёки ўз кучини йўқотган матнига мурожаат этиш талаб этилади. Бунга сабаб Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг (янги таҳрири) 31-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилган. Демак, қонуннинг мазкур моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эски матнлари билан тартибга солинган ижтимоий муносабатлар юзасидан келиб чиққан низоларни шу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ёки янги таҳрири матни қоидалари асосида ҳал этишга йўл қўйилмайди.


[1] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – 22.12.2017 // http://www.press-service.uz/uz/lists/view/1371

[2]  Қаранг: Отахонов Ф.Х. Проблемы юридической службы органов управления. – Т.: “Адолат”, 1993. – С.74-75

[3] Қаранг: Матузов Н.И., Малько А.В. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристъ, 2001.                – С.408; Морозова Л.А. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристъ, 2003. – С.348; Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 11-жилд.–Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” –Т.: Давлат миллий нашриёти, 2005.– 63 б.; Большая юридическая энциклопедия.– М.: Изд-во Эксмо, 2005. –С.194-195; Барихин А.Б. Большой юридический энциклопедический словарь. – М.: Книжный мир, 2005. – С.185. 

[4] Исламов З.М. Общество.Государство.Право. Книга вторая. Теория права.–Т.: “Адолат”, 1998.                   – С.238-242.

[5] Теория государства и права: Курс лекций / Под.ред. Н.И.Матузова и А.В.Малько. – Саратов, 1995.          – С.422.

[6] Потапов В.А. Законность и правомерное повидение граждан в условиях реформирования России (региональный аспект): Автореф. дисс…канд. юрид. наук. – Новгород, 1995

[7] Кудрявцев В.Н. Право как элемент культуры. // Ж.Право и Власть. – М.: 1990.– С.249.

[8] Қаранг: Малькин Н.С. О законности в условиях переходного периода // Теория права: новые идеи. Вып.4. – М.: ИГПАН, 1995. – С.27; Шабуров А.С. Законность и правопорядок // Теория государства и права: Учебник для вузов. – М. 1997. – С.436-437.

[9] Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2003.

[10] Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият. – Т.: “Ўзбекистон”, 2005. –5 б.

[11] Қаранг: Исламов З.М. Общество.Государство.Право. Книга вторая. Теория права.–Т.: “Адолат”, 1998. –С.245-250; Матузов Н.И., Малько А.В. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристъ, 2001. – С. 423-427.; Смиронова А.А. Обеспечение законности нормативно-правовых актов органов исполнительной власти субъектов Российской Федерации // Ж.Правоведение.–2003.–№3. –С.66-74; Жетписбаев Б.А. Обеспечение законности и дисциплины в системе деятельности органов исполнительной власти в Республике Казахстан // Инновации и образование. Сборник материалов конференции, Серия “Sumposium”, выпуск 29. – СПб, Санкт-Петербургское философское общество, 2003. – С.503-510.

[12] Исламов З.М. Общество.Государство.Право. Книга вторая. Теория права.– Т.: “Адолат”, 1998. –С.248; Шу ўринда, Россия Федерациясининг   “Россия Федерацияси субъектлари давлат ҳокимиятининг қонунчилик (вакиллик) ва ижроия органларини ташкил қилишнинг умумий принциплари тўғрисида”ги Федерал қонунининг бешинчи боби Россия Федерацияси субъекти давлат ҳокимиятининг қонунчилик (вакиллик) органи ва ижроия органлари  ҳамда олий мансабдор шахси фаолиятида қонунийликни таъминлаш деб номланган бўлиб, унда қонунийликни таъминлашнинг воситалари батафсил ёритилганлиги эътиборга моликдир. Қаранг: Электронный ресурс. Режим доступа: [http://www.cikrf.ru] свободный

[13] Морозова Л.А. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристъ, 2003. – С.351-352

[14] Қаранг: Чашин А.Н. Юридическая служба в Российской Федерации: учебное пособие. – М.: ЗАО ИКЦ “ДИС”, 2005. – С.96-98.

[15] Қаранг: Юридическая служба на предприятии: настольная книга юрисконсульта. Третье издание, дополненное и переработанное /С.М.Айзин, М.Ю.Тихомиров. – М.: 2003. – С. 12-16.

[16] Қаранг: Лебедев К.К. Правовое обслуживание бизнеса (корпоративный юрист): Учеб.-практ.  пособие. – М.: Юристь, 2001. – С.108-136

[17] Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни //Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.04.2018 й., 03/18/472/1050-сон.

[18] Қаранг: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.03.2018 й., 07/18/3624/0939-сон.

[19] Қаранг: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.08.2018 й., 10/18/3057/1783-сон.

[20] Қаранг: Юридическая служба в народном хозяйстве. Под ред.К.С.Юдельсон, И.М.Зайцев. – Изд-во Саратовского университета, 1976. – С.16–21; Отахонов Ф.Х. Юридическая служба в  Республике Узбекистан //Ташкент, «Адолат», 2008. С.76–78.

[21] Каримов И.А.Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида: Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 29 б.

[22] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармони// Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2019 й., 06/19/5618/2452-сон.

[23] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси // http://www.press-service.uz/uz/lists/view/1328

[24] Черданцев А.Ф. Теория государства и права: Курс лекций. – Екатеринбург, 1996. – С.249

[25] Батафсил қаранг: Отахонов Ф.Ҳ.  Юридик таълим: сифат ва самарадорлик // Huquq va Burch. – 2006. –№ 2. – 6-8 б.; Побежимова Н.И. Актуальные проблемы юридического образования в России. // Ж. Юридическое образование и наука. – 2003. – № 4. –С. 4.; Дудырев Ф. Российское юридическое образование в эпоху реформ (опыт сравнительно-исторического анализа). // Ж. Государство и право. – 2005. – № 1. – С. 89.; Акимова Т.И. Правовая пропаганда как способ формирования позитивных элементов правового сознания, определяющих показатель лояльности правосознания. // Электронный ресурс. Режим доступа: [http://tsu.tmb.ru] свободный; Крыгина И.А. Правовая культура, правовое воспитание и управление правовоспитательным процессом в современном российском обществе: Дисс.: канд. юрид. наук. Ростов-на-Дону - 1999 г.; Певцова Е. А. Правовое воспитание как средство формирования правовой культуры // Ж. Современное право. – 2003. – № 8.; Певцова Е.А. Современные дефинитивные подходы к правовой культуре и правовому сознанию // Ж. Журнал российского права. - 2004. – № 3; Отахонов Ф.Ҳ. Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва юридик хизмат -амалий қўлланма. – Т.: “Адолат”, 2018. – 34-36 б..

[26] Батафсил қаранг: Исламов З.М. Общество.Государство.Право. Книга вторая. Теория права. –Т.: Адолат, 1998. –С.98-103; Матузов Н.И., Малько А.В. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристъ, 2001. – С.297-306.; Морозова Л.А. Теория государства и права: Учебник. – М.: Юристъ, 2003. – С. 253-269;  Лазерев В.В., Липень С.В. Теория государства и права: Учебник для вузов . - 2-е изд., испр. и доп. – М.: Спартак, 2000. –Б. 276-283; Арзамасов Ю.Г. Ведомственное нормотворчество как тип юридической деятельности // Ж. Государство и право. –2006. – № 9.– С.11-17; Отахонов Ф.Х. Проблемы юридической службы органов управления. – Т.: “Адолат”, 1993. – С.126–140.. 

[27] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси // http://lex.uz/search/nat

[28] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 2011 й., 1-сон, 15-модда.

[29] Батафсил қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил, 14 февралдаги 62-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти», Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 августдаги 227-сон қарори билан тасдиқланган «Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш бўйича дастурларини тайёрлаш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторинги тартиби тўғрисида»ги Низом.

[30] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси // http://lex.uz/search/nat;   "Норма" ахборот-ҳуқуқий портали // https://www.norma.uz/uz/.

[31] Батафсил қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги                469-сонли «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2000 йил 19 майдаги 197-сонли «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорлари ва «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари» (рўйхат рақами 2565, 28.02.2014 й.).

[32] Қаранг: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.07.2018 й., 09/18/500/1475-сон.

[33] Саидов А. Қонун ҳужжатларини экспертиза қилиш – ҳуқуқий назария ва амалиёт бирлигининг инъикоси. – 14-20 б.; Исломов З., Чўллиев Ш. Правовая экспертиза, как средство обеспечения законности 27-32 б.Отахонов Ф. Юридик хизматнинг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича фаолияти. – 69-72 б. // “Қонун ҳужжатларини экспертиза қилиш муаммолари”. Илмий-амалий семинар материаллари. –Т.: 2005. – 198 б; Файзиев О. Ҳуқуқий экспертиза идоравий норматив-ҳуқуқий ­ҳужжатлар сифатини яхшилайди // http://huquqburch.uz/uz/article/5170; Дадажонов А., Парпихўжаев Н.,  Шодиев Ш. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби бўйича Услубий   қўлланма // www.minjust.uz/.

[34] Қаранг: Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умуммажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳолати тўғрисида 2016, 2017 ва 2018 йиллар учун Рўйхати //"Норма" ахборот-ҳуқуқий портали // https://www.norma.uz/uz/.

[35] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низом //Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил 30 январь, 4-сон, 50-модда.

[36] Қаранг: Мась Л. В. Руководство юрисконсульта для предприятий различных форм собственности  /Серия: Закон и практика. – Санкт-Петербург: Питер, 2005. – С.63–69; Отахонов Ф.Ҳ. Ўзбекистон Республикасида юридик хизмат (назарий ва амалий муаммолар). Монография.–Т.: Адолат, 2007.– 136-138-б. 

[37] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 9 апрелда 2352-сон билан рўйхатга олинган, Адлия вазирлиги Буйруғи билан тасдиқланган «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида Услубий кўрсатмалар»нинг VII, IX боблари // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 15-сон, 173-модда

[38] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 14 февралда 2326-сон билан рўйхатга олинган, Адлия вазирлиги Буйруғи билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш Қоидалари”// Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 7-сон, 72-модда; 2015 й., 3-сон, 38-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.05.2018 й., 10/18/2326-2/1229-сон.

[39] Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” ги Қонуни (янги таҳрири)// Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон,  03/18/459/0536-сон, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон.


Юклаб олиш


«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930